Меню

Қашқадарё

23.05.2017 2031

ЖИНОЯТ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ЎЗ ВАҚТИДА АНИҚЛАНМОҚДА

ҚИДИРУВДАГИ БУЗҒУНЧИЛАР ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Мамлакатимиз конституциявий тузумига қарши кўплаб жиноятларни содир этганликда айбланиб, бир қанча вақтдан буён қидирувда бўлган Ш.Муродов қўлга олинди.

Ш.Муродов - 1989 йилда туғилган. Қарши шаҳри 6-миттитумандаги хонадонлардан бирида рўйхатда турган. Унга нисбатан Қарши шаҳар ИИБ томонидан қидирув эълон қилинган.

У Ўзбекистон Республикасининг конституцион тизимига қарши ҳаракатларни амалга ошириш, диний экстремистик ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш, давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш каби жиноятларни содир этиб, жазодан қутилиб қолиш мақсадида яшириниб келаётган эди.

1995 йилда Қарши шаҳрида туғилган М.Қутлиев эса безорилик жиноятини содир этган. Шундан сўнг жазодан қутулиб қолиш мақсадида яширинган ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбланиб, Қарши шаҳар ИИБ томонидан қидирувда бўлган.

"Бузоқнинг югургани сомонхонагача", дейди халқимиз. М.Қутлиев ҳам муқаррар жазодан қочиб қутулолмади. У 18 май куни ўтказилган профилактик тадбирлар вақтида қўлга олинди.

ҲОВЛИДА САҚЛАНАЁТГАН СЕЛИТРА

Чироқчи тумани Чорвадор ҚФЙ Шамолқудуқ қишлоғида яшовчи фермер Ғ.Бегматовнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у ҳовлисида 1600 килограмм миқдорда азотли селитра минерал ўғитини ноқонуний сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Мавжуд тартибга кўра, ушбу турдаги минерал ўғитларнинг йўқолиши, ўғирланиши ҳолларига, портловчи моддаларни яширин тайёрлаш учун ундан компонент сифатида фойдаланиш имкониятига йўл қўймаслик мақсадида уни белгиланмаган жойларда, аҳоли хонадонларида ноқонуний сақлаш тақиқланади.

Бунга амал қилмаган фермердан давлат баҳоси 1 миллион 80 минг 960 сўмлик минерал ўғитлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

"МЕРОС ҚОЛГАН" МИЛТИҚЛАР ТОПШИРИЛДИ

Миришкор тумани Вори қишлоғида яшовчи Т.Рўзиқулов 1957 йилда ишлаб чиқарилган 1 нилли 20 калибрли "Тоз-18" русумли ўқотар ов қуролини марҳум отасидан қолган эсдалик буюм сифатида ўз хонадонида сақлаб келаётган эди.

ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида у қилмишининг оқибатларини тўғри англаб, мазкур қуролни ихтиёрий тартибда топширди.

Шунингдек, ушбу туманнинг Миришкор қишлоғилик О.Ҳайитов ҳам марҳум отасидан қолган 1950 йилда ишлаб чиқарилган 1 нилли 16 калибрли пилта милтиқни ва 22 дона яроқсиз ҳолдаги гильзани ўз хоҳиши билан ИИБ ходимларига келтириб берди.

ТЕЛЕФОН "ПАМЯТЬ"ИДАГИ ТАҚИҚЛАНГАН ФАЙЛ

Маълумки, диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализмни тарғиб этувчи ва мамлакатимиз конституциявий тизимига зид бўлган турли ғоялари сингдирилган материалларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш,  тарқатиш, сақлаш тақиқланади. Аммо айрим кимсаларнинг бу ишни турли йўллар билан амалга оширишга уринаётганлиги ачинарлидир.

Деҳқонобод туманида жойлашган "Чак-Чак" ЙПХ масканида вилоят ИИБ кинология ва йўл пости хизмати ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида 1992 йилда туғилган, Қамаши туманида яшовчи Й.Жўраев худди шундай ҳаракатларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинди.

 У "Дамас" русумли автомашинада Термиз-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётганда тўхтатилиб, улови текширувдан ўтказилганда, унга тегишли қўл телефонининг хотирасида бир нечта диний экстремистик мазмундаги материаллар борлиги аниқланди.

БОШҚА ҲОЛАТЛАР

Паспорт-виза тизими бўйича ўтказилган текширувларда белгиланган муддатда фуқаролик паспортини олмаган 27 нафар, амал қилиш муддати ўтган паспорт билан яшаётган 67 нафар фуқарога нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар тузилди.

Шунингдек, 415 та ўрта мактаб, 76 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг давомати ўрганилди. Ўрганиш давомида дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган ўқувчиларнинг яшаш манзилларига бориб, ота-оналарига таълим мажбурий эканлиги тушунтирилиб, муҳокама этилди.

Фарзандини асоссиз равишда дарсга юбормаётган 26 нафар ўқувчининг ота-оналарига нисбатан белгиланган равишда маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ва унинг қуйи тизимлари томонидан жами 826 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди. Ушбу қоидабузарликларнинг 517 таси қўпол қоидабузарликлардир. Яъни  23 тасини спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситасини бошқариш, 173 тасини белгиланган тезликка, 13 тасини светофор ишораларига риоя қилмаслик, 178 тасини одам ташиш, 119 тасини қувиб ўтиш қоидасини бузиш ва 11 тасини бошқа қоидабузарликлар ташкил этади.

Бир сўз билан айтганда, кун давомида ИИБ ходимлари томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда 10 минг 321 та хонадон ўрганиб чиқилди. Мулоқотлар асосида аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.

Ж.БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!