Меню
Қашқадарё
ЖИНОЯТ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР СОНИ КАМАЙИШИГА ҚАНДАЙ ЭРИШИШ МУМКИН?
ҚЎЙ ЎҒРИСИ УШЛАНДИ
Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасидан маълум қилишларича, шу йилнинг 4 сентябридан 5 сентябрга ўтар кечаси Яккабоғ тумани Наврўз қишлоғида яшовчи, 1979 йилда туғилган Саттор Эгамовнинг “Соҳибқирон” фермер хўжалиги даласидан 29 бош қўйи ва 6 бош эчкиси номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган. Профилактика тадбирлари давомида олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни шу қишлоқда яшовчи, 1994 йилда туғилган Ф.Н. содир этгани аниқланди ва мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
ТОКЗОРДАГИ ВОҚЕА
Маълумки, жамиятда барқарорлик ҳукм суриши, маънавий қадриятлар бардавом бўлиши одамларнинг хулқ-атворига кўп жиҳатдан боғлиқ. Агар инсоннинг хулқи гўзал, яхши тарбияли бўлса, ундан фақат эзгу ишлар кутиш мумкин. Аксинча бўлса... Бунинг оқибатлари кўп. Ёмон хулқ пировардида кишиларни жаҳолатга етаклайди. Жаҳолат эса ҳар қандай жамиятни тубдан емиради. Шу боис унга қарши кураш кескин ва муросасиз бўлади. Бироқ жамиятда шундай одамлар ҳам учрайдики, бузуқ нафсини дея ҳар қандай тубанликдан ҳам тап тортишмайди.
Масалан, Шаҳрисабз тумани Хитой қишлоғида яшовчи, 1994 йилда туғилган қиз С.Р. айни ўқийдиган, касб-ҳунар ўрганиб, ўзига, оиласига наф келтирадиган ёшда бўлса-да, номақбул ишлар билан шуғулланишни маъқул биладиган кўринади. Йўқса, у Оқдарё ҚФЙ Занги қишлоғида жойлашган узумзорда Синабоғ маҳалласилик Ш.Т. билан пул эвазига интим муносабатга киришмасди.
Натижада С.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Шаҳрисабз тумани маъмурий судига юборилди.
Шунингдек, Қарши тумани Керайит қишлоғида доимий рўйхатда туриб, Қарши шаҳри Рогузар маҳалласида яшовчи аёл Л.Д. ўзи яшаб келаётган уйнинг алоҳида хонасида Қарши шаҳрилик А.Ж. ва Касби тумани Майманоқ қишлоғида яшовчи қиз Ш.Ҳ. учун шароит яратиб бериб, бунинг эвазига Ш.Ҳ.дан 21 минг сўм олиб, қўшмачилик қилган. Ушбу ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ё ҚОНУНГА РИОЯ ЭТГИСИ ЙЎҚ, Ё ТУЗАЛИШНИ ИСТАМАЙДИ
Инсон жамият учун хавф туғдир(ади)ган қилмиши учун қонун олдида жавоб беришга мажбур. Тегишли жазони ўтаганидан сўнг ҳам маълум муддат унинг хатти-ҳаракатлари, қилаётган ишлари назоратда бўлади. У яна бошқаларга таъсир кўрсатмайдими, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятга қўл урмайдими, буни билиш ва навбатдаги жиноят содир бўлишига йўл қўймаслик даркор.
Китоб тумани Чармгар маҳалласилик Баҳодир Турсунов илгари судланган, шу боис маъмурий назоратда турган. Бироқ у яхши томонга ўзгарганини кўрсатиш ўрнига маъмурий назорат қоидаларини бузган. Натижада унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 206-моддасига асосан тўпланган ҳужжатлар бўйича 149 минг 775 сўм миқдорида жарима белгиланди.
Шунингдек, Қамаши тумани Гулобод қишлоғида яшовчи Дилшод Мухторов, шу туманнинг Қушчи қишлоғида яшовчи Улуғбек Норқобилов, Муборак тумани Геолог маҳалласида истиқомат қилувчи Итолмас Хўжаев илгари судланган бўлишига қарамай маъмурий назорат қоидаларига риоя қилмагани сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўрилди.
ҚОЧИБ ҚАЕРГА ҲАМ БОРАРДИ
Қидирув-суриштирув ишлари давомида олинган маълумотлар асосида жиноят содир этиб, суд ва дастлабки тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги жиноятчилар ушланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун Қарши шаҳар ИИБ томонидан қидирувда бўлган, 1989 йилда туғилган, Миришкор тумани Янги Жейнов маҳалласида яшаган Анвар Тошев, Жиноят кодекси 105-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун Миришкор тумани ИИБ томонидан қидирувда бўлган, 1999 йилда туғилган, Миришкор тумани Обод қишлоғида яшаган Салоҳиддин Раимов қўлга олинди.
ЭНГ АСОСИЙСИ, ҲУЖЖАТЛАР ЖОЙИДА БЎЛИШИ КЕРАК
28 сентябрь кунидаги паспорт-виза тадбири жараёнида доимий ёки вақтинча яшаш тартибини бузган 56 нафар ва бошқа қоидабузарликлар содир этган 151, жами 207 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 223-моддаси бўйича маъмурий баённомалар тузилди.
Вилоят ҳудудида доимий паспорт рўйхатидан ўтиб яшовчи 221 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс, 34 нафар хорижий фуқаро учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси билан истиқомат қилаётган шахслар ва 27 нафар МДҲ давлатларидан келиб вақтинчалик паспорт рўйхатидан ўтиб яшаётган фуқаро текширилиб, уларга Ўзбекистон Республикасида бўлиш, турар жой танлаш тартиб-қоидалари тушунтирилди.
Вилоят ҳудудида доимий паспорт рўйхатидан ўтган 1396 нафар фуқаро номига янги биометрик паспорт расмийлаштириш учун электрон талабнома шакллантирилди, 1118 та биометрик паспорт ўз эгаларига топширилди. Бундан ташқари, 142 нафар 16 ёшга тўлган биринчи марта биометрик паспорт олаётган ўсмирлар бўйича ҳам электрон талабнома тузилди.
ТЕГИШЛИ ҲУЖЖАТИ ЙЎҚ, БОЗ УСТИГА ПОРНОГРАФИК МАЗМУНДАГИ ДИСК СОТГАН
Ҳар нарсанинг ўз тартиб-таомили, қонун-қоидаси бор. Бироқ буни диск сотувчилар билишмайди чоғи, исталган жойга ўрнашиб, савдони қизитиб юборишади. Қизиғи, уларнинг аксарияти на бир ҳужжат, на бир рухсатнома олишнинг пайида бўлишади. Ҳарҳолда қонуний асосда диск сотиш билан шуғулланадиган тадбиркорни кам кўрамиз. Ҳолбуки, улар пуллаётган дискларнинг ҳаммасини ҳам маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга мувофиқ келади, деб бўлмайди.
Тадбирлар давомида аниқланишича, Қарши шаҳридаги “Нахшаб дарвозаси” бозори рўпарасидаги кўчада Р.Курганбаев ҳеч бир ҳужжатсиз ичида порнографик мазмундаги фильмлар бўлган жами 154 дона ДВД ва СД дискни 2000-2500 сўмдан сотган. Ушбу дисклар холислар иштирокида расмийлаштириб олинди ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича тўпланган ҳужжатлар ва ашёвий далиллар қонуний чора кўриш учун Қарши шаҳар маъмурий судига юборилди.
Бундан ташқари, Муборак туманидаги Ширинбулоқ ЙПХ масканида олиб борилган тадбир давомида, Хоразм вилояти Қўшчинор туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган М.Маткаримовга тегишли қўл телефони хотирасида порнографик мазмундаги видеороликлар борлиги аниқланиб, унга нисбатан ҳам ҳужжатлар тўпланди ва қонуний чора кўриш учун Қарши тумани маъмурий судига юборилди.
ҚОНУНИЙ ЕНГИЛЛИК “ОҒИР” КЎРИНИБДИ...
Ҳар қандай қонун адолат ва инсонпарварликни кўзламас экан, унинг ҳеч қандай қиймати, фойдаси бўлмайди. Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда жиноий жазолар либераллаштирилиб, озодликдан маҳрум қилиш ҳоллари қисқартирилди. Бу эса адашган, буни англаб тузалиш йўлига кирган кишиларнинг кейинги ҳаёти учун аҳамиятли. Айримлар эса берилган имкониятни тўғри баҳолай олмай яна нотўғри йўлдан қадам ташлаши ажабланарли.
Жумладан, Муборак тумани Пахтакор маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган маҳкум Эркин Бозоровга нисбатан жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судининг 2016 йил 18 мартдаги ҳукмига асосан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Бироқ у жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келган. Натижада жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судининг 2017 йил 21 сентябрь кунидаги ажримига асосан ўталмай қолган 2 йил 5 ой 19 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Шаҳрисабз тумани Дуқчи қишлоғида яшовчи, 1964 йилда туғилган маҳкум Номоз Имомов жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судининг 2015 йил 11 декабрдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 270-модда 1-қисми ва 276-модда 2-қисми билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судининг 2017 йил 24 мартдаги ажримига асосан ўталмай қолган 3 йил 8 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Бироқ маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келган ва шу сабабли жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судининг 2017 йил 28 сентябрдаги ажримига асосан ўталмай қолган 3 йил 8 ой 17 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.
Қарши тумани Мевазор МФЙ Наврўз қўрғонида яшовчи, 1978 йилда туғилган маҳкум Д.Боймирзоева муқаддам Жиноят кодекси 131-моддаси 2-қисми “а” банди, 138-моддаси 1-қисми ва 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилган. 8 йил 6 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 2 йил синов муддати белгиланган. Бироқ у ҳам қонунга риоя этишни эмас, ўз майлича яшашни афзал кўрган. Бунинг оқибати шу бўлдики, жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг 2017 йил 14 сентябрдаги ажримига асосан ўталмай қолган жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Умуман олганда, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган профилактика тадбирлари қамрови ва аҳамияти тобора кенгайиб бормоқда. У ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишида, осойишталик таъминланиши ва кўнгилсиз ҳодисалар юз бериши олди олинишида, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошишида намоён бўлаётгани эса эътиборлидир.
Б.САЙФИЕВ