Меню

Қашқадарё

26.08.2017 1854

ЖИНОЯТ СОДИР ЭТМАГАН, БИРОҚ СУДЛАНГАНЛАР РЎЙХАТИДА. НЕГА?

Масалан, Касби туманилик Шерзод Холиёров (исм-фамилия ўзгартирилган) икки фарзанднинг отаси, оиласи билан тинч-тотув яшаб келади. Маҳаллада ўз обрў-эътиборига эга кишилардан. Ёши ўттиздан ошди, шу вақтгача биров билан сен-менга борган эмас. Табиатан мўмин-қобил йигит.

Бир муддат илгари у геология-қидирув ишлари билан шуғулланадиган ташкилотга ишга кирмоқчи бўлиб мурожаат қилади. Шахсига оид ҳужжатлар текшириб кўрилганда, унинг муқаддам судланганлиги тўғрисида маълумот пайдо бўлади. Бу нохуш хабардан Шерзод карахт бўлиб қолади. “Нега бундай бўлади? Қачон судланганман?” - бу каби саволлар унга тинчлик бермайди. Тезгина тегишли органларга мурожаат этиб, бу ҳолатга аниқлик киритишда амалий ёрдам беришларини сўрайди. Бироқ мурожаат қилинган идоралардан ҳеч қандай ёрдам, жўяли бир маслаҳат ололмайди. 2-3 ойлик сарсонгарчиликдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонасига боради. Ўрганишларда аниқланишича, худди шу исм-фамилияли, ҳатто отасининг исми ҳам бир хил бўлган яна бир фуқаро бор экан, аммо у Касбида эмас, Қарши туманида яшаркан. У 2011 йилда йўл-транспорт ҳодисаси содир этганлиги учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан  маҳрум этилган. 2016 йилда эса фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлагани учун яна қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Вилоят ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, бу икки фуқаронинг исми-шарифи бир хил бўлгани боис англашилмовчилик юзага келган. Аслида ички ишлар идораларидан бошланган бу чалкашлик. Чунки, ахир исм-фамилиялар бир хил бўлгани билан уларнинг туғилган  йилида тафовут бор-ку. Бири 1983, иккинчиси эса 1986 йилда туғилган. Қолаверса, улар бошқа-бошқа туманларда яшашади.

- Яхшиям Халқ қабулхоналари бор экан. Бўлмаса билмадим яна қанча вақт сарсон бўлардим, - дейди Шерзод Холиёров. – Кимнингдир масъулиятсизлиги менга қимматга тушарди балки. Мурожаатим эътибордан четда қолдирилмай тезкор кўриб чиқилганидан, шундай тизим йўлга қўйилгани учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман.

Бу каби қалтис англашилмовчиликлар  барчамиздан ўз ишимизга танқидий қараб,         шахсий масъулият ва жавобгарликни ошириш, одамларга янада яқин бўлишимиз кераклигини англатади.

Келиб тушган мурожаатлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари чуқур ўрганилса, ижобий ҳал этилса, кўплаб кўнгилсизликларнинг вақтида олди олинади. Чунки инсон манфаати, шаъни – ҳар нарсадан устун.

М.МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!