Меню

Қашқадарё

15.09.2018 1753

ЖИНОЯТ КЎПАЙГАНМИ Ё ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТ ИДОРАЛАРИ ЯХШИ ИШЛАЯПТИМИ?

Давомат тадбирлари асосида 3 нафар ота-онага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, сабабсиз дарс машғулотларида қатнашмаётган 11 нафар ўқувчи таълимга қайтарилган.

Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмалари бандларини бажармаётган 11 фуқарога маъмурий чоралар кўрилган, ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 2 та бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган ва носоз электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган.

Бунгача эса...

КАЛИШДАГИ ОПИЙ

Инсон ёши улғайгани сари ҳаётнинг паст-баландини, оқ-қорасини таниб, англаб боради. Қари билганни пари билмас, деганлари чин. Аммо ҳаётда шундай кишилар ҳам борки, ёши кексайиб, невараларига, ёшларга ўрнак бўлиш ўрнига одам номига иснод келтирадиган юмушлар билан шуғулланиб юришади. Тўрингдан гўринг яқин, инсофга келсанг-чи, дейдиган мардум ҳам топилмайди бундай чоғларда.

Миришкор тумани Маданият маҳалласида яшовчи нафақахўр Б.Холбоева ҳам оз эмас, кўп эмас, 63 ёшда. Бир қарашда бу онахон қонунга хилоф иш қиладиганга ўхшамайди. У туман марказидаги ФҲДЁ бўлими ёнида кетиб бораркан, унинг хатти-ҳаракатлари ички ишлар ходимида шубҳа уйғотди. Текширув жараёнида эса Б.Холбоеванинг калиши ичида целлофан пакетга ўралган сарғиш рангли, нам ҳолатдаги ўсимлик талқони ва қорамтир рангли модда борлиги аниқланди. Экспертиза таҳлиллари ўсимлик талқони кўкнор хашаги экани ва соф оғирлиги 1,2 граммлиги, наригиси эса оғирлиги 0,15 грамм бўлган опий гиёҳванд моддаси эканлигини кўрсатди.

Тўғри, мазкур ҳолатни хаспўшлайдиган важлар кўп. Кимдир тирикчиликни, кимдир билмаганини, яна биров билиб туриб адашганини айтади. Нима бўлганда ҳам жавобгарлик муқаррар. Яна бир жиҳати, гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларидан бугун бехабар одам топилмагани ҳолда бундай ишга қўл ураётган ҳар бир онгли киши қилмиши қонун-ку майли, виждон ва ахлоққа ҳам тўғри келмаслигини тушуниши керак.

Мазкур ҳолат бўйича Миришкор тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодекси 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Туман ФҲДЁ бўлими ёнида худди шундай яна бир жиноят содир этилди.    Муборак тумани 2-миттитуманда рўйхатда турувчи, 1975 йилда туғилган       Ш.Назаров Г. исмли шахсга 1 миллион сўм пул эвазига гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтда ушланди. У билан бирга бўлган, Чироқчи тумани Қўчқорбулоқ қишлоғида рўйхатда турувчи, 1975 йилда туғилган    Р.Элмуродов бошқарувида бўлган “Ваз-21011” русумли автомашина ички қисми орқа ойна тагидан эса гугурт қутиси ичидаги қорамтир-малла рангли, ўткир ҳидли модда аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.

Вилоят ИИБ ЭКБ эксперти маълумотномасига кўра, автомашинадан топилган модда таркибида морфин, кодеин, тебаин алкалоид гиёҳванд моддалари бор ва у опий деб аталади, оғирлиги 3 грамм. Г. исмли шахсга сотилган модда ҳам опий бўлиб, вазни 3,81 граммга тенг.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

ТИЛЛА ЎҒРИЛАРИ

Бозор – ўз номи билан бозор, унда ўғриям, тўғриям бўлади. Шунинг учун бу ерга эҳтиётини қилиб кирган киши хотиржам тарзда чиқиб кетиши мумкин.

Чироқчи тумани Ғаллакор қишлоғида яшовчи, 1976 йилда туғилган С.А.га бозор бегона эди, деб бўлмасди. Тиллавор савдосида суяги қотиб келаётганди. Тумандаги Қорабуруқ қишлоғида жойлашган “Кўктош Баракаси” МЧЖ бозорида экан, нимадир бўлдию, чарм сумкасидаги 97 миллион 348 минг сўмлик тилла тақинчоқлари ва    3 минг АҚШ доллари ҳамда ўзи билан бир қишлоқда яшовчи К.Г.га тегишли 19 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ўғирлаб кетилганини пайқаб қолди.

Чироқчи тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни содир этган 4 нафар хотин-қиз қўлга олинди ва Жиноят кодекси 169-модаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЯШИРИН ЦЕХ ФАОЛИЯТИ ТЎХТАТИЛДИ

Яширин фаолият кўрсатишнинг зарари шундаки, аввало, бу қонунга зид, қолаверса, тайёрланаётган маҳсулотнинг аҳоли саломатлигига жиддий зиён етказмаслигига кафолат йўқ, давлат бюджетига белгиланган солиқ ва тўловлар тўланмайди ва ҳоказо.

Шаҳрисабз шаҳри Кунчиқар маҳалласида яшовчи, 1948 йилда туғилган С.Авлоқулов яшаш хонадонида ташкил қилган цех юқоридаги фикримизга далил бўла олади. Бугун юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун жуда катта имкониятлар яратилган бир вақтда С.Авлоқуловнинг яширин йўлни танлагани ғалати. Тўғри, солиқ тўламай қанчадир даромадга эга бўлиш мумкин, бироқ токайгача?! Кўза кунда эмас, кунида синади, деб бежиз айтишмаган ахир.

Ўрганиш давомида хонадонда ёғ-мой ишлаб чиқариш цех қурилмаси, 3 дона жувоз ускунаси, 29 қоп чигит, 16 қоп зиғир ва 140 килограмм ёғ борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ТБ томонидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ҚИМОРДА ТИЛЛОДАН ҲАМ ҚИММАТИНИ ЮТҚАЗИШДИ

Профилактика тадбирлари давомида Қарши тумани Мирмирон маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган С.М. ўз уйида маҳалладошлари М.М. ва С.М. билан 176 минг сўм пул тикиб, қимор ўйнаётгани аниқланган.

Қарши тумани Қуйи Бешкент қишлоғида яшовчи Х.Ш. ҳам ўз маҳалладошлари билан 120 минг сўм пул тикиб, қимор ўйнаган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 191-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман маъмурий суди томонидан уларнинг ҳар бирига энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бу айтишга осон, бироқ ушбу йигитлар ҳаётининг олтинга тенг даврини қиморга тиккани ва бой берганини англармикан? Ахир, умр бир марта берилади, унинг ҳар они ғанимат, ҳар фурсатидан унумли фойдаланиб қолиш керак.

Яна бир жиҳати, қиморбозлик бугун асосан ёшлар орасида “урф”га айланган. Катталарнинг кўзи қаерда, деган савол туғилади. Айнан қимор сабаб қанча одамнинг умри хазон бўлгани, неча-неча оилаларга путур етганини унутиб қўймадикми? “Ҳа, болалар бир карта ўйнаса ўйнабди” қабилидаги бепарволик эртага жиддий жиноятларга йўл очишини биламизми?

КЕСКИН ЧОРАЛАРСИЗ КАМАЙТИРИБ БЎЛМАЙДИ

Ҳаётда ҳар бир киши ўз соҳилини ўзи белгилайди: биров илм йўлини танласа, бошқаси яхши бир ҳунарнинг бошини тутади. Яна кимдир умр тўлқинлари қаерга бошласа, ўша томонга кетади. Баъзилар борки,   нафси бошлаган йўлни маъқул кўради. У келтирадиган иснод, юзи қоралик, ўчмас доғ эсга олинмайди. Кейинги вақтларда тобора кўпайиб бораётган фоҳиша(боз)лик ҳақида айни шу фикрларни билдириш мумкин. Амалиёт шуни кўрсатаяптики, бу борада қатъий чораларга ўтиш вақти келди. Чунки фоҳишаликни касб қилганларга аксар ҳолларда қўлланаётган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги жарима ушбу жирканч қилмишни буткул чеклашга камлик қилаяпти. Жазо кескин бўлмас экан, хулқи бузуқ кимсалар кўпайиб бораверади.

Масалан, Шаҳрисабз шаҳри Тепарлик маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган Х.М. таниши, 1986 йилда туғилган Э.Б. билан 16 минг сўм эвазига муносабатга киришган. Миришкор тумани Янги Миришкор маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган С.У. маҳалладоши, 1988 йилда туғилган А.О.га 50 минг сўмга “хизмат кўрсатган”. Китоб тумани Яккасарой маҳалласилик, 1988 йилда туғилган Р.Г. 20 минг сўм эвазига фоҳишалик қилган.

Албатта, ҳолатлар жуда кўп. Улардан ундирилган жарималар ҳам. Аммо асосий мақсад фоҳишалардан жарима ундириш эмас, бундай қилмишга мутлақ чек қўйиш эмасми?!

ЭСКИ, БИРОҚ БАРИБИР ҚУРОЛ-ДА

Ота-боболаримиз ов қилиш ва шунга ўхшаш мақсадларда турли ўқотар қуроллардан фойдаланган. Улар бугун анча эскириб, яроқсиз ҳолга келгани билан   номи қурол, у ёқ-бу ёғини эпақага келтириб, бошқаларга хавф туғдирадиган воситага айлантириш мумкин. Шунинг учун Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш мумкин эмас. Бордию бундай қуроллар ота-боболаримиздан сақланиб қолган бўлса-чи? Улар белгиланган тартибда топширилиши керак, акс ҳолда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу асосда олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида Шаҳрисабз тумани Водриқ қишлоғида яшовчи, 1964 йилда туғилган Тўйчи Қобилов эски     омборхонасини таъмирлаш вақтида девор орасидан топиб олган, марҳум отаси Ғузор Қобиловга тегишли бўлган 1 нилли ўқотар ов қуролининг стволини ўз ихтиёри билан туман ИИБга топширди.

Миришкор тумани Ўзбекистон маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган Давлат Кенжаев ҳам эски молхонасини бузаётган вақтида девор орасидан 2 нилли, Тоз-8 русумли, 80903-65 рақамли ўқотар ов қуролини топиб олиб, қонунга мувофиқ иш тутишни маъқул кўрди.

Деҳқонобод тумани Чўқмозор қишлоғида яшовчи Баши Худойқулова марҳум турмуш ўртоғидан қолган 1 нилли, 16 калибрли, рақами ва ишлаб чиқарилган санаси ноаниқ ўқотар ов қуролини ички ишлар идорасига келтириб берди.

Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳрида тан жароҳатлари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш мақсадида “Тиғ” тадбири ўтказилиб, шаҳарда ҳайдовчилик билан шуғулланувчи 28 киши ёнида ўткир тиғли пичоқ олиб юргани аниқланди ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Юқоридаги ҳолатлардан бир савол келиб чиқади: жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони нега кўп: қонунни писанд этмайдиганлар кўпайганми ё ҳуқуқ-тартибот идоралари яхши ишлаяпти? Албатта, иккинчиси бўлгани ҳаммага маъқул. Аммо амалиёт ушбу идоралар ходимлари кўп ҳолларда “пожарный метод” асосида, жиноятнинг вақтида олдини олишдан кўра уни рўйхатга олиб, оқибатлари билан ишлаётганини кўрсатаётгани кишини чуқур мушоҳадага чорлайди…

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!