Меню
Қашқадарё
ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА КЎКДАЛА ТУМАН СУДИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Суд тизими
Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 27 май куни "Қашқадарё вилояти таркибида Кўкдала тумани ташкил этилиши муносабати билан суд тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга имзо чекди.
Мазкур ҳужжатга биноан вилоятимизда жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман суди ташкил этилиб, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман суди ва Чироқчи туман иқтисодий суди ўзларининг мавжуд штат бирликлари доирасида тегишинча фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди ва Чироқчи туманлараро иқтисодий суди этиб қайта ташкил этилди.
Фармонга кўра, Кўкдала тумани фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди, Чироқчи туманлараро иқтисодий суди ва Қарши туманлараро маъмурий судининг юрисдикция ҳудудига киритилди.
Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг битта судья ва битта судья ёрдамчиси штат бирликлари жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судига ўтказилди. Қашқадарё вилоят ҳокимлигига Олий суд билан биргаликда жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг жойлаштирилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Шу ўринда эслатиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 2 мартдаги ва Олий Мажлис Сенатининг шу йил 17 мартдаги қарорларига биноан Чироқчи туманининг чегаралари ўзгартирилди ва унинг 32 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудлари ҳисобидан умумий ер майдони 171 минг гектардан иборат бўлган Кўкдала тумани ташкил этилди. Янги туманнинг маъмурий маркази этиб Еттитом шаҳарчаси белгиланди.
2022 йил 19 апрелда давлатимиз раҳбари томонидан "Қашқадарё вилояти таркибида Кўкдала туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 21-22 апрель кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида "Кўкдала туманини ташкил этишдан асосий мақсад бу ерда яшайдиган 182 минг нафар аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларимизни янги босқичга кўтаришдир" деган эди.
Шу мақсадда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур ишлаб чиқилиши таъкидланди. Бу ерда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилади. Жорий йилда 260 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилади.
Кўкдала туманининг маъмурий маркази Еттитом шаҳарчасини батафсил режалаштириш лойиҳасига кўра, ушбу аҳоли пунктида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, "Янги Ўзбекистон" массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этилади. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр тармоқлари қурилади.
Ўз мухбиримиз