Меню
Қашқадарё
Жиноий гуруҳ таркибида амалдаги ва собиқ ходимлар ҳам бўлган
Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик департаменти билан ҳамкорликда фойдаланишдан чиқарилган ва йўқ қилиниши белгиланган қуролларни сотиш билан шуғулланиб келган гуруҳни тугатди, дея хабар қилади идора матбуот хизмати.
Манба қайд этишича, жиноий гуруҳ таркиби ҳуқуқ-тартибот органларининг амалдаги ва собиқ ходимлари, шунингдек, уларнинг қурол-яроғларни қайта айлантириш билан шуғулланувчи ҳамтовоқларидан иборат бўлган.
"Жиноий схема фойдаланишдан чиқарилган қурол, ўқ-дори ва портловчи қурилмаларни сохта йўқ қилиш билан кейинчалик сотишни ўз ичига олган", дейилади қўмита баёнотида.
Қўлга олиш ва тинтув чоғида 13 та граната, 347 та қурол, 7387 дона ўқ-дори мусодара қилинган ҳамда собиқ полициячи томонидан ташкил этилган қуролларни модификациялашга ихтисослаштирилган яширин цех йўқ қилинган.
"Миллий хавфсизлик қўмитаси кейинги тезкор изланишлар жараёнида қурол савдогарларининг жиноят олами, бузғунчи диний оқимлар вакиллари, собиқ ҳуқуқ-тартиботчилардан иборат барча харидорлар тармоғини аниқлади", дея қўшимча қилинади манба хабарида.
Олмаота туман суди айбдорларга нисбатан ҳукм чиқарган. Улар икки йилдан беш йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосини ўтайди.