Меню

Қашқадарё

10.03.2020 1799

ЖЕЙНОВДА - МАҲАЛЛИЙ РИВОЖЛАНИШ МАРКАЗИ

Ижтимоий шериклик самараси

Миришкор туманидаги Жейнов қишлоғида фаолият бошлаган маҳаллий ривожланиш марказида ишсиз хотин-қизлар учун бепул ўқув курслари очилди.

Қашқадарё вилояти "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ташкил қилинган бу янги маскан Жейнов саноат касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган бўлиб, унда маҳаллий ёшлар жунни қайта ишлаш ва гиламдўзлик, каштачилик, тикувчилик, қуроқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганишади ва ижтимоий  фаоллигини оширишади.

- Бепул ўқув курслари "Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш - ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир" деб номланган лойиҳа доирасида очилган, - дейди "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. - Ушбу ташаббус вилоят ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг  бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ҳокимликлар, вилоят бандлик бош бошқармаси, "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда яна кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилаяпти. Марказ учун ажратилган хоналар туман ҳокимлиги ёрдамида таъмирланиб, амалий ва назарий машғулотларни ўтказишга тажрибали ҳунармандлар жалб қилинган. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан усталарга маош, шогирдларга эса стипендия тайинланган. Тингловчилар учун тадбиркорликни бошлаш ва ўз ишини юритиш бўйича туркум семинарлар ташкил этиш юзасидан малакали бизнес-тренерлар билан келишувлар имзоланди. Жамоат фонди кўмагида эса зарур жиҳоз ва мебеллар, ўқув-ишлаб чиқариш ускуналари, хом ашё ва материаллар сотиб олинди.

-Янги марказда маҳалламизда яшовчи 10 нафардан ортиқ хотин-қиз турли йўналишлар бўйича ҳунар ўрганади, - дейди Янги Жейнов  маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳайитбой Шодмонов. - Шунингдек, бепул ўқув курслари машғулотларида Аввона, Каттапой, Янги ариқ, Олтин бошоқ маҳаллаларидан ҳам аёллар қатнашади. Умид қиламизки, бу ерда яратилган шароитлар туфайли тез орада Жейнов қишлоғида миллий ҳунармандчилик ва тадбиркорлик билан шуғулланадиган ишбилармон хотин-қизлар сони ортиб, кўпгина оилалар турмуш фаровонлиги ошади.

Мўлжалга кўра, лойиҳа доирасида биргина Миришкор туманида камида 100 нафар ишсиз хотин-қиз касб-ҳунар ўрганиб ва ижтимоий фаоллигини ошириб, мустақил равишда тадбиркорлик фаолияти юритиш салоҳиятига эга бўлади.

Эслатиш жоизки, ўтган йил сентябрь ойида "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази ташаббуси асосида Чироқчи туманида ҳам маҳаллий ривожланиш маркази очилиб, ишсиз ёшлар учун мебель жиҳозларини таъмирлаш ва ясаш, металлга ишлов бериш ва бошқа  йўналишлар бўйича бепул ўқув курслари ташкил этилган эди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!