Меню

Қашқадарё

30.08.2018 1597

ЖАЗОЛАШ ЭМАС, ТУЗАЛИШГА ИМКОН БЕРИШ МУҲИМ

Ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиз фарзандларимизни соғлом ва ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаб, уларнинг бахт-саодати, ёруғ келажагини кўришни ният қиламиз. Она ва бола, Ёшлар, Баркамол авлод, Оила ва бошқа номлар билан аталган йилларда амалга оширилган ишлар халқимизнинг эзгу орзуси бўлган соғлом бола тарбиялашдек олижаноб мақсадга ҳамоҳангдир.

Бироқ содир этилаётган жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг маълум бир қисми ёшлар ва ўсмирлар томонидан амалга оширилаётгани ҳам аччиқ ҳақиқатдир. “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзал”, дейди донолар. Дарҳақиқат, ижтимоий тараққиётимизга ғов соладиган бундай иллатлар фуқароларимиз, айниқса, ёшлар ўртасида содир этилишининг олдини олиш – бугунги куннинг долзарб муаммосидир.

2017 йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз жиноятчиликка қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотларининг  фаолиятини кескин танқид қилиб, чуқур таҳлил этган, ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, ёшларга суд томонидан жазо тайинлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кафолат хатига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш механизмини жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш юзасидан топшириқ берилган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар   иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, илк маротаба давлат органи ҳамда жамоат ташкилоти ўртасида имзоланган ушбу ҳужжат тарихий ҳисобланади.

Бизнингча, мазкур ҳужжатни имзолашга етарлича сабаблар бор. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича вилоят судларида жами 1568 нафар шахсга нисбатан 1158 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлса, уларда 536 нафар, яъни 31,2 фоизида ёшлар (14 ёшдан 30 ёшгача) иштироки мавжуд.

Худди шу омил жиддий ҳамкорликни талаб этарди. Шунга монанд, томонлар мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, билимлари ва масъулиятини мунтазам ошириб бориш, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга келишдилар.

Меморандумда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, жумладан, муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳамда суд залидан озод этилган ёшлар, шунингдек, ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар бўйича ўзаро маълумотлар алмашиш орқали ёшларни тўғри йўлга қайтариш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш масалаларига эътибор берилган.

Шу ўринда қўшимча қилиш керакки, эндиликда суд, ёшлар масалаларига оид ва улар иштирокидаги сайёр суд мажлислари ҳақида Ўзбекистон ёшлар     иттифоқининг ҳудудий кенгашларига маълумотларни юбориши керак бўлади.

Содир этилган жиноят, ҳуқуқбузарликлар бўйича суд томонидан жазо тайинлашда ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида судланувчи ёшларнинг шахси юзасидан жамоатчиликнинг фикрини инобатга олиш муҳим ҳисобланади.

Ўз ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари ҳам жиноят иши судда кўриладиган ёшларнинг шахси, оилавий шароити, маънавий муҳитини ўрганиб чиқиш ҳамда ушбу шахсга кафолат хати бериш ёки бермаслик масалаларини ҳал этиши, агарда кафолат билан озодликка чиқариладиган бўлса, уни соғлом муҳитга қайтариш, ўқиш ёки касбга йўналтириш бўйича аниқ ва мақсадли индивидуал дастурларни амалга ошириш белгиланган.

Ёшлар иттифоқи кафолат хатини беришда қонунийлик, холислик, ҳалоллик, беғаразлик, шаффофлик, ошкоролик ва тенглик тамойилларига амал қилади.

Мазкур кафолат хати судланувчининг яшаш жойидаги ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида, унинг шахсини, содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишидан пушаймонлигини, етказилган зарарнинг қопланганини, оилавий шароитини, ўқиш ва иш жойидан тавсифланишини чуқур ўрганган ҳолда судларга тақдим этилади.

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судлари (апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судлари) жиноят содир этган ёшлар бўйича ишларни кўришда Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари вакиллари қатнашган тақдирда, уларни жамоат ҳимоячиси деб эътироф этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Суд муҳокамасида иштирок этаётган жамоатчи ҳимоячи Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 44-моддасида назарда тутилган қуйидаги ҳуқуқларни амалга оширади:

- иш материаллари билан танишади;

- далилларни тақдим этади ва уларни текширишда иштирок этади;

- илтимоснома беради;

- тарафларнинг музокараларида сўзга чиқади, судланувчини оқлайдиган ёки унинг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ҳолатлар хусусида судга фикр билдиради.

Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши томонидан жиноят иши кўрилаётган ёшларга нисбатан кафолат хати берилган тақдирда, судлар мазкур ёшларнинг шахси, оилавий шароитини ўрганиб, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, жазони енгиллаштириши, жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиши мумкин.

Мазкур тоифадаги ишларга жазо тайинлашда судлар томонидан Ёшлар  иттифоқи ҳудудий кенгаши билан бирга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кафилликка олинувчи   шахсни соғлом муҳитга қайтариш бўйича аниқ мажбуриятлар юклайди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, ушбу меморандум ва тегишли қоидалар ишлаб чиқилгандан буён бугунги кунгача Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши томонидан судга 4 нафар шахсга нисбатан кафолат хати тақдим этилди ва уларнинг барчаси қаноатлантирилди. Аслини олганда, бу борадаги ўзгаришлар мамлакатимизда истиқлол бошлаб берган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми экани билан ҳам аҳамиятлидир.

С.ОРЗИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят судининг малака ҳайъати котиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!