Меню
Қашқадарё
Жазо муддатини ўтай туриб, яна жиноятга қўл урди
Кейинги вақтларда содир этилаётган фирибгарлик жиноятларининг аксарияти ишга, ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, деганларидек, ҳар ҳолда айрим идора, ташкилотларга бир-икки сўм бериб ишга кирганлар ҳақида эшитмаган одам кам ва мавжуд шароит турли олғир кимсалар учун қинғир мақсади йўлида имконият эшикларини очиб беради.
Мисол учун, М.М.ни олайлик. У жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукми билан Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “а, б” бандлари билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаб келаётганди. Ўрганган кўнгилнинг ўртанишими, бу сафар фуқаро У.Ё.нинг ишончини қозониб, агар 1 миллион сўм берса, Давлат захираларини бошқариш қўмитасига ишга киритиб қўйишга ваъда беради.
Ана шу ўринда бепарволик, лоқайдликнинг оқибати кўринади-да: ўзи жазо муддатини ўтаётган бўлса, қандай қилиб ишга жойлаштириб қўярди, деб бир суриштириб кўрмаганини қаранг ишсизнинг.
Айтилган пул олинадию, ҳеч қанақа ишдан дарак бўлмагач, У.Ё. Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасига мурожаат қилади.
Ушбу мурожаат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда М.М. аввал олган 1 миллион сўмидан 50 мингини қайтариб бераётганда ушланади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади. Сўнг у пулнинг қолган қисмини ҳам эгасига қайтариб беради.
Департамент вилоят бошқармасидан хабар беришларича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланган.
НАСРИДДИН