Меню

Қашқадарё

10.07.2018 1691

ЖАЗО ҚЎЛЛАШ ТАҲДИДИ ЭМАС, САМАРАЛИ ПРОФИЛАКТИКА ЗАРУР

БОЗОРДА ҲАМ ДАРВОЗА БОР

Яккабоғ тумани Ибн Сино маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган Умид Оқмирзаевнинг Жамбул маҳалласида жойлашган бозорда аудио ҳамда видеодиск савдоси билан шуғулланишини аслида қоралаб бўлмайди. Ҳар ҳолда истеъмол бозорида ана шундай хизматга эҳтиёж бор. Бироқ у фақат диск сотиш билан кифояланмасдан ноутбукидаги порнографик мазмундаги материалларни бошқаларга (албатта текинга эмас) тарқатаётганини қандай тушунса бўлади?

Бунинг юқоридаги масалага – осойишталикка қандай дахли борлигига қизиқсангиз, шу нарса аёнки, беҳаё мазмундаги материаллар ҳеч қачон яхшиликка, тинч-тотув ҳаётга етакламайди. Азал-азалдан маънавиятли, пок иймонли саналган кишиларнинг авлодлари орасида бугун фоҳишабозлик, номусга тегиш каби жиноятлар учраётгани аслида ана шундай бемаъни, беҳаё видеолар таъсири эканини ким инкор эта олади? 

Шунга асосан мазкур фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 189-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун туман маъмурий судига юборилди.

ИНСТИТУТ ТАЛАБАСИ АРОҚ СОТАЁТГАН ЭКАН

Юртимизда тадбиркорлик учун жуда катта имкониятлар яратиб берилган, бу йўлдаги барча ғов ва тўсиқлар деярли олиб ташланди. Энди ҳаммаси ишбилармоннинг ўзига боғлиқ: қонун доирасида ҳалол ишлаб, ўзига ва элга наф келтириб, фаолиятни янада кенгайтириш мумкин.

Буни Яккабоғ тумани Ғозлиқ қишлоғида яшовчи, 1993 йилда туғилган, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси бўлган Жуманиёз Назаров билмасди, деб бўлмайди. Биларди, савдода суяги қотган эмасми, қайси фаолият учун қандай ҳужжат талаб этилишидан яхшигина бохабар эди. Профилактика тадбирларида маълум бўлишича, у ўзига тегишли савдо дўконида махсус рухсатнома – лицензиясиз спиртли ичимлик савдоси билан шуғулланган. Шунга кўра, 3 дона 1,5 литрлик пиво спиртли ичимлиги ҳамда 1 дона ароқ тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

СУД ЧЕКЛОВЛАРИГА РИОЯ ҚИЛМАЙ МАСТ ҲОЛДА ЮРИБДИ

Киши жамият олдидаги хавфли қилмиши учун қонун олдида жавоб беришга мажбур. Тегишли жазони ўтаганидан сўнг ҳам маълум муддат унинг хатти-ҳаракатлари, қилаётган ишлари назоратда бўлади. У яна бошқаларга таъсир кўрсатмайдими, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятга қўл урмайдими, буни билиш ва навбатдаги жиноят содир бўлишига йўл қўймаслик даркор.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг 2017 йил 29 декабрдаги қарорига кўра, Ҳусниддин Келдиёровга нисбатан 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилган. Афсуски, у шу орада ҳуқуқбузарлик содир этган, шунинг учун туман маъмурий судининг жорий йил 5 мартдаги қарорига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Бироқ фуқаро бундан тўғри хулоса чиқармасдан суд томонидан ўрнатилган чекловларга риоя қилмай маъмурий назорат қоидаларини бузган. Яъни, Қамаши тумани Ойнакўл МФЙ Каттакуба қишлоғида ўтаётган байрамда қатнашиб, спиртли  ичимлик истеъмол қилган ва маст ҳолда жамоат жойида юрган. Мазкур ҳолат юзасидан, туман ИИБ ТБ томонидан Ҳ.Келдиёровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 226-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

3,5 АСРЛИК ҚУРОЛ

Маълумки, Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Юқорида назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс эса жавобгарликдан озод қилинади.

Шу асосда олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи, 1947 йилда туғилган Ғози Раҳмонов отасидан қолган, уй-музейида сақланаётган, тахминан 350 йил муқаддам қўлбола усулда ясалган 1 нилли, ҳозирги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолган ов қуролини ўз ихтиёри билан туман ИИБга топширди.

Миришкор тумани Калта маҳалласида яшовчи Олтибой Маматқулов эса эски иморатларини бузаётган вақтида девор орасидан топиб олган, марҳум отасига тегишли бўлган, ов қуролларида отишга мўлжалланган 16 дона гильзани ўз ихтиёри билан туман ИИБга келтириб берди.

Шаҳрисабз тумани Қўрғонтепа МФЙ Ёмчи қишлоғида яшовчи Ҳошим Тўраев ҳам 1 нилли, 16 калибрли “Иж” русумли ўқотар ов қуролини ихтиёрига кўра топширди.

Шаҳрисабз шаҳри Ипак йўли маҳалласида яшовчи Баҳодир Маманов эса яшаш уйининг олд томонида қурилиш ишларини бажараётган вақтда ер остидан 1 нилли, 1893 йилда ишлаб чиқарилган ўқотар ов қуролини топиб олди. Кейин ўзи учун манфаатли, қонун олдида тўғри йўлни танлади.

Нишон тумани Нуристон шаҳарчасида яшовчи, 1982 йилда туғилган Ўктам Пардаев ҳам яшаш уйининг томини тозалаш учун чиққан вақтида бобосига тегишли ўқотар ов қуролини топиб олгач, қонуний йўл тутишни афзал билди ва тўғри қилди.

ЯНА ЎША...

Инсон хулқининг бузуқлиги, маънавиятининг пастлиги унга ўз вақтида таълим-тарбия беришда кўп оқсашларга йўл қўйилганини кўрсатади. Бўлмаса, ҳаётга енгил кўз билан қарайдиган ўсмир-ёшлар бошдан маълум бўлади, ота-она, устоз-мураббийлар шунга қараб тараддудини кўриши мумкин, аммо “менга нима” қабилида иш тутиш, бош оғритадиган ҳолатга кўз юмиш келажакда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Дейлик, фоҳиша(боз)лик кўринишида.

Негадир шу ҳолат кейинги вақтда кўпайиб бораяпти. Бунга эса сабаблар кўп. Глобаллашув, интернет, ижтимоий тармоқлар ва улардаги “қармоқ”лар ҳақида соатлаб гапириш мумкин, бироқ қани натижа?

Профилактика куни тадбирлари шу вақтгача 26 марта ўтказилган бўлса, бирор кун йўқки, фоҳишабозлик билан боғлиқ ҳолат аниқланмаган бўлса. Яқин-орадаги ҳолатларга мурожаат қилсак, Китоб тумани Гулистон маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган Д.Х. ўз яшаш уйида маҳалладоши Ҳ.С. билан 20 минг сўм пул эвазига жинсий муносабатга киришган.

Миришкор тумани Чандир маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Р.О. Авазчўл қишлоғи ҳудудидаги очиқ дала майдонида маҳалладоши И.О. билан 10 минг сўм пул эвазига муносабатга киришган вақтда ушланган.

Муборак тумани Кўҳнашаҳар МФЙда яшовчи, 1985 йилда туғилган Т.Х. моддий манфаат эвазига фоҳишалик билан шуғулланган.

Қарши тумани Кахлак қишлоғида яшовчи, 1987 йилда туғилган У.З. Қарши шаҳар Шайхали МФЙ Косон йўли кўчасида жойлашган сув қуйиш шохобчасида фоҳишалик қилган.

Қарши тумани Боғобод қишлоғида яшовчи, 1982 йилда туғилган У.Ж. ижарада яшаётган уйида Чироқчи туманилик Х.Ф. ҳамда хонободлик С.Ф.га жинсий алоқа қилишлари учун 75 минг сўм пул эвазига шароит яратиб бериб, қўшмачилик қилган.

Якунда юзи қора бу кимсалар қонун олдида жавоб беришди.

345 МИНГ СЎМНИ ҚИМОРГА ТИКИШИБДИ

“Ё, Жамшид” ҳикоясини кўпчилик ўқиган бўлса керак. Ҳикояга эпиграф сифатида танланган “Раббим де, Мария” сўзларида ҳам катта ҳикмат мужассам. Асар, биласизки, қимор мавзусида – борини қиморга тикиб, бутун аймоғини қийин вазиятда қолдирган инсоннинг фожиаси кўрсатиб берилган. Шунинг учун “Бандамисан, раббим де, худо де, ризқингни у берсин, қимор эмас” деган таъкид бўй кўрсатади унда.

Ҳеч кимга сир эмаски, қиморда бир томон ютаркан, нариги тараф албатта ютқазади. Бир томон осонгина мўмай пулга эга бўлиб олса, у томон бир лаҳзада бор будидан айрилади. Табиийки, бундан низо келиб чиқади, адоват ошади.

Ҳаётга енгил кўз билан қараган, Китоб тумани Алақўйлиқ маҳалласида яшовчи А.Луқмоновнинг яшаш уйида тўпланган бир гуруҳ фуқаролар шу ҳақиқатни ёдда тутганида эди, пул тикиб қимор ўйнамасди.

Худди шундай Косон тумани Эсабой маҳалласида яшовчи Э.Ашуров хонадонида жам бўлган йигитлар ҳам 345 минг сўм пулни қиморга эмас, фойдали бир юмушга сарфлаган бўлишарди. Балки шунда улар маъмурий жавобгарликка тортилмас, ҳар бири энг кам иш хақининг икки баравари миқдорида жарима тўламасди.

МОЛХОНАДАГИ “ДЕҲҚОНЧИЛИК”

Гиёҳвандлик – аср иллати. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки бу иллат дунёда миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритаяпти, қанча оилани пароканда этиб, неча-неча болаларни йўқлик, етимлик қаърига улоқтирмоқда. Афсуски, бу борада тушунтириш-тарғибот ишлари ҳарчанд кучайтирилмасин, юртимизда ҳам заҳри қотилни экиб-етиштираётган, шу билан фойдани кўзлайдиган кишилар йўқ эмас.

Қамаши тумани Навоий маҳалласида яшовчи, 1973 йилда туғилган Мухторжон Эшмуродов гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб, Бухоро шаҳри Чупбоз кўчасида яшовчи Э.Ш.га 3 дона “Спички” ёзувли гугурт қутисига жойланган 10,2 грамм миқдордаги марихуана гиёҳвандлик воситасини Қамаши туман деҳқон бозори ёнида ўз бошқарувида бўлган “Тико” русумли автомашинада 300 минг сўмга сотган вақтида ушланган.

Қамаши тумани Қоратепа  қишлоғида яшовчи Поян Ражабовнинг яшаш ҳовлиси кўздан кечирилганда, молхонада 16 туп яшил рангли, нинасимон баргли, ўткир ҳидли каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги экилиб, парваришлаб келинаётгани аниқланди.

Чироқчи тумани Чувуллоқ қишлоғида яшовчи, 1965 йилда туғилган Жўра Жуманов эса молхонаси ичидаги чуқурда турли хил ёввойи экинлар орасида 1 туп ўткир ҳидли ўсимлик парваришлаётгани маълум бўлган.

Амалиёт шуни кўрсатаяптики, жазо қўллаш таҳдиди эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, қонунларга итоатда бўлиш каби фазилатларини сингдириш юқори самара беради. Юқорида қайд этилган ҳолатлар тафсилотидан кўзлаган мақсадимиз ҳам шу.

Суҳроб РАҲМОНОВ,

вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, капитан

Бекзод САЙФИЕВ, журналист

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!