Меню

Қашқадарё

21.06.2018 1822

ЖАЗИРАМА ОРГАНИЗМНИ ЗЎРИҚТИРАДИ...

- Ёз жазирамасида қуёш тафтидан ҳимояланиш ниҳоятда муҳим, - дейди у. - Чунки бу пайтда ультрабинафша нурлари таъсири кучаяди. Шуни инобатга олиб, кундуз соатларда очиқ ҳавода мавсумга мос бош кийим кийиш ёки соябон тутиш зарур. Ҳавони ўтказувчи матодан тайёрланган кийим ва қуёш нурини қайтарувчи кўзойнак ҳам айни муддао. Офтоб тиғида ишлаш зарурати туғилганда албатта ўзимиз билан сув олиб чиқишимиз лозим. Чунки иссиқ туфайли танамизнинг сувга бўлган эҳтиёжи ҳар қачонгидан ортади. Бу эҳтиёжни қондириш учун кўк чой, шарбатлар, наъматак дамламаси ҳамда кунига 3-4 литр сув ичиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бодринг, помидор, тарвуз, қовун, олма, ўрик, олхўри, карам сингари мева-сабзавотлар истеъмоли билан ҳам танамизни сувсизланишдан асраш, витамин, минерал моддалар билан таъминлаш мумкин.

Бундан ташқари, мутахассислар мавсумда асал, новвот, қази, қаҳва, алкоголли ичимликлар, ёғли, шўр таомлар ва қийин ҳазм бўлувчи егуликларни имкон қадар кам истеъмол қилишни тавсия этади. Чунки бундай маҳсулотлар юракни лоҳас қилади, ортиқча терлашга  сабаб бўлади. Ортиқча терлаш эса организмдан фойдали минерал тузларни чиқариб юбориши баъзи кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. 

Жазираманинг яна бир ноқулайлиги - ланжлик, тез чарчаш, қон-томирлар, бутун организм фаолиятида толиқишни юзага келтиради. Бунда оқшом пайти чим ёки шағал устида оёқяланг юриш керак. Чунки оёқ кафти ва товонида барча ички аъзолар фаолиятига таъсир этувчи нуқталар жойлашган. Бу нуқталар ҳаракатланса мия, юрак, буйрак, ўпка, меъда-ичак тизими, жигар, талоқ, ўтпуфак каби органлар фаолияти меъёрлашади.

Шарқираб оқаётган дарё суви ҳам салқинланишимизга ёрдам беради. Иссиқдан чарчаган одам борки, муздек сувда чўмилишга ошиқади. Мутахассислар эса иссиқ кунда совуқ сувга тушиш оқибатида қон-томирлар тортишиши, асаб-руҳий тизимда ҳам баъзи ноқулайликлар келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантиради. Шунинг учун чўмилишдан аввал салқин жойда бироз ўтириб, танани совутиш керак. Шунингдек, бундай пайтда жисмоний машқлар бажариш ман этилади. Бундай ҳаракатлар юрак фаолиятининг бузилишига, офтоб уришига сабаб бўлиши мумкин. Агар танада қизариш, кўнгил айниб, қайт қилиш, қалтироқ босиш ёки ҳушдан кетиш кузатилса, бу - офтоб уриши белгиси. Бундай ҳолатда жабрланган кишини зудлик билан салқин жойга ўтказиб, муздек чой ёки сув ичириш керак. Матони намлаб баданини, томоқ, бўйин ва гавда қисмларини артиш лозим.

Хуллас, ҳар қандай об-ҳавода ҳам соғлом ва хушчақчақ бўлиш ўзимизга боғлиқ. Ёз фасли иссиғида тўғри ҳаракатланилса - фойда, аксинча бўлса - зарар кўришингиз ҳеч гап эмас.

С.АЛЛАЁРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!