Меню
Қашқадарё
ЖАСОРАТ МАКТАБИ, FУРУР-ИФТИХОР МАНБАИ
Ўзбек халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Ҳар йили 9 май мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиши ҳам бежиз эмас. Урушда ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирилиб, фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларимизга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатиш юртимизда олижаноб анъанага айланиб қолди.
Гарчи уруш олови бизнинг заминимизда аланга олмаган бўлса-да, унинг оқибатлари ҳар бир оила ҳаётида оғир жароҳатлар қолдирган. Ўша пайтда юртимизда яшовчи 6 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга сафарбар қилинган.
Машъум урушдан оиласи бағрига ёруғ юз билан қайтганлар бор. Тенгсиз жасорат кўрсатиб, кўпларнинг олқишига сазовор бўлган бу ватандошларимиз миллатимизнинг фахри, ифтихори.
Шундай инсонлардан бири Чироқчи туманидаги Тошли қишлоғида истиқомат қилаётган 100 ёшли Жуманиёз бобо Хўжаёровдир. У киши 1941 йилда урушга кетиб, 1942 йилнинг охирида оғир ярадор ҳолатда юртга қайтган. Жанггоҳда ярадор ҳолда бир неча кун оч-наҳор қолиб кетгани хотиралар қатида бўй кўрсатиб, уни ярадор қилган ўқлар изи ҳалигача азоб берса-да, оғриқ забтига олган кезларда машъум урушнинг даҳшатли онлари кўз олдидан ўтаверса-да, буларнинг бари бекор кетмагани, юрт, Ватан ҳимояси йўлида бир мард ўғлон ўлароқ қилган хизматидан мамнунлик туяди.
- Тўғри, урушдан кейинги йиллар турмуш жуда фаровон эди, деб бўлмасди, - дейди бобо. - Лекин душман, ёв таслим этилганди. Бошингда хавф-хатар бўлса, қайси ишинг ўзингга татийди? Шунинг учун меҳнатга боримизни бердик, қатъият кўрсатдик. Шундай, болаларим, бу кунларга осонликча эришилгани йўқ. Бу кунларни кўраман, деб қанча одамлар қурбон бўлиб кетди. Тинчликнинг қадрига етинглар.
Косон туманидаги Ўрта Оброн қишлоғида яшовчи Бекмир бобо Аманов эса 1938 йил ҳарбий хизматга кетиб, шу билан 9 йил деганда қайтган. Ҳарбий хизматдан фронтга, фронтдан эса Берлинни тозалаш ишларига жалб қилинган. Қайтгач, 8 фарзандли, 100 дан зиёд невара-чеварали бўлди. Пенсия ёшига етгунга қадар хўжаликда меҳнат қилди. Орадан шунча йил ўтганига қарамай, бир гапни такрорлашдан сира чарчамайди: "Уруш ёмон. Ҳеч кимга кўргилик қилмасин". Уруш ҳақида эса бошқа эслашни ҳам истамайди.
- Тўғри, қаерда бўлганлари, қайси жангларда қатнашганларини айтиб берганлар, - дейди унинг ўғли Ғайрат Омонов. - Аммо бошқасини эсга олгилари келмайди. Кимдир ўша даҳшатларни эслатса, дарров жаҳлланиб, ғазабланиб қоладилар.
Табиий, уруш даҳшатлари уни кўрган одамлар учун эслагулик хотиралар эмас. Мавриди келганда ёдга олинадиганлари эса ёш авлод қалбида тинчликнинг қадрига етиб, ҳаётнинг бебаҳо дамларини беҳуда совурмаслик умидида айтилади.
Толиб ТЕМИРОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.