Меню
Қашқадарё
"ЖАСОРАТ" КЛУБИ АЪЗОЛАРИ КЕЛГУСИДА ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИГА ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ
Клуб аъзолигига маҳалла, таълим муассасаларидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам бериш истагини билдирган кўнгиллилар саралаб олинмоқда.
- Жамоатчилик назорати бор жойда ҳар қандай жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олди олинади, - дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Умид Яхшиев. - Шу боис айни пайтда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида ташкил этилган янги тузилма таркибида бор куч ва билими билан жамият тинчлиги, осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фаол ёшлар келгусида ички ишлар органларига ишга қабул қилиниши, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшларга тўлов шартномаларини тўлашда имтиёз ва имкониятлар берилиши назарда тутилган. Улар махсус кийим-бош билан таъминланиб, хизмат гувоҳномаси тақдим этилади.
Шунингдек, клуб аъзоларининг вазифаси ёшларни диний экстремистик ва бошқа бузғунчи ташкилотлар таъсиридан, четдан "оммавий маданият" ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсир ва таҳдидлардан асраш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузурлик ва жиноятчилик профилактикасини амалга ошириш ва ахборот хуружларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга кўмаклашиш, вояга етмаган шахсларнинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракат ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишлари ҳамда тунги вақтда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кузатувисиз кўнгил очиш (дам олиш) жойларида бўлишларига йўл қўймасликдан иборат.
Маълумотларга кўра, "Жасорат" клубига айни пайтда 129 нафар ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар бириккан. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда Қарши шаҳридаги таълим муассасаларида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, давомат рейдлари, ўқувчиларнинг қўл телефонидан фойдаланиш тартибини, шунингдек, маҳаллаларда ташкил этилган тунги навбатчилик постлари фаолиятини назорат қилиб боришмоқда.
Клуб фаолият доираси кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Айни пайтда Ёшлар иттифоқи туман бўлимларида ҳам худди шундай клублар ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 20-40 нафардан ёшлар фаолият олиб бораяпти. Энди вилоятдаги барча маҳаллада "Жасорат" клуби жамоатчилик тузилмаси фаолияти йўлга қўйилади.
- Шаҳар ва қишлоқларимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш фақат ички ишлар органлари ходимларининг вазифаси бўлиб қолмай, ҳудудда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, фаолларнинг ҳам бурчидир, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ва жиноятчиликлар профилактикаси бўлими мудири Маҳлиё Шукурова. - Шу мақсадда ташкил этилган "Жасорат" клуби аъзолари белгиланган режа асосида ўзларининг хизмат кунларида маҳалла ҳудудидаги таълим муассасаларини кузатиб боришади. Шубҳали ҳолатларда улар профилактика инспектори, маҳалла посбони ва бошқа бириктирилган мутасаддиларга тегишли тартибда хабар бериб, қонунга зид ҳолатларни бартараф этишга ёрдам кўрсатишади. Бу тузилмада хизмат қилиш истагида бўлган ёшлар кўпчилик. Улар ичидан энг муносиблари танлаб олинмоқда. Клуб аъзоларининг жисмоний ва маънавий билимларини ошириш мақсадида ўқув машғулотлари ҳам олиб борилмоқда.
Қайд этиш лозим, 2018 йилнинг ўтган уч ойи давомида вилоятдаги 435 та маҳаллада жиноят содир этилмаганида "Жасорат" клуби аъзоларининг ҳам муносиб хизмати бор.
- Ёшлигимдан ички ишлар тизимида хизмат қилишни орзу қилардим, - дейди "Жасорат" клуби аъзоси, Қарши давлат университети талабаси Жаҳонгир Шодмонов. - Бугун мақсадим томон биринчи қадам ташлаганимдан хурсандман. Ўз малакамни ушбу клубда ошириш билан бир қаторда юртимиз тинчлиги ва аҳоли фаровонлиги, тенгдошларимнинг тўғри йўлда давом этишлари учун куч-ғайратимни кўрсатаман ҳамда ўзим орзу қилган касбга салоҳиятли кадр бўлиб бориш мақсадидаман.
Шоҳиста БОЗОРОВА