Меню

Қашқадарё

25.05.2017 2107

ЖАРАНГИДА ОРЗУ ОҲАНГИ

Мен Қарши шаҳридаги 13-мактабда таҳсил оламан. Синфимизда 22 ўқувчи бор: 17 нафари ўғил болалар, қолгани қизлар. Биргаликда  9 йил ўқидик, бир-биримиз билан дўст-ўртоқ бўлиб таълим олдик. Кичиклигимиздан бери биргалигимиз учун бир-биримизнинг орзуларимиз, истакларимизни ҳам яхши биламиз. Болалигимиздан бирга ўтган дамларни айниқса ҳозир кўп эслайдиган бўлдик. Дадам билан аямнинг айтишларича, мактаб даври киши ёдидан сира чиқмайдиган хотираларга мўл бўлар экан. “Шунинг учун ҳам бир-бирингизни хафа қилмасликка ҳаракат қилинглар, - дейишган улар. – Катта бўлганингизда эслаганда хижолат тортадиган бирор иш қилманг! Ўқитувчиларингиз ҳам сизларни доимо яхши гаплар билан тилга олишларига ҳаракат қилинглар, қизим! Бу гапларни ўртоқларингга ҳам айтгин...”

Энди ўйласам, бу гапларни бундан анча олдин қулоғимга қуйиб, ота-онам жуда тўғри иш қилишган экан. Дарсларда ўзимни рисоладагидек тутишим, берилган топшириқларни масъулият билан бажаришим, ўртоқларим билан хушмуомала бўлишимда бу ўгитнинг таъсири катта бўлди. Синфдошларимни эса жудаям қадрлайман, дугоналаримни жуда-жуда яхши кўраман. Ўйлайманки, мактаб остонасидан бошланган бу дўстлигимиз ҳали узоқ давом этади.

Энди дўстларимга қисқача таъриф бериб ўтсам. Гулбаҳор – менинг энг яқин дугонам, у мактабни тамомлаб, ўқишини кутубхоначилик бўйича давом эттириш ниятида. Китоблар унинг жону дили. Кўпинча қандай китоб мутолаа қилишни ундан сўраймиз, у ҳам бажонидил бизга маслаҳатларини беради, чунки ўзи кўп китоб ўқийди. Жавоҳир эса ёшлигиданоқ қўл жанги спорт тури билан шуғулланади. Шу кунларда унинг қувончи чексиз:  яқинда бўлиб ўтган қўл жанги бўйича Республика турнирида ўз вазн тоифасида юқори ўринларга сазовор бўлди. Ҳаммамиз уни табрикладик.

Эсимда, 3-синфда ўқиётганимизда у кўпинча юзининг бирор ери кўкарган, қизарган ҳолда дарсга келар, ҳайрон бўлиб қараганимизни  сезиб, шоша-пиша изоҳ берарди:

- Ҳеч ким ургани йўқ мени, бу машғулот пайтида бўлди, холос!..

Севинч инглиз тилини ўрганишга ҳавас қўйган. Келажакда гид-таржимон бўлмоқчи. Чет эллик сайёҳларнинг юртимизга бўлган ҳаваси, қизиқишини орттиришга хизмат қиладиган ишлар доимо унинг эътибор марказида. Орзусига эришиш учун ҳозирдан пойдевор қўйиб бораётган бу қизнинг қатъий интилиши, куч-ғайрати барчамизга ўрнак. Яна бир Жавоҳиримиз (унинг фамилияси Тўрақулов) мусиқага қизиқади, мусиқа ва санъат мактабида доира чалишни ўрганаяпти. Эъзоза исмли дугонам эса тарих билимдони. Кейинчалик у албатта шу фан ўқитувчиси бўлишига барчамиз ишонамиз. Худди синф раҳбаримиз Назира Примова каби Эъзоза бизга тарихдан билмаганларимизни эринмай ўргатишдан чарчамайди. Биз ҳам бу фандан бирор нимани билмай қолсак, дарров Эъзозани излаб қоламиз. 

Ироданинг қизиқишлари иқтисодиёт билан боғлиқ. Банк ишига қизиқади. Дарвоқе, менинг дадам ҳам банкда ишлайди, аммо мен тиббиёт коллежида ўқишни режалаштирганман. Одамларнинг соғлиғидан ортиқроқ бойлик йўқ, деб ўйлайман. Шунинг учун саломатлик посбони – ҳамшира бўлмоқчиман. Аммо-лекин фақат шу билангина кифояланиб қолмайман, коллежни тамомлаб, албатта олий ўқув юртида ўқиш ниятим бор. Қизиқишларим эса кўп. Ёшлигимдан шеърларни ифодали ўқишга жуда қизиқаман. Бўш вақтларимда доимо ўзим ёқтирган шоирларнинг шеърларини танлаб, ёд оламан, мактабда ўтказиладиган байрам тадбирлари, очиқ дарслар, машғулотларда ёддан ифодали қилиб ўқиб беришни яхши кўраман. Синфдошларим бу жиҳатимни қадрлашади. Жамоа бўлиб бирор беллашувда иштирок этишга тўғри келса, дарров:

- Агар шеър ўқиш билан боғлиқ шарти бўлса, Фаёзанинг ўзи эплайди, - дейишади.

Бундан ташқари, мактабимиздаги “Ораста қизлар” тўгарагининг фаол аъзосиман. Икки йилдан бери шу номдаги беллашувнинг шаҳар, вилоят босқичларида фаол иштирок этиб, 2-, 3-ўринларни қўлга киритиб келаяпман. Тўғри, бу катта ютуқ эмас, аммо синф раҳбаримиз Назира опанинг уқтиришларича, катта ғалабалар кичик-кичик ютуқлардан бошланар экан. Келажакда улкан муваффақиятларни қўлга киритаман, деган умиддаман.

Май ойи бошидан бошлаб танаффус чоғларида биз доимий гаплашадиган мавзу – “Сўнгги қўнғироқ” байрами. Уни қандай ўтказиш ҳақидаги ҳаяжонли суҳбатларимиз қизғин тараддудларга уланиб кетди. “Сўнгги қўнғироқ” байрамини ўзига хос тарзда, эсда қоларли қилиб ўтказишга бел боғлагандик. Шундай чиройли дастур тузайликки, устозларимизнинг сира ёдидан чиқмасин. Мен устоз шоир Анвар Обиджоннинг мактаб ҳақидаги машҳур шеърини ифодали ўқиб бераман. Жавоҳирларнинг бири қўл жангига хос мусиқали чиқиш намойиш қилса, бошқаси доирада миллий куй ижро этиб беради. Қизлар билан доира рақсини тайёрлаганмиз, Жавоҳир чалган оҳангларга монанд миллий рақсни ижро этамиз. Севинч инглиз тилида қўшиқ куйлайди. Хуллас, байрамни кўтаринки руҳда ўтказамиз. Ўқитувчиларимиз билан келишиб олдик: ҳеч қандай ортиқча дабдабабозлик, ортиқча “йиғ-йиғ”лар бўлмайди, кераги йўқ. Ихчам, таъсирли тарзда ўтказиш учун ҳаммамиз тайёрмиз.

Дарвоқе, бошқа мактабларда қандай, билмадиму аммо бизнинг мактабимизда бир анъана мавжуд: сўнгги қўнғироқни энг аълочи битирувчилар даврага чиқиб биргаликда  чаладилар. Назира опа энг фаол, ҳар томонлама бошқаларга ўрнак бўладиган 5 та ўқувчини бу тадбир учун махсус танлаб олди. Улар орасида мен ҳам борман. Бу эса менга ўзгача қувончу ғурур бахш этаяпти. Ахир, бутун мактаб аҳли йиғилган тантананинг энг асосий тадбирини амалга ошираман-да! Менга қуйи синфдагилар ҳавас билан қарайдилар, мен ҳам Фаёза опам каби сўнгги қўнғироқни чаламан, деб ният қилишади. Қандай яхши!

Мактабимиз бағридан учирма бўлаяпмиз. Сўнгги қўнғироқнинг зарбли жаранглари бизнинг орзуларимиз оҳангига туташдек гўё. Унинг жаранги эса қалбларимизда ҳамиша акс-садо бериб, бизни мустақил ҳаётда катта-катта ютуқларга эришишга ундаб тураверади...

 

Фаёза ХУДОЙҚУЛОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!