Меню

Қашқадарё

18.09.2020 1803

ЖАР ЁҚАСИДАГИ ГАЗЕТА

Уни ким қутқаради: таҳририятми, ҳокимми ё осмондан чалпак ёғишими?

 

Шахсий фикр

 ОАВ тўғрисидаги қонунларга кўра, тегишли рўйхатдан ўтган газета 6 ой давомида чоп этилмаса, у ёпилиши керак (кейинги пайтда газета очиш учун рўйхатдан ўтиш ҳам шарт эмас дейишаяпти, керакли органга хабар бериб қўйилса кифоя экан. Тасаввур қилинг, ҳар қандай одам - у соҳадан хабари бўладими-йўқми, босма нашр очиб олаверса, боз устига денг, обуна кўрсаткичлари "ноль"га қараб бораётган бир даврда. Бу худди бузилиб, деярли йўқ бўлиб кетган йўлда хоҳлаган тезликда машина ҳайдайвер деганга ўхшайди...).

 Ваҳоланки биргина Қарши шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги "Насаф" газетаси чоп этилмаётганига 2 йилга яқинлашиб қолди (шунга қарамасдан ушбу нашр ёпилганича йўқ, шундай экан, уни на "тирик", на "ўлик" деб бўлади, "жон талвасасида ётибди" десак тўғрироқ бўлар балки). Чоп этилаётганлари эса амаллаб кун кўраяпти. Мисол учун, "Нишон тонги" газетасининг 3 июнь сони бор-йўғи 350 нусхада чоп этилган, холос. "Яккабоғ овози"нинг 29 августдаги сони 343 нусхада чиққан. "Миришкор машъали" 31 августда 650  нусхада (фақат байрам сони рангли, қолган сонлари оқ-қора кўринишда), "Деҳқонобод овози" 605, "Чироқчи" 550 нусхада обуначилар қўлига етиб борган.

 1223 нусхада чоп этилган "Косон", 1350 нусхадаги "Ғузор ҳаёти"нинг обунаси бошқаларга нисбатан яхши туюлса-да, аслида у қадар юқори кўрсаткич эмас. Бу маблағ босмахона харажатлари, ходимларга маош тўлаб туришни амаллайди - бундан бошқа ишларни ўйлаш, газета фаолиятини ривожлантириш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкинмас бундай шароитда.

 Кўп ҳокимларимизга Telegramдаги канал кифоя қилаяпти шекилли, газета фаолиятини тиклаш, қоладиган тарих сифатида газеталардан ҳокимлик манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Муассислигидаги газета таҳририятига бир марта қадам босмаган, ҳатто у қаерда қўним топганини билмайдиган раҳбарлар ҳам афсуски бор.

 Тўғри, кейинги вақтларда интернет сайтлари сони кўпайиши ва анча фаоллашгани, бундан ташқари, Telegram ижтимоий тармоғида шунчаки бир канал очиб, маълумотларни эълон қилиб бориш имконияти мавжудлиги одамларни газета-журнал ўқиш нарида турсин, китобдан ҳам анча узоқлаштириб юборди.


 Биз яна газеталарнинг жамиятга кераклиги, уям ОАВнинг бир кўриниши сифатида ўз йўналишида зарур ахборотлар тарқатиши, одамлар уни ўқиши кераклиги хусусида ваъз  айтмоқчи эмасмиз.

 Бир нарса аниқки, биз мутолаадан, китобдан йироқ, аввал ҳам бунга қизиқиш билдирмаган кишиларга газета ўқитмоқчи бўлаяпмиз. Газета ўқишга хоҳиши борларга эса улар учун қизиқ мавзуларда мақолалар бера олмаяпмиз.

 Буни биргина китоблар мисолида тушунтирсак, электрон адабиётлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай бодраб ётган бир даврда босма китобларнинг савдоси "ўлгани" йўқ.  Китоб дўконларини айланиб кўринг, яхши адабиётлар қанчадан сотилаётган экан?! 30-40 минг сўм атрофида. Тўғри, қиммат, лекин одамлар олишаяпти. Нега? Чунки омма учун зарур, қизиқ, фойдали маҳсулот таклиф қилинаяпти.

 Дейлик, катта харажат қилиб, чиройли дизайнда китоб чиқариб, унда бир кишини кўкка кўтариб мақтаб, ҳали бола-чақаси, ҳали ошна-оғайниси билан тушган суратларини жойлаштириб чиқсангиз, ё бўлмаса, "Бағдодда ҳаммаёқ тинч..." қабилида ислоҳотлар самараларию ҳар бир одам бахтли экани ҳақида, одамларда айтарли муаммо қолмагани ҳақида ёзаверсангиз, ким ўқийди бундай китобни?

 Газеталар шу борада ютқазди. Янгилик тарқатишда интернет сайтлари билан рақобатга киришолмаслигини ўйламади ва ҳали ҳам бу анъана кўп газеталарда давом этаяпти. Бугунги хабар газетада саҳифаланиб, то ўқувчилар қўлига етиб боргунича бир ҳафта-ўн кун ўтиб кетяпти ва нашрни қўлга олган ўқувчи варақлашдан нарига ўтаётгани йўқ. Шундай одамга 100-200 минг сўм тўлаб обуна бўл деб бўладими? Бордию, мукофот эълон қилсангиз, ўқиши мумкиндир, лекин обуна бўлмаслиги аниқ.

 "Нашрингизни одамлар ўқишини истайсизми, марҳамат, умри узоқ мақолалар ёзинг" қабилида иш тутаётган таҳририятлар эса тош босадиган материаллар ёзишга зўр бериб ётибдию, айнан улар ёзаётган танқидлар негадир муассисларга хуш келаётгани йўқ. Қизиқ ҳолат-да, таҳририятга кўмаклашиб, ўзига маъқул мақолалар чоп этилишини ўйлашмайди (табиийки, пул сарфлаган томон ўз манфаатлари рўёбга чиқишига қарайди биринчи навбатда), танқидий чиқишлар бўлса, муассис эканликлари эсга тушиб қолади.

 Гапнинг индаллоси шуки, маҳаллий ҳокимликлар ўз муассислигидаги нашрлар масаласини узил-кесил ҳал этишлари керак. Босма шаклга талаб йўқми, электрон кўринишни ривож топтириш даркор. Бу таҳририятдагиларга ҳам маъқул аслида - қоғоз, босмахона харажатлари тежалади. Ўтган йили Ахборот ва  оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимликларга хат йўлланиб, таҳририятлар веб-сайтини ривожлантириш учун 100 миллион сўм маблағ йўналтирилиши бўйича тавсия берилганди. Аммо буям қоғоздан нарига ўтмади. 500-600 та обуна шакллангани кўринса, бўлди, ҳар қалай очдан ўлишмайди-ку, қабилида иш тутилиб, таҳририятларнинг кейинги тақдири билан қизиқилмаяпти.

 Рағбат, маблағ йўқ экан, бундай газеталардан сифат талаб қилишнинг ўзи уятли.


 Яна бир ҳолат ҳам борки, айрим таҳририятларда обуна авваллари зўр бўлганига ишониб, ўша кунлар яна қайтади, деган хаёлда недир бир мададни кутиб юришибди. Ўз газетаси тарғиботи йўлида ҳеч нарсага қўл уришаётгани йўқ, "Керак бўлса, ўқийди-да" деган фикрда улар. Ўйлаб кўринг: ахборот олишнинг минглаб воситалари турган бир чоғда, телефонга озгина пул ташлаб, хоҳлаган сайтга кириб, хоҳлаган нарсани кўриш, билиш имкони турган бир чоғда, йўқ ердаги нарсаларни ёзаётган, айтган янгиликлари 10-15 кун кечикиб борадиган газета кимга керак бўлиши мумкин? Ҳеч кимга!

 Демак, жар ёқасидаги газетани қутқариш учун аввало таҳририятлар қатъий йўналишни белгилаб олишлари зарур. Бир ҳафтада, ўн кунда чиқадиган газеталарга хабар ва бўлар-бўлмас "янгилик"ларни тиқиштиришнинг ҳожати йўқ. Зўр газета чиқаришга эришилдими, уни тарғиб қилишни ҳам билиш керак. Бир нарсани татиб кўрмагунча унинг мазасини билиб бўлмайдими, газетани ҳам ўқиб кўрмагунча савияси ҳақида фикр билдириш қийин бўлади. Ҳатто шу номдаги газета чиқишини билмайдиган раҳбарлар ҳам бор. Демак, уларга-да билдириш керак.

 Ҳокимликлар ярим жон таҳририятлардан ё воз кечсин, ё ўзига маъқул кўринишда ривожлантириш чораларини кўрсин - шунда ҳаммага маъқул бўлади. Мавзу ёпилади.


 Осмондан эса чалпак ёғмайди...

НАСРИДДИН

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!