Меню
Қашқадарё
"ЖАНОБ ТОЛСТОЙГА ҚАРШИ РИНГГА ЧИҚА ОЛМАЙМАН"
Буюк зотлар – адибу шоирлар, бастакору мусаввирлар ижодий фаолиятига назар ташласак, уларнинг аксари оламга машҳур асарларини яратишда китобдан илҳом олгани маълум бўлади. Шундай асарлар борки, улар бошқа бир асарларнинг туғилишида ва ёки буюк ёзувчиларнинг шаклланишида муҳим роль ўйнаган.
Колумбиялик адиб Габриэль Гарсиа Маркеснинг эътироф этишича, унга тўхтовсиз ёзиш истагини бахш этган асар Франц Кафканинг “Эврилиш” ҳикояси бўлган. Айни асарни ўқигач, у албатта ёзувчи бўлиши лозимлигини англаб етган, одатда, шу пайтга қадар тезроқ ухлаб қолиш учун китоб ўқиган бўлса, “Эврилиш”ни мутолаа қилганидан сўнг аксинча – туни билан мижжа қоқмаган, тонгда эса дарҳол ўтириб, ёзишга тутинган. Бу ҳақда унинг ўзи қуйидагича ёзган:
“Франц Кафканинг “Метаморфозалар”и илк сатрлариданоқ менинг янги ҳаётий йўлимни белгилаб берди. Янги кун мени ўзим вақтинча олиб ишлатиб турган ёзув машинкаси ёнига ўтиришга, Кафканинг китобидаги улкан ҳашаротга айланиб қолган бечора кимсага ўхшаш образлар яратишга ундади. Қолган кунлари мен азбаройи бу сеҳр тарқалиб кетишидан чўчиб, университетга ҳам бормадим...”
Шу таъсир натижасида Маркес номини дунёга машҳур қилган кўплаб асарлар юзага келади. “Ёлғизликнинг юз йили”, “Бузрукнинг кузи”, “Ошкора қотиллик қиссаси” каби роман ва қиссалар, бир қатор баркамол ҳикоялар жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олди.
Номдор олим Альберт Эйнштейн фаолиятини диққат билан ўрганган киши уни оламшумул кашфиёту ихтиролар қилишга ундаган куч ҳам китоб эканлигига амин бўлади. Олимнинг ўзи уни бутун умр мафтун қилиб келган, фандаги ютуқларига йўл очган асар борлигини эътироф этган. Бу – йирик инглиз файласуфи Дэвид Юм қаламига мансуб “Инсон табиати ҳақида трактат” асари эди. Ушбу китоб уч бўлимдан иборат бўлган: “Билиш ҳақида”, “Жазава (ҳаяжон) ҳақида” ва “Одоб ҳақида”. Улар мутолааси олимнинг борлиқ ва вақт ҳақидаги одатий қарашлар, одатий фикрлашдан қочишга ундаган. Эйнштейн айни шу китоб унинг нисбийлик назариясини яратишига туртки берганини бир эмас, кўп бора таъкидлаган. “Тўла ишончим комилки, - деганди у, – мазкур фалсафий асарларни ўқимаганимда мен ўз хулосаларимга келмаган бўлардим...”
Яна бир машҳур жаҳон адиби Эрнест Хемингуэй эса Лев Толстой қаламига мансуб “Уруш ва тинчлик” романининг мафтуни бўлган. Бунга қадар тоғ-тоғ китобларни ўқиб чиққан Хемингуэй “Уруш ва тинчлик” унинг энг севимли асарига айланганини таъкидлаган. Толстой уни ўзининг самимияти, кўнглидагини очиқ-ошкора, рўйи-рост ифодалаши, ижтимоий қатлам масалаларини ўткир очиб бериши билан шайдо қилиб қўйганди. Кейин ўзи ҳам худди шундай йўл тутди: Хемингуэй қаҳрамонлари ҳаётнинг маъносини излайдилар ва маънавий масалаларда бош қотирадилар. Адабиётни боксга қиёслаган Хемингуэй Толстойнинг буюклиги ҳақида шундай деганди:
“Мен жуда камтарона ҳужум бошладим ва жаноб Тургеневни мағлуб қилдим. Кейин, гарчи бу катта куч талаб қилган бўлса-да, мен жаноб де Мопассанга ҳам зарба бердим. Жаноб Стендаль билан икки марта дуранг ўйнадим, аммо сўнгги раундда мен барибир очколар ҳисобида ғолиб чиқдим. Бироқ ҳеч нима мени рингда жаноб Толстойга қарши чиқишга мажбур қила олмади...”
Адибнинг эътироф сифатида айтган бу сўзлари унинг имконсизлиги, ёмон ёзишидан далолат эмасди, аксинча, унинг учун илҳом манбаи бўлган Толстой китобларига бўлган чексиз меҳри, мутолаа завқига йўғрилган иқрор эди. Ёки ўзбекнинг буюк ёзувчиси Абдулла Қаҳҳорнинг “оламга Чехов кўзойнаги орқали назар ташлаб” топганлари, кўрганлари кейинроқ роман, такрорсиз қиссалар, кўплаб ихчам, аммо мазмунан теран, ҳар бир сўзи пишиқ-пухта бўлган ҳикояларга мавзу бўлгани ҳам бизга яхши маълум. Буларнинг бари китобнинг қудрати, унинг ҳаётбахш таъсиридан дарак беради.
Буюкларки, бу мўъжизадан шу қадар ҳайратланган ва шунчалар кўп, хўб наф-фойда олган, шу наф таъсири ўлароқ башариятга баркамол асарларни тақдим қилган экан, жамиятнинг ҳар бир аъзосига китобдан келадиган фойданинг кўламини ўлчаш мушкул. Юқоридаги каби мисоллар эса ҳар бир ихлосмандни мутолаанинг рангин олами томон оҳанрабодай тортиши турган гап. Зеро, китоб мутолааси энг гўзал, энг унумли машғулотдир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.