Меню

Қашқадарё

20.12.2023 10985

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ - ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти ривожининг муҳим омилидир. Бугунги кунда мамлакатимизда унинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Жумладан, Бош қонунимизда ҳар бир фуқаро жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.

Шунингдек, 2018 йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, унинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Юртимизда жамоатчилик назоратининг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Хусусан, бизда назоратнинг бундай тури қадим-қадимдан оқсоқоллар кенгаши кўринишида намоён бўлган. Бу ўзига хос тузилмалар маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик ва бошқа жамоат ишларида фаол бўлган.

Ҳозирда эса жамоатчилик назорати давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишини ҳамда ўз зиммасидаги вазифаларни виждонан бажаришини таъминлашда жуда муҳимдир. Шундай экан, жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини ошириш учун барча фуқароларнинг, қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш лозим. Мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари ҳар бир инсон онгида шаклланиши керак. Зеро, қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо бериш, шахсий фикр-мулоҳазаларни эркин баён эта олиш - жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий шартидир.

Маълумки, жамоатчилик назорати фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек, мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан амалга оширилади.

Шунингдек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга мамлакатимизда демократик тамойилларнинг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда. Жамоатчилик назорати жамият, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўртасидаги алоқани таъминловчи тузилма сифатида юзага келмоқда.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида жамоатчилик назоратининг субъектлари асосан давлат ташкилоти ва идораларига мурожаат ва сўровлар юбориш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш каби жамоатчилик назорати шаклларидан кенг фойдаланиб келмоқда.

Жумладан, 2023 йилнинг ўтган даврида ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қашқадарё вилояти ҳудудий бирлашмаси, Ўзбекистон “Ногиронлар” жамияти вилоят бўлими, шунингдек вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши каби нодавлат тузилмалар томонидан қатор соҳаларда жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилган.

Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокидаги гуруҳ томонидан 2022-2023 йилларда қурилган кўп-қаватли бино-иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва мустаҳкамлиги ҳолати, жойларда “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижросининг таъминланиши, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган лойиҳаларнинг молиялаштирилиши ва уларнинг сифатли амалга оширилиши бўйича бажарилган ишлар, давлат раҳбарининг 2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш хизматини яқинлаштириш ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимлари шакллантирилиши ва вилоятдаги умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги ҳамда мактаб ўқитувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳолатлари, сайловга тайёргарлик жараёнида имконияти чекланган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар   жамоатчилик назорати тартибида ўрганилиб, тегишли ваколатли давлат идораларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритилган.

Шунингдек, жамоатчилик назорати субъектлари томонидан мунтазам равишда давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилмоқда ҳамда жамоатчилик эшитувлари ташкил этилмоқда.

Жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” ҳудудий дастурининг 23-мақсади 51-бандига асосан аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш хизматини яқинлаштириш ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилган.

Шунингдек, жорий йил давомида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳудудий тузилмалари томонидан қатор жамоатчилик эшитувлари ташкил этилиб, уларда таълим, соғлиқни сақлаш ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари мутасаддиларининг ҳисоботлари эшитилган ва мазкур соҳалардаги камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилиб, тегишли давлат мансабдорларига таклиф ва тавсиялар тақдим этилган.

Бундан ташқари, федерациянинг ҳудудий тузилмалари томонидан ички истеъмол бозорида сифатсиз, одамлар ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирувчи, ишлаб чиқариш санаси кўрсатилмаган, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар сотилишига йўл қўймаслик юзасидан бозорлардаги маҳсулотларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлиги, сифати ҳамда давлат стандартлари ва сертификатлаштириш қоидаларига мослиги ҳолатлари бўйича доимий тарзда жамоатчилик мониторинглари ўтказилган ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли ваколатли давлат органларига маълумотлар киритиб борилган.

Шу билан бирга, 2022 йил ва 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун ижроси бўйича вилоятдаги 15 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сўровнома натижасига кўра, улар томонидан давлат органларига киритилган жами мурожаат ҳамда сўровлар сони 128 тани ташкил этган. 

Маҳаллалар томонидан жами 52 та давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этилган. Бунда, асосан ҳокимликлар, давлат солиқ инспекцияси, пенсия жамғармаси, йўл қурилиши бўлими, ичимлик суви, табий газ ва электр энергия таъминоти ташкилотлари кўпроқ диққат марказида бўлган.

Бир ярим йил ичида респондентлар томонидан 109 маротаба жамоатчилик муҳокамалари ва 40 маротаба жамоатчилик мониторинглари ўтказилган. Муҳокамаларда асосан маҳаллани электр энергия, ичимлик суви, табий газ ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш масалалари кўрилган бўлса, мониторингларда маҳаллалар ҳудудидаги умумий ўрта  таълим мактабларидаги ўқувчилар давомати ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, мактабгача таълим ташкилотларидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати каби масалалар ўрганилган.  

Мухтасар айтганда,  жамоатчилик назоратининг қонун билан кафолатланиши жараённи янада жадаллаштирди. Жамоат ташкилотлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонунларга қай тарзда амал қилаётгани ҳамда уларни қандай ижро этаётганини назорат этишга имкон туғдирди. Бу эса давлат органларининг ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқишига, хатоларни тузатишига, халқчилликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Яна шуни қайд этиш лозимки, бу жараёнга ҳар бир фуқаронинг фаоллиги ва дахлдорлигини ошириш жуда муҳимдир. Зеро, ҳар бир давлат хизматчиси ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этсин. Ана шунда жамоатчилик назорати халқимиз манфаати ва давлатимиз тараққиётига хизмат қилади.

 

Рустам АННАЕВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!