Меню
Қашқадарё
ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ НИМА, УНИНГ ҚАНДАЙ ШАКЛЛАРИ БОР?
Жамоатчилик назорати - жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш учун зарур ўта муҳим амалиёт саналади. Уни фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари қонунчилик доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонунига кўра, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг: қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, ривожланиш давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, фикрини ҳисобга олишга; фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашга; ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажаришга; давлат хизматларини кўрсатишга; ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти жамоатчилик назоратининг объектидир.
Жамоатчилик назорати: қонунийлик; фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги; иштирок этишнинг ихтиёрийлиги; амалга оширишнинг оммавийлиги ва очиқлиги; жамоатчилик назорати субъектларининг холислиги ва беғаразлиги; натижаларининг ишончлилиги; давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувга ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмаслиги каби принципларга асосланади.
Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; жамоатчилик эшитуви; жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш жамоатчилик назорати шакллари ҳисобланади.
Жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра баённома, хулоса, маълумотнома шаклида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклда якуний ҳужжат тайёрланиши мумкин. Унда баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинади.
Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.