Меню
Қашқадарё
ЖАМИ 900 МИЛЛИАРД СЎМ
Чет давлатлардан импорт асосида олиб келинган маҳсулотларнинг асосий қисмини технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ҳамда хомашёлар ташкил этади. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилганлиги самарасида ўтган йилнинг 9 ойида импорт маҳсулотларга 900,4 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Айтиш ўринлики, ҳозирги вақтда божхона тўловларидан имтиёзлар бериш назарда тутилган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча субъектларига тааллуқли бўлган умумий тусдаги 23 га яқин, фақат айрим корхона ва ташкилотларга нисбатан татбиқ этиладиган индивидуал тусдаги 300 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда. Улар талабларидан келиб чиқиб, Ягона давлат интерактив хизматлари порталидаги Ягона реестрда божхона тўловларини тўлашдан тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган имтиёз ва преференциялар рўйхати эълон қилинган ва доимий янгилаб борилмоқда. Бу каби имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар доирасида, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашёлар ва материаллар импорти бўйича қўлланилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, божхона тўловлари бўйича қўлланилган имтиёзлар миқдори ҳамда улуши йилдан-йилга ошмоқда. Бу эса тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятларнинг амалдаги кичик бир ифодасидир. Таҳлилларга кўра, 2015 йилда вилоятимизга четдан импорт қилинган маҳсулотларга ҳисобланган 809,36 миллиард сўмлик божхона тўловларидан 637,44 миллиард сўмига ёки 78,76 фоизига, 2016 йилда 798,62 миллиард сўмлик божхона тўловларидан 692,51 миллиард сўмига ёки 86,71 фоизига ҳамда 2017 йилда импорт маҳсулотларга ҳисобланган 965,69 миллиард сўмлик божхона тўловларидан 900,4 миллиард сўмига ёки 93,24 фоизига имтиёзлар қўлланилган.
Бундан кўриниб турибдики, 2017 йилда 2015 йилга нисбатан ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ихтиёрида 445,4 миллиард сўм кўп маблағлар қолди. Бу маблағлар келгусида корхоналар фаолиятини янада кенгайтиришга ҳамда моддий-техника базасини яхшилашга хизмат қилади. Пировардида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ошади.
Фарҳод МИРЗАЕВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи