Меню
Қашқадарё
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА АЛИШЕР НАВОИЙ
Румий илк таълимни Сайид Бурҳониддин Термизийдан олган. У болалигиданоқ динийтасаввуфий илмларни ўзгача иштиёқ билан ўргана бошлади. Эгаллаган билимлари ва фикрлаш қобилияти билан тез орада тилга тушди, етти ёшга тўлганида эса олиму шайхларнинг эътиборини қозонди.
Жалолиддин Румийнинг ҳаёт йўли билан танишар эканмиз, беихтиёр Алишер Навоийни хотирлаймиз. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад темурийлар саройининг амалдорларидан бири эди. Алишернинг бобоси Темурнинг ўғли Умаршайх билан кўкалдош бўлган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Алишер Навоий ўз даврининг машҳур шоирлари шеърини ёд айтиб, уларнинг маъносини теран изоҳлаб берганида, эндигина 45 ёшлар чамаси эди. Бундан ижод аҳли ҳайратда қолиб, у келажакда машҳур инсон бўлишини таъкидлашган. Навоий ҳам Румий каби яхши тарбия ва алоҳида эътибор билан улғайди, кичик ёшиданоқ олиму фозиллар даврасида бўлди. Бу, албатта, ҳар иккала иқтидор эгаси учун ижодий поғона вазифасини ўтади.
Бу икки буюк шоир - Румий ва Навоий улғайишдаги ўхшашликлар бўлса, энди ижодига ҳам назар соламиз.
Румийдан кейинги ўзбек мумтоз адабиётининг камол топишини унинг "Девони Кабир", "Маснавий" каби асарларидан айро тасаввур этиш қийин. Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулнинг "Ирфон ва идрок" китобида таъкидланганидек, "Жалолиддин Румий ва Алишер Навоий адабий меросини тарихийқиёсий йўналишда ўрганиш Навоий шеъриятининг ботиний оламини мукаммал билиш, ундаги бир қатор мураккаб тушунча ва ҳақиқатларнинг моҳиятини тўғри талқин қилишга йўл очади".
Алишер Навоий ўзининг "Насойим ул-муҳаббат" асарида бир фаслни Румийга бағишлагани ҳам у зотга бўлган чексиз ҳурматидан далолат беради.
Румийнинг ҳаётсеварлиги ва инсонга чексиз меҳр-муҳаббати асарларида ўз аксини топган. Унинг шеърияти адабиётга фақат янги сўз, янги маъноларни олиб кириш билан чекланмасдан, янгиянги бадиий восита ва усулларни ҳам мерос қилиб қолдирган. Алишер Навоий Румий асарларига бутун ижоди давомида мурожаат қилиб, улардан илҳомланганининг сабаби ҳам шунда. Шунингдек, Румий асарларининг тўла равишда халқ тилига мувофиқлиги, мақол ва ҳикматларга кенг ўрин берилганини ҳам Навоий ўз ижоди учун ибрат қилиб олади.
Навоий тасаввуфнинг мураккаб ва мунозарали масалаларини бадиий талқин этишда Румий ижодига таянганини кўрсатувчи далиллар, маълумотлар жуда кўп.
Масалан, тасаввуфий моҳиятдаги манзума ва достонларнинг хос жиҳатларидан бири уларда турли мазмундаги ҳикоятларга кенг ўрин берилганидир. Жумладан, "Маснавий" асарининг ғоявийбадиий қудрати ва таъсир даражаси Алишер Навоийнинг "Лисон уттайр" достонида ўз аксини топган.
Иброҳим Ҳаққул ёзади: "Лисон уттайр"да хилмахил мавзулардаги олтмишдан ортиқ ҳикоятлар бор. Уларнинг кўпчилиги ҳали таҳлил этилмаган. Мутлақ ҳақиқат томон бориш сирлари яширинган бу ҳикоятларни ўрганиш, айни пайтда тасаввуфни ўрганишдир".
Дарҳақиқат, "Лисон ут-тайр"даги ҳикоятлар нафақат Алишер Навоийнинг тасаввуф адабиётидан чуқур бохабарлигини, балки уларни талқин қилишда мустақил мушоҳада йўлини танлаганидан ҳам далолат беради. Шу маънода достоннинг биргина ҳикоятига эътибор қаратмоқчимиз. Фаридиддин Атторнинг "Мантиқ ут-тайр" асарида таърифланган етти водийдан бирининг номи "Маърифат"дир. У фикр ва қарашларининг исботи сифатида "Султон Маҳмуд ва бир харобадаги фақир" ҳикоясини келтиради. Аммо Навоий ўзининг "Лисон ут-тайр" асарида Аттордан кўра Румийнинг қарашларига кўпроқ таянганини кўриш мумкин. Масалан, Навоийнинг "Лисон ут-тайр" асарида "Кўрлар ва филлар" ҳикояти келтирилади. Филнинг асл ҳолатидан бехабар бўлган кўрлар қўллари билан уни тутиб тасаввур ҳосил қилишмоқчи бўлади. Шунда бири хартумини, бири думини, бири оёқларини тутиб, ўз фикрини тўғри деб билади. Шунда бир-бирини инкор этадиган қарашлар тўқнашуви юзага келади. Аммо асл ҳақиқат шуки, барчанинг тасаввури бирлашсагина филнинг шакли ҳосил бўлади.
Айни шу ҳикоят Жалолиддин Румийнинг "Маснавий" асарида ҳам учрайди. Фарқи шуки, унда басирлар бўлмайди. Келтирилишича, бир қоронғи бинода фил бор, деган тахмин бўлади. Унинг шакл-шамойилини билиш истагидаги кишилар қоронғи хонада турган филни тутиб кўришади ва барча ўз хулосасини айтади. Румийнинг таъкидлашича, улардан биттасининг бўлса-да, қўлида шам бўлганида, масала ойдинлашар эди.
Шам мазкур ҳикоятда ҳақиқат талқини сифатида акс этган. Моҳият бир, аммо ҳар икки муаллиф масалага алоҳида ёндашган.
Яна бир мисол, Навоийнинг "Лисон ут-тайр" асарида, қушлар сафарда давом этар экан, Ҳудҳудга савол беришади: "Ҳақиқий ишқ ва мажозий ишқ ўртасидаги фарқ нимада?" Жавоб асносида "Арасту ва унинг ошиқ муриди" ҳикояси мисол қилиб келтирилади. Айни шу ҳикоятга ўхшаш воқеалар Румийнинг "Маснавий" асаридаги "Подшоҳ ва канизак" ҳикояси мазмунига анча яқин. Бундай мисолларни Румий ва Навоий ижодида кўплаб учратиш мумкин. Иброҳим Адҳам ҳикояти, Арасту билан боғлиқ ҳикоятлар ҳам фикримизни исботлайди. Адабиётшунос Евгений Бертельс ҳам бу ҳикояларнинг фавқулодда қизиқарли эканлигини таъкидлаб, "Ҳикоятларнинг тугун ва ечими маълум маънода Жалолиддин Румийнинг "Маснавий"сидаги ҳикоятларни эсга солади. Лекин бунда мавзунинг ишланиши ўзгачароқ", дея таъкидлайди.
Демак, Румийга ўхшаб Навоий ижодида ҳам мажозий ишқ бутунлай инкор этилмайди, балки ҳақиқий ишққа эришмоқ учун нафс ва нафсоний эҳтиёжларни енгишга ундалади. Шунингдек, икки шоир ҳам бир пайтда кишиларни пок ишқ аҳли қошида масъулиятли бўлишга ундайди.
Шуни ҳам айтиш керакки, "Лисон ут-тайр" юзасидан ҳозиргача амалга оширилган тадқиқотларда "Маснавий"га деярли мурожаат этилмаган. Аслида "Лисон ут-тайр"да эришилган ғоявий-бадиий ютуқларни Румийнинг "Маснавий" асаридан ажратиб талқин этиш қийин.
Рашид ЖУМАЕВ,
адабиётшунос олим.