Меню

Қашқадарё

22.09.2016 2224

ЖАЙРОН БОЛАСИ ЎЗ ЗАМИНИГА ҚАЙТДИ

Яқинда вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган текширув-тарғибот тадбирлари давомида камёб жониворлар муҳофазаси билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатига дуч келинди. Миришкор туманида яшовчи фуқаро Мурод Рўзимаҳмедовнинг чўлдан қуралай, яъни жайрон боласини тутиб олгани ва уни сотиш мақсадида таниши А.Холназаровнинг қўйлари ётадиган қўтонида сақлаб келаётгани маълум бўлди. Бу жонивор эса Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоб”ига киритилган ва махсус назорат остидаги ноёб турлардан бири саналади.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, жайрон боласи вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига олиб келинди. Махсус парваришга муҳтож бу жонивор ҳақида зудлик билан Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган “Жайрон” экомарказига хабар қилинди ва тез кунда жайрон боласи марказ ходимларига топширилди.

Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунларининг қатор моддаларини бузиб, табиатга хўжасизларча муносабатда бўлган фуқарога тегишли тартибда қонуний чора кўрилди.

Карима ЯДГОРОВА, вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси инспектори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!