Меню

Қашқадарё

05.05.2016 2487

ЖАҒ-ЖАҒ

Март-май ойларида гуллайди, меваси май-июлда етилади. Жағ-жағ ёввойи ҳолда жуда кенг тарқалган - фақат энг шимолий ва сувсиз ҳудудлар ҳамда Арктикада учрамайди. Ўтлоқлар, боғларда, йўл ёқалари, бегона ўт сифатида экинзорлар ва бошқа ерларда ҳам ўсади.

Одатда, жағ-жағнинг янги кўкарган барглари овқатга солинади. Баргидан сомса учун масаллиқ, пюре, соус тайёрланади. Уни борш, сабзавотлардан тайёрланадиган салатлар, винегретлар, турли суюқ овқатларга қўшадилар. Жағ-жағнинг ёш, нозик барглари салатларга, нозик, ёқимли ўткир ва саримсоқпиёз ҳидини беради.

Баҳорда организм витаминларга, органик кислоталар, минераллар, ферментлар ва бошқа моддаларга катта эҳтиёж сезади. Бундай пайтда бошқа кўкатлар сингари жағ-жағни ҳам овқат рационига қўшиш фойдали. Мазкур ўсимлик иштаҳа очади, меъда ширасини ажралишини яхшилайди, енгил сурги ва ўт ҳайдаш хусусиятига эга. Унинг уруғи хантал ва қалампир ўрнида зиравор сифатида овқатга ишлатилади.

Барглари таркибида қандлар, флавоноидлар, органик (лимон, олма, фумар, вино) кислоталар, эфир мойи, сапонинлар, С, В2 ва К витаминлари, каротин, инозит, холин, ацетилхолин, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Уруғининг таркибида 28 фоизгача ёғ ва оз миқдорда синингрин гликозиди мавжуд.

Жағ-жағ турли қон оқишларида (бачадон, меъда, ўпка, буйрак, бурундан ва яралардан қон оққанда, бавосил касаллигида) ишлатилади. Яралардан, шилинган жойдан ва бурундан қон оқишини тўхтатиш учун янги йиғилган баргни эзиб, қон оққан жойга қўйилади. Ўсимлик дамламаси ичдан қон оқишини тўхтатади. Иситмани туширишда ва ич кетганда жағ-жағдан тайёрланган дамлама ичилади.

Таркибида холин ва ацетилхолин бўлгани учун жағ-жағ қон босимини пасайтириш, витамин К бўлгани учун қон ивишини тезлатиб, оқишини тўхтатиш таъсирига эга.

ЙЎНҒИЧҚА

Йўнғичқа – дуккаклилар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, унинг бир неча тури кенг тарқалган. Ер бағирлаб ўсадиган, қашқарбеда, оқ йўнғичқа сингари турлари доривор восита сифатида қўлланади.

Йўнғичқа гули, барглари ва пояси таркибида глюкозидлардан трифолин ва изотрифолин, эфир мойи ва қуюқ ёғ, каратиноид протеин ҳамда салицил ва кумарин кислоталари, флавоноид, аспарагин, тирозин, гипоксантин, ксантин каби шифобахш элементлар, E, С витаминлари кўп миқдорда учрайди. Шунинг учун йўнғичқа антибактериал, пешоб ҳайдовчи ва қувватлантирувчи хусусиятга эга. Ундан бош оғриғи, бронхит, бронхиал астма, нафас қисма, кўкйўтал, юрак хасталиклари, гипертония, камқонлик ва камқувватлик ҳамда енгил шамоллаш натижасида пайдо бўлган касалликларни даволашда фойдаланилади. Айрим оғир касаллик ва жарроҳлик операциясини бошидан кечирган беморларнинг дармонга кириши учун йўнғичқа дамламаси буюрилади.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!