Меню

Қашқадарё

27.03.2020 1825

ЖАҲОНДАГИ ПАНДЕМИЯНИ ЕНГИШ УЧУН НАВРЎЗИЙ ҚАДРИЯТЛАР КЕРАК!

Соғлом инсон - жамият бахти

Бу йилги Наврўзи оламни бироз безовта кутиб олдик. Бунга сабаб, пандемик характерга эга бўлган тождорвирус инфекциясининг дунё бўйлаб тарқалаётгани. Аҳамиятлиси, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида халқимизни бу офатдан асраб-авайлаш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилаётир.

Айниқса, Президентнинг Наврўз байрами муносабати билан табригида "Тинчлик ва соғлиқни асрасак, қолган нарсаларга албатта эришамиз", деган сўзлари қалбларга ҳақиқий байрам нафасини олиб келди.  Чунки, энг улуғ қадрият - тинчлик. Тинчлик-тотувлик бор жойда ўсиш, ривожланиш ва албатта, тараққиёт бўлади. Тарихдаги истаган ривожланиш даврига назар ташласангиз, барча юксалишларга аввало, тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган паллаларда эришилган.

Соғлиқ эса - энг катта бойлик. Соғлом вужуд ва ақл эгалари ҳар қандай жамиятнинг бойлигидир. Президентимиз алоҳида таъкидлаган мана шу икки қадриятни авайласак,  эъзозласак, албатта, қолган барча мақсадларга ўз-ўзидан эришамиз.

Дарҳақиқат, бугун тождорвирус инфекцияси энг долзарб мавзуга айланди. Дунё миқёсидаги, шунингдек, мамлакатимиздаги касалланиш ҳолати қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Лекин касалланганлар сони нечтага ошганини эмас, қандай қилиб ҳимояланиш, бир-бировни авайлаш лозимлиги ҳақидаги муҳокамалар фойдадан холи бўлмасди. Чунки, ҳамон турли оилавий тадбирлар давом этаётгани, гигиена қоидаларига эътиборсиз қаралаётгани, айрим кишиларда      шахсий масъулият уйғонмаётганини афсус билан таъкидлаш лозим. 

Ана шундай вазиятлар тушунтириш-тарғибот ишларини самарали ташкил этишни тақозо этади. Зеро, қудратимиз - ҳамжиҳатлик ва бирдамликда, меҳрибонлик ва оқибатдадир. Бунинг учун биринчи навбатда ҳар бир киши шахсий жавобгарликни, масъулиятни ҳис қилиб ҳаракатланиши лозим. Шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимиз, ишхонамиз ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз даркор. Энг муҳими, ортиқча ваҳимага берилмасдан, вазминлик билан ёндашув зарур.

Чунки, қолган барча вазиятлар Президент бошчилигида қатъий назоратга олинган. Озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Ўқувчи ва талабаларнинг онлайн таълим олишидан тортиб, ўқитувчиларнинг меҳнат таътилидаги ҳуқуқларигача ҳимояланган. Саноат корхоналари, тадбиркорлар ва экспортёрлар манфаатлари ҳам назардан четда қолгани йўқ. Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Президентимиз коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилди. Унга кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилиши белгиланди.

Айниқса, бугун шифокорлар зиммасига алоҳида масъулият юкланди. Мамлакатимизда тождорвирус инфекциясига  қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган.  Уларнинг фидойи хизматлари ҳукуматимиз, халқимиз томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Сўзимизни бежиз Наврўзи олам билан бошламадик. Чунки, бугун бизга Наврўзий қадриятлар керак. Балки, қаерлардадир бу касалликни дори-дармон билан бартараф этишар.  Лекин, биз бу синовдан Наврўз кунлари янада бўй кўрсатадиган меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик ва биродарлик, вазминлик ва оқиллик, тозалик ва озодалик, мурувват ва саховат каби халқимиз эъзозлаб, амал қилиб келадиган фазилатлар билан эсон-омон ва талафотларсиз ўта оламиз.

Зеро, бугунги кун шиори: огоҳ инсон - ҳимояланган инсон, ҳимояланган инсон - соғлом инсон, соғлом инсон - жамият бахтидир. Бахтимиз учун курашайлик, дўстлар!

Лола САОДАТОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!