Меню

Қашқадарё

27.05.2017 2187

“ЖАҲОН АДАБИЁТИ” ЖУРНАЛИ 20 ЁШДА

“Мустақиллик даври маънавияти ривожида “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтган тадбирда журнал бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, академик Бахтиёр Назаров, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, ижодкорлар – Сирожиддин Рауф, Абдулла Шер, Умида Абдуазимова, Шарифа Салимова, шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, талаба ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Жаҳон адабиёти” журнали бугун мамлакатимиз зиёлиларининг севимли нашри саналади. Нашр қамрови кенгайиб, дунёнинг барча давлатлари адабиёти, фалсафаси, санъати ва маданиятини тарғиб қилишга ихтисослашгани қувонарлидир. Унда дунё адабиётининг сара намуналари оригиналидан таржима қилиб берилаётгани эса журнал савиясини ошириб, ўқувчилар эътирофини қозонмоқда.

- Нашр 20 йиллигини нишонлашни айнан Қашқадарё вилоятидан бошлаганимиздан хурсандман, - дейди журнал бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев. – Мазкур журнал Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинганди. Унинг илк сони 1997 йилда Озод Шарафиддинов томонидан эълон қилинган ва у киши раҳбарлигида журналнинг 100 та сони адабиёт ихлосмандлари қўлига етиб борган. Бу даргоҳда шаклланган эзгу анъаналарни давом эттириб, энг сара асарларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этиш барчамизни мамнун этади.    

Тадбирда журнал орқали ўзбек китобхонига етиб борган “Жараён”, “Зардушт таваллоси”, “Педро Парамо”, “Иблислар”, “Ой ва сариқ чақа”, “Какку уяси узра парвоз” каби улуғ асарлар, уларнинг таржимонлари хусусида маълумотлар берилди. Ижодкорлар ўз ижодига мансуб шеърлардан намуналар ўқиб беришди. Умуман, учрашув барчада, айниқса, адабиётга меҳри баланд ёш ўғил-қизларда катта таассурот қолдирди.

 

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!