Меню
Қашқадарё
ЎЗГАЛАРГА МАНФААТ ЕТКАЗИШНИНГ 10 ФАЗИЛАТИ
Дарҳақиқат, муқаддас ислом динида ҳам бошқаларга фойда ва манфаат етказиш қадрланадиган энг олий хислат ҳисобланади. Бу хислат билан сифатланган инсонга улкан ажрлар ва олий мақомлар ваъда қилинган. Хўш, улар нималардан иборат? Буни ҳадислар мисолида далиллашга ҳаракат қиламиз.
1. Одамларнинг энг яхшиси бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин биров билан дўст тутинади, биров ҳам у билан дўст тутинади. Одамларнинг энг яхшиси уларга энг кўп манфаати етадиганидир”, дедилар.
2. Аллоҳнинг энг суюкли бандасига айланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг суюклиси одамларга кўпроқ манфаат келтирадиганидир”, дедилар.
3. Бало ва офатлардан ҳимояланади.
Бошқаларга манфаат етказадиган одамларга бериладиган фазилатлардан бири – бу турли офат ва балолардан ҳимояга олинишидир.
4. Дуо қилувчи фаришталар қуршовида бўлмоқ.
Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмон биродарининг ҳожатини раво қилиш учун юрса ва унинг ишини битириб берса, Аллоҳ таоло етмиш беш минг фариштани унга йўллаб қўяди. Улар унинг ҳаққига дуо ва раҳмат сўрайдилар. Агар тонгда ҳожатини чиқарган бўлса, тун киргунча дуо қилишади. Агар тунда ҳожатини чиқарган бўлса, тонг отгунча дуо қилишади. Биродарининг ҳожатини чиқариш учун юрганида ердан кўтарган қадами учун битта савоб ёзилади, ерга қўйган қадами учун битта хатоси кечирилади”, дедилар”.
Шуни билиб қўйиш керакки, Аллоҳнинг сахийлиги мана шундай бўлади. У биз ожиз бандалар қилган оддий яхшиликни мана шундай улкан неъмат ила мукофотлайди. Зеро, Аллоҳ бу қадар катта ададдаги фаришталарини биргина мўминнинг хизматида қилиб қўйиши билан унинг салтанатида бирор нарса заррача ҳам камаймайди.
5. Аллоҳ оғирини енгил қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қийинчиликда қолган кишининг ишини енгиллатса, унга манфаат етказса, Аллоҳ унинг дунё ва охират машаққатларини енгиллатади”, дедилар”.
6. Охират ташвишини аритади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг дунё ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг қиёматдаги бир ташвишини аритади”, дедилар”.
7. Аллоҳ унинг кўмагида қоим бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир биродарининг кўмагида бўлса, Аллоҳ унинг кўмагида бўлади”, дедилар”.
8. Ёмон ўлимдан омонда қолади.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бировларга манфаат етказадиган ишларни қилиш инсонни ёмон ўлимдан сақлайди. Яширин қилинган садақа эса Аллоҳнинг ғазабини ўчиради. Силайи раҳм (қариндошлар билан борди-келди қилиш) умрни узайтиради”, дедилар”.
9. Дуоси ижобат бўлувчи инсонга айланади.
Инсоннинг дуоси ижобат бўлиши Аллоҳга яқинлигининг белгиси ҳисобланади.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни машаққатлари ариши, дуоси ижобат бўлиши қувонтирса, қийналиб қолган (қарздор)га енгиллик қилсин ёки (қарзини) кечсин. Зеро, Аллоҳ муҳтожларга ёрдам беришни яхши кўради”, дедилар”.
10. Умр бўйи Аллоҳга хизмат қилиб ўтган деган унвонга сазовор бўлади.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир биродарининг ҳожатини чиқарса, бутун умр Аллоҳга хизмат қилган мартабасида бўлади”, дедилар”.
Кўриниб турибдики, бошқаларга наф келтирмоқ, ёрдам кўрсатишнинг фазилати кўп, мақоми жуда баланд экан. Ҳар биримиз ана шундай мақомда бўлишга интилайлик. Ўзгаларга, пировардида халққа хизмат қилишдан эса энг аввало ўзимиз манфаатдор эканимизни юқоридаги ҳадислар тасдиқлаб турибди.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли