Меню

Қашқадарё

29.11.2016 2080

ЎЗГАГА ДЕБ АДАШМА

Мусулмон киши ўзи эгаллаган касбнинг моҳир билимдони бўлиши талаб этилади. Агар у деҳқон бўлса, деҳқончиликнинг барча сир-асрорларини билиши ва уларга оғишмай амал қилиши лозим. Агар табиб ва шифокор бўлса, табобат қонун-қоидаларидан етарлича хабардорлик, беморга ёзаётган дори-дармонларнинг хусусиятлари, миқдори, вақтлари ва ҳоказолар ҳақида аниқ билимга эгалик, тажриба талаб қилинади ва ҳоказо. Умуман, қайси соҳа ёки касб эгаси бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмон билим эгаллаши ва ишини рисоладагидек бажариши зарур.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта бўлишини яхши кўради", деганлар (Абу Яъло ривояти, "Мажмаъу-з-завоид"; Суютий, "Ал-жомеъ ас-сағир").

Шунга кўра амалга оширилаётган ишни пухта ва мукаммал равишда, холисанлиллоҳ адо қилиш алоҳида ибодат ҳисобланади. Бинобарин, кишига бунинг учун қўшимча ажру савоблар ёзилади.

Барча ишни комил ва гўзал суратда, мукаммал бажариш муҳим ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга ҳам моликдир. Зеро, иш ва хизматнинг мукаммал ва пухта амалга оширилиши сабабли жамият гуллаб-яшнайди, кишилар ўртасида ишонч, розилик, дўстлик ва ҳурмат ришталари пайдо бўлади.

Мўмин киши бир ишга киришдими, ваъда бердими, қай ҳолга тушишдан қатъи назар, ўз нафсининг роҳатидан кечиб бўлса ҳам ваъдасининг устидан чиқади. Фақат замонавий муомалаларда "форс-мажор" деб аталадиган ҳолатларгина бундан мустаснодир. "Форс мажор" (force majeure) сўзи француз тилидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан юқори қувват, ўзига бўйсундирувчи зарурат деган маънони англатади. Бу ҳолат шартлашувчилардан бирортасига етиб, зиммасидаги вазифани ниҳоясига етказишга тўғаноқ бўлувчи кутилмаган табиий офат, фалокат ва ҳоказоларни кўзда тутади. Фақат мана шундай ҳолатларгина аҳдлашувчи томонлардан бирини ўз масъулиятидан озод қилиши мумкин.

Таассуфки, халқ истеъмоли учун чиқараётган маҳсулотининг сифатига унчалик эътибор бермайдиган, балки "мендан кетгунча, эгасига етгунча" қабилида иш тутадиган "тадбиркор"лар ҳам бор. Ундайлар "сифатини яхшиласак, харажати ошиб кетади, молимиз ўтмай қолади" каби турли баҳоналар билан ўзларини оқлайдилар ҳам. Бу сўзларнинг нақадар нотўғрилиги, воқеликка зид экани ақл соҳиби учун сир эмас. Одамлар бироз қиммат бўлса ҳам сифатли ва чидамли молни афзал кўриши ҳаммага маълум ҳақиқатдир.

Тадбиркор ёки ишлаб чиқарувчилар истеъмолчининг ҳуқуқларига риоя қилиб, маҳсулотнинг сифат даражасини жаҳон стандартларига яқинлаштирса, гарчи унинг таннархи бироз ошса ҳам, келажакда бундай маҳсулот халқ ичида катта қизиқиш ва талаб қозонади, уни истеъмол қилган ёки фойдаланган одамлар мамнун бўлиб, ишлаб чиқарувчининг ҳаққига хайрли дуолар қилишади. Айни чоғда маҳсулот сифатига эътибор бериш тадбиркорга узоқ муддатли фойда манбаи бўлиб хизмат қилади.

Ундан ташқари, молининг сифатига эътибор қаратувчи ҳунарманд ва ишлаб чиқарувчилар ниятларига қараб қўшимча ажр-савоблар ҳам олаверишади. Демак, мўмин киши хоҳ дунёвий иш бўлсин, хоҳ ухровий иш бўлсин, ўз ишини пухта ва комил суратда бажариши матлуб экан. Ана шундай қилинса, маиший ҳаётдаги ишлари ҳам ибодатга айланиб кетар экан.

Ҳар бир ишни яхшилаб, пухталаб қилиш динимизда "эҳсон" ҳам дейилади. Эҳсон ҳамма нарсада ўз ўрни ва ифодасини топиши керак. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганларидек, "Аллоҳ ҳамма нарсада эҳсонни амалга оширишга буюрган..." Шунга кўра, эҳсон ҳамма нарсага тегишли: ишлаб чиқаришга ҳам, нон ёпишга ҳам, таом пиширишга ҳам, бировнинг ишини битириб беришга ҳам, корхонада  хизмат қилишга ҳам. Қўйингки, ҳамма-ҳамма ишда "эҳсон" талаб этилади.

Шу ўринда мавзуга алоқадор бир ҳаётий ҳикояни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Қурилиш корхонасида бир уста-муҳандис ишларди. У ҳар доим ўз ишига масъулият билан ёндашиб, уни пухта ва мукаммал суратда адо қиларди. Иншоотларни, биноларни барча қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда рисоладагидек қурарди. Уста нафақа ёшига етгач, хўжайинидан нафақага чиқаришни илтимос қилди. Лекин корхона раҳбари бунга дарров кўнмади. Ўз ишини моҳирлик билан бажарувчи ходимни ҳеч қўйиб юборгиси келмасди. Лекин муҳандис ўз талабида қаттиқ туриб олди. Шунда бошлиқ бир шарт билан уни истеъфога чиқаришга розилик берди. "Сиздан сўнгги илтимосим бор. Охирги уйни қуриб беришингиз керак. Ўша лойиҳани амалга оширсангиз, бас, дарҳол нафақага чиқараман", деди у. Муҳандис истар-истамас бу шартни қабул қилишга  розилик билдирди ва вақтни ўтказмай, ишга киришди.

Лекин мазкур лойиҳа сўнгги иши бўлгани учунми, негадир бу сафар ўз одатига хилоф равишда қурилишнинг сифатига унчалик эътибор бермади. Барибир нафақага чиқаман-ку, дея масъулиятига панжа орасидан қаради. Қурилиш учун энг сифатсиз материалларни ишлатди. Қурувчи ва ёлланма ишчилардан фақат тезлик ва суръат талаб қилди, холос. Ҳаш-паш дегунча уй ҳам битди. Уй кўркам ва маҳобатли кўринса ҳам, аммо кўпга бормаслиги тайин эди. Уйни топшириш учун бошлиққа учрашди.

"Уста, - деди бошлиқ алланечук меҳр билан. - Бу уй мендан сизга совға. Шунча йиллик ҳалол меҳнатингиз эвазига мана шу ҳадямни қабул қилинг. Оилангиз билан бу янги уйда роҳатда яшанг. Ишдан бўшаш ҳақида ариза берганингизнинг ўзидаёқ сизга шундай "сюрприз" қилишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Қанча-қанча инсонларга қулай ва шинам уйлар қуриб бердингиз, энди ўзингиз ҳам шундай уйларда яшашга ҳақлисиз. Муборак бўлсин!"

Бошлиқ шундай деб уйнинг калитларини устага топширди. Устанинг оёқ-қўллари қалтираб, бўшашиб кетди. Бу сўзлар унинг бошига бамисоли тўқмоқдек зарб билан тушганди. Шу сафар аҳмоқлик қилганини ўйлаб, ўзини кечира олмас, ачиниб, афсус-надоматлар чекарди.

Қаранг-а, бир марта лоқайдлик эвазига ҳалиги одам ўз бошига бир умрга татигулик зарар келтирди. Ҳаммамиз ҳаётда мазкур ҳикояда тилга олинган устага ўхшаймиз. Агар қилаётган дунёвий ва ухровий ишларимизни пухта бажарсак, биринчи бўлиб ўзимизга яхши. Зеро, ҳар биримизнинг ишимиз ўзимиз учун дунё ва охират ҳаётини обод қилишдан иборат. Бу ҳаётда жиддият билан ишласак, албатта, ободлик ва фаровонликка эришамиз. Тоат-ибодатларимизни ҳам пухталик ва эҳсон билан адо қилсак, охират  уйимиз ҳам обод бўлади.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!