Меню

Қашқадарё

20.10.2022 4165

ЎЗГА ТИЛНИ БИЛИШ ЯХШИ, ЛЕКИН...

21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни

Доғистоннинг улуғ адиби ўз она тили - авар тили ҳақида ғурурланиб, майли, қашшоқ, майли, беҳашам бўлсин, лекин менинг учун азиз ва суюк, жаҳон минбаридан янграмаса ҳам Она тилим менга муқаддас, буюк, деган эди. Бугун Ер юзидаги юзлаб халқлар, миллатлар, элатлар ўз тили бор экан, улар мавжуд. Тилини унутганлари эса исмсиз одамга ўхшайди: ўзлигини, тарихини унутади, бошқа миллатга айланади.

Косон туманидаги 57-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчиси Латофат Расулованинг тил ҳақида ўз қарашлари, фикрлари бор. У ҳар гал дарсини бошлар экан тилнинг қудрати, нуфузи ҳақида ўйлайди, ўқувчиларида, аввало, тилга ҳурматни шакллантиришга ҳаракат қилади.

- Юртимизнинг қайси бир шаҳрига ёки қишлоқларига борманг, у ерлардаги ташкилот, дўкон, дорихона, турли биноларнинг пештоқларида ўзбекча ёзувдан кўра, кўпроқ инглизча, русча ёзувларга кўзимиз тушади, - дейди Латофат Расулова. - Тўғри, тил билиш яхши. Ҳатто Ренессанс даврида ҳам одамларнинг камида икки-уч тилни билишлари одатий ҳол саналган. Лекин ўзга тилни билиш ўз она тилимизни унутиш ҳисобига бўлмаслиги керак. 

Халқимиз ўз истеъдоди билан дунёни лол этиб келади. Ана  шу истеъдоднинг  бир қисмини  ўз  она  тилимизнинг  юртимизда  ва  дунёда  кенг ёйилишига сарфлай билсак, элимиз ва  Ватанимиз олдидаги энг катта хизматлардан  бирини ўтаган бўламиз. Модомики, тил миллатнинг томирида ҳаёт қони оқаётганидан дарак берувчи белгидир.

Жаҳонгир ДЎСТОВ

Суратда: Латофат Расулованинг дарс жараёнидан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!