Меню
Қашқадарё
ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН ИМОРАТГА НИСБАТАН МУЛК ҲУҚУҚИНИ ЭЪТИРОФ ЭТИШДА ТЕГИШЛИ ТАЛАБЛАРГА РИОЯ ЭТИЛАЯПТИМИ?
Ўз навбатида, мазкур фармон талаблари ижросини бир хилда таъминлаш, шунингдек, ушбу ҳужжатнинг ҳуқуқий маъно-мазмуни, аҳамиятини кенг аҳоли ўртасида манзилли тарғиб қилиш, ижрочиларга етказиш ҳамда ҳуқуқни қўллашда қонунийликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, Давлат хизматлари марказлари ва кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг аъзолари ўртасида ахборот алмашиш идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали амалга оширилмоқда.
2019 йил 1 майга қадар давом этадиган акция мобайнида фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга айрим шартлар асосида берилади.
Ушбу шартлар шундан иборатки, ер участкаси (участканинг бир қисми) қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлиши керак. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлиши зарур. Шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги шарт.
Яна бир жиҳат шундан иборатки, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун тақдим этилган мурожаатларни ишчи гуруҳ томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқиш ва натижаси ҳақида электрон ахборот алмашуви орқали хабар бериш билан боғлиқдир.
Бунда энг муҳими, "фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланиши" тамойили асосида мурожаат қилган фуқароларнинг аризалари давлат хизматлари марказлари томонидан электрон ахборот алмашинуви орқали комиссия ишчи органларига юборилади.
Хусусан, Низомга кўра, комиссия ишчи органи ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг аризасида кўрсатилган жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг техник планини шакллантириши, ушбу техник планни комиссия аъзоларига тизим орқали юбориши, комиссия аъзолари эса ўз навбатида ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 календарь кун мобайнида мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатини у жойлашган жойга бориб ўрганган ҳолда ўз хулосасини тақдим этиши лозим.
Таъкидлаш жоизки, Низомда ҳар бир ишчи органнинг аниқ функционал вазифалари, ижобий ёки рад этиш ҳақидаги хулосаларнинг пухта асослантирилган бўлиши зарурлиги, ўзбошимчалик билан қурилган объект ҳақида жойига чиқмасдан қандайдир ҳужжатлар ёки чизмалар асосида хулосага келиш қатъиян ман этилиши белгиланган бўлиб, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда қонунийлик, бевоситалик ва шаффофликни таъминлаш муҳим ўрин тутади.
Шу асосда бугунги кунда жойларда ишчи гуруҳлар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, адлия органлари томонидан бир марталик умумдавлат акцияси доирасида, авваламбор, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, хонадонма-хонадон манзилли ташвиқот ишларини ташкил этиш бўйича жойларда 2 мингдан ортиқ тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.
Бундан ташқари, бир марталик умумдавлат акцияси давомида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиётини ўрганиб, аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишларини, уларнинг содир этилишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Лекин, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан акция доирасида амалга ошираётган ишларимиз ўзининг тўла-тўкис самарасини бермоқда, фармон ва у юзасидан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини тўғри ва ўз вақтида изчил таъминлашга барча ҳудудларда ҳамма бирдек ёндашаяпти ёки ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, сайёр қабуллар ўзининг реал амалий натижаларини бераяпти, деб айта олмаймиз.
Ўтказилган ўрганишлар таҳлили, бу борада ҳали амалиётда ҳуқуқни қўллаш фаолиятимизда ҳам, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишда ҳам талай муаммо ва камчиликлар борлигини, қолаверса, фармон ва қарор ижросини бир хилда таъминлашда тизимли ва комплекс нуқтаи назардан жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Таҳлилларга кўра, қарор ижроси юзасидан ишчи органлар томонидан 2177 та ҳолатда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмагани аниқланди. Масалан, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан хулоса бериш муддати бузилиши билан боғлиқ 1067 та, қурилиш бўлими томонидан 904 та, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан 327 та, ДСЭНМ томонидан 618 та, ички ишлар бўлими томонидан 1015 та, давлат солиқ инспекцияси томонидан 1065 та ва ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан 49 та ҳолатда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Шу билан бирга, ишчи органлар томонидан далолатнома расмийлаштириш ва тасдиқлаш муддати бузилганлиги билан боғлиқ 486 та ҳамда рад этиш хулосаларини расмийлаштириш ва юбориш билан боғлиқ 366 та ҳолатда хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Мазкур қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан адлия органлари томонидан тегишли таъсир чоралари киритилди.
Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, ижрога масъул идоралар томонидан бу каби қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганининг сабаби ва омиллари нимада, нима учун ҳуқуқни бир хилда ва тўғри қўллаш борасида жойларда турли амалиёт, ҳар хил ёндашув шаклланган, фармонда белгиланган талабларни тез суръатларда сифатли бажариш учун ҳамкорликда яна нималар қилишимиз зарур?
Бу борада авваламбор бир марталик умумдавлат акцияси давомида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда ишчи органлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларини тўғри англаган ҳолда ҳуқуқни қўллаш фаолияти ташкил этилиши лозим. Нима учун деганда, юқорида айтганимиздек, Низомда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда ҳар бир ишчи органнинг мурожаат бўйича амалга оширадиган вазифалари, дейлик, ижобий ёки рад этиш хулосалари ёхуд далолатномаларнинг қандай тузилиши кераклиги қадамма-қадам аниқ кўрсатиб берилган.
Бундан ташқари, ҳудудларда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш йўлида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам ўзаро ҳамжиҳатликда сифат жиҳатидан жонлантириш, асосий эътиборни тарғиботлар сонига эмас, амалий натижасига қаратиш жоиз. Чунки, очиғини айтганда, жойлардаги тарғибот тадбирларига қарамасдан хатлов натижасида аниқланган ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар сонига нисбатан фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари орқали келиб тушаётган мурожаатлари кескин фарқ қилмоқда.
Албатта, амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг барчасидан кўзланган пировард мақсад - халқимизни рози қилиш, турмуш шароитини яхшилаш, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш ва жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган. Шундай экан, Президентимиз томонидан имзоланган ушбу фармон ижросининг ҳар бир ҳудудда, ҳар қайси соҳада тўлақонли бажарилишини таъминлашда барчамиз бирдек масъулмиз.
Салоҳиддин НУРИЕВ,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи