Меню

Қашқадарё

01.11.2024 427

Ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар қай тартибда қонунийлаштирилади?

 

Матбуот анжумани

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларга “амнистия” эълон қилинди. Ерларни қонунийлаштириш қандай асос ва тартибда кечади?

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу саволга вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Исоқов жавоб берди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президент томонидан имзоланган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунга асосан қатор тоифалардаги объектлар учун мулк хуқуқини расмийлаштиришга рухсат берилди.

Қонунга кўра, фуқаролар 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган, 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар, “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар, 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер, кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери,  давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер, ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган кўчмас мулкларни ўз номига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олишлари мумкин. Ушбу кўчмас мулкларни қонунийлаштириш учун улар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим. Яъни ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши, ер участкасидан фойдаланишда низо ҳамда ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик бўлмаслиги, муҳофаза зонаси ва суғориладиган ерда жойлашмаганлиги, бош режа талабларига зид бўлмаслиги, (мавжуд бўлса), ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар бажарилиши лозим.

-  Қонун 8 ноябрдан кучга киради, - деди Алишер Исоқов. -  Бунда фуқароларнинг ҳеч бир давлат органига мурожаат қилиш талаб қилинмайди. Барчасини давлат органлари фуқаролар учун ўзлари қуйидаги босқичларда амалга оширади. Яъни ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили вилоят ҳокимлари таклифлари асосида режа-жадвал тасдиқлайди ва автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади. 10 дан ортиқ ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади. Автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади. Манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар ушбу маълумотлар бўйича ваколатли ташкилотларга шикоят қилиши мумкин. Тўпланган барча ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги тизим орқали Адлия вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан ўрганиб чиқилади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида туман (шаҳар) адлия бўлими давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!