Меню
Қашқадарё
ЎЗБЕКОНА ЛУТФ ВА ТАБАССУМ
Ўз ҳунарига меҳр, ўзи қилаётган ишдан завқ олиш, изланиш, интилиш барибир бўй кўрсатар экан. Надежда Икромова ҳам яратган санъат асарлари билан атрофдагиларнинг эътиборига, ҳайратига сазовор бўлаверди.
- Билим юрти (техникум)ни тамомлаб, боғчага тарбиячи бўлиб ишга кирдим, - дея эслайди Надежда опа. – Ўша йили боғча тарбиячилари ўртасида танлов бўлаётганини эшитиб, унда қатнашишга аҳд қилдим. Астойдил тайёргарлик кўрдим. Танловда барча иштирокчилар қўл меҳнати билан ясаган буюмларини намойиш этишди. Мен ҳам гипс хомашёсидан ясаган, буёқ бериб, локланган миллий услубдаги ўйинчоқларимни тақдим этган эдим. Танлов якунида ҳамманинг иши яхши баҳоланди, фақат менга…
Ҳакамлар Надежда Икромованинг ясаган ўйинчоқларини томоша қилар экан, бу гўзал санъат асарларини стенд қаршисида турган соддагина аёл ясаганига ишонишмади. Ҳатто уни дўкондан сотиб олинган ўйинчоқларни олиб келганликда айблаб, дашном ҳам беришди.
- Ўша пайтда бу нарса менга жуда оғир ботганди, - дейди Надежда опа. - Ўрин ололмаганим учун уйга келиб роса йиғлаганман. Йиллар ўтиб ўйлаб қа-расам, ўйинчоқларимни ўзим ясаганимга ишонишмагани, уларни маҳоратли уста-ижодкорлар ясаган, деб ўйлашларининг ўзиёқ мен учун ҳар қандай мукофотдан, ҳар қандай ютуқдан қимматлироқ экан.
Надежда опа ҳозирги кунда Косон туманидаги 5-мактабда тўгарак ташкил этиб, ёшларга ўз ҳунарининг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Уни серқирра ижодкор дейиш ўринли. Тошқоғоз усулида бадиий безак бўладиган лаганлар ҳам ясаб, уларга турли нақшли тасвирлар чизади. Уларнинг аксариятида тарихий шахслар, миллий қаҳрамонларимиз қиёфаси акс этган. Айниқса, миниатюра ҳайкалчаларидаги соф ўзбекона лутф ва табассум беихтиёр дилингизга қувонч бахш этади.
Амалий санъатнинг каштачилик турида иш аввал матога гулу нақшларнинг суратини чизишдан бошланади. Бу, тан олиш керак, анчайин мураккаб. Чунки ҳар бир такрорий чизиладиган гул ва нақш ҳажм жиҳатидан фарқ қилмаслиги керак. Тумандаги кўпчилик каштадўз хотин-қизларнинг ушбу масъулиятли юмушида Надежда опа яқин кўмакчи бўлиб келмоқда. Опа анъанавий кашта нақшлари билан биргаликда, янги нақшлар турларини ижод қилишни ҳам яхши кўради.
Дарвоқе, мактабда ўқитувчи ва ўқувчилардан ташкил топган қўғирчоқ театри фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Унда «Зумрад ва Қиммат», «Очил дастурхон», «Эгри ва Тўғри» сингари ўзбек халқ эртаклари саҳналаштирилиб, мактаб ўқувчилари эътиборига ҳавола этилди. Қўғирчоқ театрининг ажойиб қўғирчоқларини Надежда опа ва шогирдлари тайёрлашган.
Умрини болалар тарбиясига, уларга овунчоқ бўладиган ўйинчоқлар ясашга бағишлаган Надежда Икромовада катталарда учратиш қийин бўлган болаларча соддалик ва самимийлик бор. Бу фазилатларни нафақат ижодкорнинг чеҳрасида, балки у яратган ҳар бир қўғирчоқда кўриш, ҳис этиш мумкин. У ясаган буюмлару ўйинчоқларнинг севимли бўлишга балки айнан шу нарса асқатаётгандир?!
Жобир ИСМАТУЛЛАЕВ