Меню

Қашқадарё

03.02.2018 1937

ЎЗБЕКНИНГ ЖЎМАРД АДИБИ ЭДИ

«ЎТДА ЁНМАС, СУВДА ЧЎКМАС АСАРЛАР ЯРАТДИ...»

"...Тоғай Мурод адабиётга дангал кириб келди. Шартта бурилди-ю, ҳаётдан кетди-қолди. Ундан ўн-ўн беш кичик асар, тўрт қисса, икки роман, нари борса, тўрт жилдга жо бўларлик мерос қолди. Аммо ёзувчи асарлари руҳини, улардаги ўзбекона ғурур, сурур, қатъият, орият, жўмардликни жо-бажо қиладиган ҳажмни топиш мушкул. Тоғай Мурод ўтда ёнмас, сувда чўкмас асарлар, юрагида ёли бор қаҳрамонлар тимсолини яратдики, улар ҳамиша, ҳар қаерда, ҳар қандай шароитда ўзбекнинг ўзлигини намоён этаверади...

...Кўкда юлдуз учди: юзимга фотиҳа тортдим. Учган юлдуз Тоғай Мурод ҳаётини олиб кетганини билгач, юрагим эзилди. Хаёл учқур-да: ўлим хабарини эшитганда Бўри полвон зўр курашга баковуллик қилаётганди. Бир зум қотиб қолди:

- Аттанг, чакки бўлибди...

Олишаётган полвонлар бир-бирларининг елкаларига маъюс бош қўйишди. Зиёдулла кал югура келиб отига минди, изиллаб йиғлаганича арғумоғини чоптириб кетди. Қоплон бобо, Оймомо момо бир зумда чўкиб қолишди:

- Болам-а... болам-а... Бизларга фарзандлик қилувдинг-а... Китоб қилиб ёзувдинг-а...

Деҳқонқул хотинининг куйиб кетганига, болаларининг бўзлаб қолганига чидаган эди. Тоғай Муроддан айрилгач, ўзини қўярга жой тополмади. Тошкентга шошилди. Жанозада қатнашди. Чиғатой қабристонини ҳамма тарк этгач, Тоғайнинг тоғдай қабри пойига чўккалади, онасидан ўрганган оятларни билганича такрорлади: оят сўзлари кўз ёши бўлиб, янги қабр тупроғини ҳўллай бошлади. Тоғай Мурод ўзбек юртининг тоғу тошларини, қир-адирларини, дарёю кўлларини, об-ҳавосини юракдан ҳис қиларди. Баҳорнинг сўнгги кунлари чақмоқли, гулдуракли, ёғин-сочинли келди. Она табиат зинда фарзандининг ўлимини олдиндан сезганмиди?!"

Абдуғафур РАСУЛОВ,

филология фанлари доктори

«ДАЛАЛАР МЕНИНГ ОТАМДАН ҚОЛГАН ЭКАН...»

"Менинг Тоғай Мурод билан танишишим, ўзим учун уни катта ёзувчи сифатида кашф этишим жуда қизиқ бўлган. Ҳаммаси бир тасодифдан бошланган эди. Бир куни "Ўзбекфильм"да ўтирсам, ҳовлиқиб актёр Мурод Ражабов келиб қолди:

- Шуҳрат ака, кечирасиз, хаёлингизни буздим, - деди. - Ҳозир бир ишни зудлик билан қилмасак, кейин кеч бўлади.

- Нима, нимани гапираяпсан? - дедим ҳеч нарсага тушунолмай ҳайрон бўлиб.

- Тоғай Мурод бир роман ёзибди, ўқиб ҳайратда қолдим. Халқ ҳаётини шундай теран берганки... Рости, ҳали бирор ёзувчи бадиий адабиётда замонавий ҳаётимизни бунчалик акс эттиролмаган, - деди Мурод.

Мен Тоғай Муроднинг бу романи довруғини эшитган эдиму, бироқ ҳали ўқишга улгурмагандим. Муроднинг қистови билан Тоғай Муродга қўнғироқ қилдим. Ҳали ўзим ўқимаган романни кино қилиш учун ундан рухсат сўрадим. Орқаворатдан Тоғай Мурод бундай таклифларни кўп рад этганлигини эшитиб юрардим. Қизиқ бўлди, биз ҳаётда учрашмаган бўлсак ҳам тезда тил топиша қолдик. Ёзувчи менга асарини кино қилишимга телефонда рухсат берди. Телефон гўшагини қўйгач, Муродга юзланиб дедим:

- Нима қилиб қўйдинг? Энди менга роман ёқмаса-чи?

- Сизнинг дидингизни биламан. Сиз аввал китобни ўқиб чиқинг! - деди Мурод.

Орадан бирмунча вақт ўтди. Ўша пайтлардаги раисимиз Темурмалик Юнусов бир куни мени ҳузурига чақирди.

- Биз иккита миллий асарларимиз асосида фильм ишлашимиз керак, - деди. - Мақсадимиз "Ўткан кунлар" билан "Отамдан қолган далалар" романларини экранлаштириш. Мелис Абзалов  Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи асосида фильм ишлайди. Сиз Тоғай Муроднинг "Отамдан қолган далалар" асарини экранлаштирсангиз, дегандик.

Бу гап мен учун янгилик бўлмади. Мен аллақачон бу таклифга рози эдим. Шу аснода романни ўқиб ҳам, уқиб ҳам чиқдим. Асарнинг обдан ичига кириб, бир нарсага амин бўлдим: рамзий ва том маънода ҳам далалар менинг отамдан қолган экан. Бу асар она халқимнинг, ота юртимнинг кўнгил кечинмаларидан бино бўлган дардномаси эди. Асар менга жуда маъқул тушди. Роман, назаримда, мен учун ёзилгандай эди. Унда тасвирланган ҳар бир образ кўз ўнгимда яққол гавдаланди. Мен гўё улар билан бутун умр бирга яшаган эдим. Асар қаҳрамонлари билан тақдирим ҳам бир эди гўё. Демак, улар ҳақида кино қилсам, ўзим ҳақимда кино ишлаган бўларканман-да. Мен  Тоғай Мурод яратган образлар билан ҳамнафас бўлдим, ҳамдард бўлдим. Қарангки, азбаройи асарга киришиб кетганимдан, ёзувчининг ўзи ҳам эсимдан чиқиб кетибди. Тоғай Мурод катта ижодкор, ёзувчи сифатида халқ бошига тушган зулм-хўрлик, азобларни ўз вужудидан ўтказади, бу кулфатларга чидай олмайди, бундан хўрлиги келади. Шунинг учун ҳам муаллифнинг жони ҳалак бўлади, асарнинг ҳар бир сатридан дил оғриғи уфуриб туради. "Дод!" - дейди ёзувчи. Биз экранда мана шу руҳни кўрсатиб беришимиз керак эди..."

Шуҳрат АББОСОВ,

кинорежиссёр

«ПОЛВОН, ЧАВАНДОЗ, ШОИР, ДЕҲҚОН...»

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари "Шарқ юлдузи"' журналида яхши анъана йўлга қўйилганди. Журналнинг ҳар йили бир сони тўлиғича наср ва назмда тетапоя бўлаётган ёш ижодкорларга бағишланарди. 1976 йилдаги махсус сонида эълон қилинган бир қисса ярқ этиб кўзга ташланди.

Қиссанинг номи "Юлдузлар мангу ёнади" бўлди.

Бу қисса қисса эмас, қўшиқ бўлди.

Бахшиёна асар битган таниқли ёзувчи эмас, номи ҳали ҳеч нимани англатмайдиган Тоғай Мурод бўлди.

Қўлимиздан журналнинг ушбу сони тушмас бўлди.

- Ўқидингми? - сўрардик бир-биримиздан.

 - Ўқидим, - жавоб берардик ундан-да кучлироқ завқ билан.

- Тоғай Мурод деганлари полвон экан, - дердик ўзимизни кўп нарсадан хабардор тутиб бир-биримизга.

...Адиб оз ёзди, оз ёзса-да, соз ёзди. Унинг ҳар бир битиги янги дунёлар очди кўз ўнгимизда.

"От кишнаган оқшомлар" достон китобимиз бўлди.

"Ойдинда юрган одамлар" садоқат китобимиз бўлди.

"Момо ер қўшиғи" диёнат китобимиз бўлди.

"Отамдан қолган далалар" тарих китобимиз бўлди.

"Бу дунёда ўлиб бўлмайди" тазарру китобимиз бўлди.

Биз уларни қайта-қайта ўқиб тўймадик.

Шу зайл полвон, чавандоз, шоир, деҳқон... Тоғай Мурод жой олди қалбимиздан. Тоғай Мурод Тоғай Мурод бўлиб эмас, навбатдаги қаҳрамонлари қиёфасида онгимизга, шууримизга кириб келар бўлди...

...Афсус, бир кун кутилмаганда Тоғай Муродимизни йўқотиб қўйдик. Юрак оҳ чекди, кўнгил йиғлади. Аммо дилимизнинг туб-тубларидан таниш сиймолар "мана мен" деб юз кўрсата берди.

Энди Бўри полвон, Зиёдулло чавандоз, Деҳқонқуллар... Тоғай Мурод сиймосида бирга яшаётган экан биз билан...

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

ХУРШИДА тўплади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!