Меню
Қашқадарё
ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ: РАҚАМЛАР. ДАЛИЛЛАР. ФИКРЛАР
Ислом Каримов Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабни олтин медаль билан тамомлаган. Ўқувчилик давридаёқ жуда кўп адабиётларни, айниқса, тарих бўйича китобларни кўп ўқиган. Аниқ фанларни ёқтирган, шахмат, моделлаштириш ва стол теннисига қизиққан. Катталардан бири ўқувчи болалардан келгусида ким бўлмоқчи эканликларини сўраганда, биров учувчи, бошқаси чилангарликни айтган. Ўшанда Ислом Каримов “Амир Темурдек бўлмоқчиман”, дея жавоб берган экан.
Меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳар хил турларини, шу жумладан, пахта териш машиналарини ишлаб чиқарадиган “Тошсельмаш” заводида бошлаган. Сўнг собиқ совет иттифоқи ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бири – Тошкент авиация заводида ишлай бошлаган.
Ишлаш билан бирга, Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимида ўқиган. Номзодлик диссертацияси мавзуси: “Ўзбекистон ССР саноатининг тармоқ тузилиши ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари”.
1975 йилда Москвадаги нуфузли Халқ хўжалиги бошқаруви институтида иқтисодий-математик усуллар ва ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш ва режалаштиришни бошқариш, ташкил қилишнинг замонавий усуллари соҳаси бўйича таҳсил олганини эса ҳамма ҳам билмайди.
1986 йилда Давлат режа қўмитаси раиси бўлган Ислом Абдуғаниевич Қашқадарёга “сургун” қилинишининг сабаби – Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасига “Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиши муаммолари ва истиқболлари ҳақида”ги маълумотнома тайёрлагани бўлган. Ислом Каримов вазиятни чуқур ўрганганидан кейин республика иқтисодий талафот олдида турганини англайди. У вазиятни тушунган ва уни яхши томонга ўзгартиришни хоҳлаган ҳолда мазкур маълумотномани тайёрлайди, пировардида жиддий ва аниқ чоралар кўрилишига умид қилади. Бу “ўзбошимчалик” раҳбариятга ёқмай, Ислом Абдуғаниевични чекка ҳудудга юборишади. Қашқадарё вилоятида эса вазият анча мураккаблашган, чунки вилоятнинг аввалги раҳбарияти халқнинг кўз ўнгида ўз обрўсини туширган, у ерда партия раҳбарларига нисбатан ишонч умуман йўқ эди. Аслида Ислом Абдуғаниевичнинг Қашқадарёга тайинланиши уни синдириш учун керак бўлган, деб бемалол айтиш мумкин. Бироқ бунинг мутлақо акси содир бўлганини ҳамма яхши билади.
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон раҳбари сифатида иш бошларкан, собиқ иттифоқдан мерос сифатида коммунистик мафкура, “пахта иши” деган туҳмат, халқ кайфиятидаги тушкунлик, 1 миллионга яқин ишсиз, қарийб 9 миллион қашшоқ аҳоли каби кўплаб асоратлар қолганди.
Бугунга қадар шиор сифатида такрорлаб келинадиган “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган фикрни Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганидан кейинги кунидаёқ, яъни 1989 йил 24 июнда ҳукумат йиғилишида айтган.
Ислом Каримов раҳбарлигининг дастлабки даврида, яъни 1989 йил августидаёқ тарихий қарор қабул қилинган – 400 минг гектарга яқин суғориладиган ерлар қарийб 2,5 миллион оилага томорқа сифатида ажратиб берилган. Солиштириш учун мисол: совет ҳокимиятининг 72 йили мобайнида Ўзбекистон қишлоқ аҳолисига атиги 300 минг гектар ер ажратилган, холос.
Тошкент вилояти Бўка ва Паркент туманларида авж олган митингларда шахсий хавфсизлиги ҳақида бош қотирмай, одамларни ўзига ишонтира олган. 1991 йилнинг охирида Наманган вилояти маъмуриятининг экстремистлар томонидан тўлалигича назорат қилинган биносига ҳимоя қилувчи ходимларсиз бир ўзи кириб, ҳар қандай экстремизмни, шу жумладан, диний экстремизмни истисно қилувчи демократик ва дунёвий давлат қуриш бўйича ўз нуқтаи назарини қатъий ва аниқ қилиб кўрсатиб берган.
Умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 1991 йил 29 декабрда, 2000 йил 9 январь, 2007 йил 23 декабрь, 2015 йил 29 март кунлари ўтказилган сайловларда мутлақ кўпчилик овоз билан Президентликка сайланган.
Ислом Каримов бошчилигидаги комиссия томонидан ишлаб чиқилган Конституция Европа мамлакатлари ва АҚШнинг энг талабчан экспертлари, БМТ ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг кўп сонли экспертлари томонидан демократик нормаларга мувофиқ дея эътироф этилган.
Дастлаб Ўзбекистоннинг ўз Қуролли Кучлари бўлмаган. Унинг ҳудудида бир неча республикаларни қамраб олган кенг Туркистон ҳарбий округининг ҳарбий қисмлари жойлашганди. Ислом Каримов бошчилигида таркибидаги ҳарбий қисмларнинг жанговар қобилиятига жиддий зарар етказмаган ҳолда ўз Қуролли Кучларимиз яратилди, мутлақо янги асосда ва қисқа муддатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва миллий хавфсизлик органлари тизими шаклланди.
Бирор бир давлатни байроқ ва герб сингари рамзларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мустақил Ўзбекистоннинг ушбу муҳим рамзлари муаллифи Ислом Каримовдир. Шунингдек, у “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Буюк хизматлари учун” орденлари каби мукофотларни яратиш бўйича муаллиф ҳамдир.
Ислом Каримовнинг 1992 йилнинг июлида Хельсинкида ўтказилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашда иштирок этгани Ўзбекистоннинг халқаро обрўси эътироф этилгани ҳисобланади. У ЕХҲТнинг йиғилишида раислик қилиб, “Ўзгаришлар вақтига таҳдид” деб номланган якуний ҳужжатини муҳокама қилган.
Биринчилардан бўлиб терроризм ва у билан яқин боғланган наркобизнесни бартараф этиш бўйича Марказий Осиёда “хавфсизлик белбоғи”ни таклиф этган. Ушбу ташаббус асосида Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси қароргоҳи очилган.
Ислом Абдуғаниевич Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани яратиш бўйича ташаббусни илгари сурган ва бу борада изчил ҳаракатлар қилган. Ушбу зонанинг якуний шаклланиши АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия – ядро давлатлари бешлиги томонидан имзоланган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги шартномага Хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги баённомада мустаҳкамлаб қўйилган.
Асосини тинчликсеварлик ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, вужудга келадиган зиддиятлар ва низоларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал қилиш ташкил этадиган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган.
Эътироф
Жан-Клод Ришар, Франциянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси:
- Мен мамлакатингизда фаолият юритган вақтимда жуда кўплаб ёрқин ҳолатларга гувоҳ бўлганман. Улар орасида Ислом Каримовнинг 1996 йил апрель ойида Францияга амалга оширган расмий ташрифи ва унинг жуда илиқ вазиятда ўтган Президент Жак Ширак билан учрашувидир. Ўша чоғда давлатимиз раҳбари мендан Париж шаҳрида Амир Темур ҳақидаги кўргазманинг Ислом Каримов иштирокида очилиши қайси вақтга мўлжалланаётгани ҳақида секингина сўради. Ва кечга томон, гарчи унинг қатнашиши режалаштирилмаган бўлса ҳам, Жак Ширак ушбу тадбирга келди ва Ўзбекистон раҳбари унда жуда яхши таассурот қолдирганини айтди.
Бельгиянинг “Brussels Express” интернет нашри:
- Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон миллий тикланишининг асосчиси деб аташ мумкин. У янги даврнинг буюк сиёсатчиси, узоқни кўра оладиган ва стратегик жиҳатдан пухта фикрлайдиган, дунёда ҳамда минтақада кечаётган фавқулодда мураккаб воқеа-ҳодисалар моҳиятини теран англайдиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир ватандошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис этадиган раҳбар эди.
Ли Цзинсянь, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси:
- Президент ҳамиша кенг мулоҳаза юритарди, иккинчи даражали жиҳатларга беҳуда эътибор қаратмасди. Унинг маърузалари қисқа ва аниқ, зериктирадиган даражадаги узун гаплардан холи, теран, айни пайтда барча учун тушунарли бўларди.
Жанубий Кореянинг “The Korea Post” журнали:
- Ислом Каримов ўз халқининг юксак муҳаббатига сазовор бўлган, улкан халқаро нуфузга эришган том маънодаги тарихий шахс, буюк давлат арбоби эди. Ўзбекистон халқи мустақиллик даврида эришилган барча муваффақиятни ҳақли равишда Биринчи Президентнинг номи билан боғлайди.
Бирлашган Араб Амирликларида чоп этиладиган “Aviamost” журнали:
- Бугунги кунда Ўзбекистоннинг бебаҳо моддий ва бадиий мероси, унинг давлатчилик негизлари, маънавий-ахлоқий анъаналари мустақил давлатнинг янги тарихи солномаларини яратишга асос, мамлакатни дунёга танитишга хизмат қилувчи манба бўлди.
Қирғизистонлик сиёсатчи Роза Отунбаева:
- Каримов ўз атрофидагиларга бошқа сиёсатчилар билан қандай гаплашиш кераклигидан сабоқ берган. Биз қўл қовуштириб ўтирмай фаол ишлаган Ислом Абдуғаниевичдан мағрурланамиз. Биз минтақамизда шундай лидер бўлганидан фахрланишимиз керак.
Франциянинг “TV5Monde” телеканали:
- Ислом Каримов чорак аср мобайнида ўз мамлакати барқарорлигини таъминлаган атоқли давлат ва сиёсат арбобидир.
Дмитрий Мезенцев, Россия Федерацияси парламенти Федерал Кенгаши (юқори палатаси)нинг аъзоси, Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг собиқ бош котиби:
- Мен Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммити якунларига бағишлаб жуда ажойиб тарзда ўтказилган матбуот анжуманини яхши эслайман. Ўшанда Ислом Каримов замонавий дунёга хос бўлган халқаро муносабатлар тизимига кенг ва балки, кескин баҳо берганди.
Бугун биз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотининг қандай фаолият юритаётгани ҳақида кўп гапирамиз. Шу билан бирга, МДҲдаги ҳар бир аъзо мамлакатнинг тутган ўрни жуда муҳим эканлигини яхши англаймиз.
Ўзбекистон жадал ривожланишда давом этишини, келгусида ҳам Ислом Каримов даврида йўлга қўйилган давлатлараро муносабатларни, жумладан, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик тажрибаси қўллаб-қувватланишини истардим.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.