Меню
Қашқадарё
ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИР “ПАРЧА”СИ
- Айтганча, сиз Ўзбекистондансиз-а? – деди анчадан бери мени кузатиб ўтирган мезбон. Сўнг ўрнидан туриб ёнимга келди. Сувенирни қўлимдан олиб, унга меҳр билан тикилди. – Бундан уч йил илгари Ўзбекистонда, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби шаҳарларда бўлганман. Уйга қайтишда ўзим билан Ўзбекистоннинг бир “парча”сини олиб келганман. Унга ҳар гал кўзим тушса, жаннатмонанд Ватанингиз, меҳмондўст халқингиз ва гўзал шаҳарларингиз кўз олдимда намоён бўлади. Ширин таассуротлар қайта уйғонади. Айниқса, уйимга яқин дўстларим келишганида мазкур сувенирни қизиқиб томоша қилишади. Мен эса уларга юртингизда ўтган кунларим ҳақида сўзлаб бераман.
Гопакумарнинг сўзларидан тўлқинланиб кетдим. Эътиборлиси, ўшанда биргина сувенир Ўзбекистоннинг довруғи, унинг бетакрор табиати, қадимий ёдгорликларини дунё бўйлаб кенг ёйиш ва танитишда қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлишини тушуниб етгандим. Ўз навбатида, мен ҳам Ватанимга дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналган Тож Маҳалнинг мармардан ишланган кичик нусхасини ўзим билан ола келдим. Ҳақиқатан, Гопакумар айтганидек, ўша сувенирга қачон кўзим тушса, Ҳиндистонда ўтган қисқа саёҳат кино тасмасидек кўз олдимдан ўтади.
Таъкидлаш жоиз, бугун мамлакатимизда хорижлик сайёҳлар эътиборини тортган кўплаб шаҳарлар, тарихий қадамжо ва қадимий ёдгорликлар мавжуд. Хусусан, вилоятимизнинг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари мунтазам равишда сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда. Айниқса, Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастурларига кўра, қайта чирой очган мазкур икки шаҳарга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг сони икки бараварга ортган, десак янглишмаган бўламиз.
Шунга мос тарзда ҳудудда миллий ҳунармандчилик намуналари ҳамда гўзал юртимиз манзаралари ифода этилган эсдалик совғалар тайёрлаш, сайёҳлик соҳасида кўрсатилаётган хизматларни кенг миқёсда тарғиб этиш, сувенирлар индустриясини равнақ топтириш, тўқимачилик ва ҳунармандчиликни янада тараққий эттиришга доир изчил ишлар амалга оширилаётгани аҳамиятли.
Биргина Шаҳрисабз шаҳридаги қадим обидаларни бирлаштирган аллея бўйлаб қурилган 30 та қўш қаватли уй нафақат хорижлик сайёҳларни, балки барчанинг эътиборини ўзига жалб этаётгани бежиз эмас. Мазкур уйлар ҳунармандлар учун мўлжалланган бўлиб, уйнинг биринчи қаватида устахоналар фаолияти йўлга қўйилган. Ўз навбатида, бундай ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ва янгиланишлар сайёҳларнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда.
- Авваллари уста ва ҳунармандларимиз хорижлик сайёҳларга ўз маҳсулотларини кичик ва кўримсиз дўконларда тақдим этарди, - дейди Шаҳрисабз тумани “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Юлдуз Мамадиёрова. – Қолаверса, ўзлари ясаган сувенирларни фақатгина сотиш билан чекланишарди. Бугун шаҳардаги аллея майдонида ҳунармандлар учун қад ростлаган уйларда улар нафақат маҳсулотларини сотиш, балки уларнинг қандай тайёрланишини ҳам кўрсатиш имкониятига эга бўлишди. Бинобарин, хорижлик сайёҳлар учун миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизнинг тайёрланиш жараёни жуда қизиқ.
Қолаверса, сайёҳлар ота-боболаримиздан мерос зардўзлик, заргарлик, бешикчилик, кулоллик, гиламдўзлик намуналарини бир вақтнинг ўзида кузатиш имкониятига эга бўлгани улар учун қулайлик яратмоқда. Шунингдек, турли хил сувенирлар, қўл телефони ёки кўзойнак учун махсус ишланган ва шарқона нақшлар билан безак берилган ғилофлар, сиртига Оқсарой тасвири туширилган керамика маҳсулотларига талабга кўра, инглиз, француз, араб ва рус тилларида “Шаҳрисабздан совға”, “Амир Темур юртидан совға” каби битикларнинг ёзилиши улар учун ажойиб туҳфа бўлмоқда.
Аллея майдонидаги ҳунармандлар учун мўлжалланган уйларнинг бирида каштадўз Саодат Низомова шогирдлари билан биргаликда момолардан мерос бигиз каштачилиги намуналарини тикиш, қадимий нақш турларини тиклаш билан машғул.
- Яқиндагина Гонгконг ва Италиядан келган сайёҳларга шундай усулда тикилган каштачилик намуналарини тақдим қилдик, - дейди у. – Бетакрор миллий ва қадимий нақшларимизни кўриб улар ҳайратга тушишди.
Ўз ўрнида айтиш лозимки, Саодат Низомова 2013 йили Италиянинг Милан, 2014 йили эса Туркиянинг Истанбул шаҳарларида ўтказилган ҳунармандлар халқаро кўзгазмаларида муносиб иштирок этган ва у яратган миллий каштачилик намуналари хорижликлар эътирофига сазовор бўлганди.
Қарши шаҳрилик моҳир гиламдўз Дамин Маматовнинг тўқиган гиламлари ҳам хорижлик сайёҳлар орасида маълум ва машҳур. У бугунги кунда 20 га яқин шогирдига гиламдўзликдан сабоқ бериб, “устоз-шогирд” анъанасини муносиб давом эттириб келаяпти.
- Фаолиятимизда қадимий ва бетакрор гиламдўзлик намуналарини тиклашга алоҳида эътибор қаратамиз, - дейди у. - Мисол учун, араби, оқин, терма, сандиқ учун безак бўлган мапраш, келинлар сепи учун бўғжама каби кўплаб қадимий гиламларнинг тўқилишини шогирдларимга ўргатиб келаяпман.
Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги кўплаб нуфузли танловлар совриндори, маҳсулотлари анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган кўргазма ва ярмаркаларда эътироф этилган Дамин Маматов бир гал Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги кўргазмада кичик ҳажмдаги гиламни европалик меҳмонга ҳадя қилади. Буни қарангки, маълум вақтдан сўнг ўша хорижлик сайёҳ Қаршига Дамин Маматовни излаб келади. Гиламлар унда катта таассурот қолдирганини айтиб, яна бир қанчасига буюртма беради...
Хулоса ўрнида айтганда, сувенир тарзида тайёрланаётган ҳунармандчилик маҳсулотлари яхшигина даромад манбаи бўлиши билан бирга миллатимизнинг бой маданиятини кўз-кўз этишда ҳам қўл келади. Зеро, ҳунармандларимиз томонидан яратилган қатор санъат асарлари, хусусан, миллий нақшлар акс этган гиламлар, рўмоллар, чойхонада гурунглашиб ўтирган оқсоқоллар, дўппи кийган, юзларидан нур ёғилиб турган кайвони кексалар, бири нон-чой, яна бошқаси тарвуз-қовун кўтариб, меҳмонларга иззат-икром бажо келтираётган кишилар акс этган сопол ҳайкалчалар юртимизга сайёҳ сифатида бўлган хорижлик кишиларнинг уйи, жавонини безаб ва уларга юртимизда бўлган ҳайратларга бой дамларини эслатиб турса, сизу биз ифтихор ҳиссини туямиз.
Азизбек НОРОВ