Меню

Қашқадарё

17.03.2020 1717

ЎЗБЕКИСТОНДА ҲАМ КОРОНАВИРУС ЮҚТИРГАНЛАР АНИҚЛАНДИ

Вирус тарқалмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилгани айтилмоқда

2020 йилнинг 15 март куни Республика Вирусология илмий текшириш институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланган.

      Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, бемор билан мулоқотда бўлган оила аъзолари ҳам республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. Ихтисослашган лаборатор таҳлил натижалари беморнинг ўғли ва қизида коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатди.

Шунингдек, шу йилнинг 15 март куни соат 05:15 да Истанбул-Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам ушбу инфекция аниқланган.

16 март куни эса юртимизда яна икки киши коронавирус билан зарарлангани қайд этилгани юзасидан хабарлар тарқатилди.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича шифокорлар ва мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар асосида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Шунинг баробарида коронавирус юқтириб олганлар сони ортиши эҳтимоли сақланиб қолаётгани ҳам инкор этилаётгани йўқ.

Дунёда коронавирус касаллиги бўйича вазият мураккаблигича қолаётгани муносабати билан Республикамизда ҳам баъзи карантин ва чеклов тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида (боғча, мактаб ва университетлар) баҳорги таътил эълон қилинди.

Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз байрами тадбирлари бекор қилинди.

Жамоат транспортлари, автобус ва поезд бекатлари ҳар 4 соатда дезинфекция қилиниши белгиланган.

Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилди.

Ҳукумат Ўзбекистондаги диний идораларга диний маросимлар ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича илтимос билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланади. Чет давлатлардаги ўзбекистонликларнинг қайтишига шарт-шароит яратилади.

Тошкент шаҳридан вилоятларга қайтадиган талабаларга темир йўллар ва самолётларда 50 фоизлик чегирма берилди.

Ҳукумат карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўради. Бунга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси жалб қилинди. Озиқ-овқат ва бошқа захиралар етарли даражада ғамланган.

Карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима уйғотадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайд этишича, аксарият (80 фоизга яқин) ҳолатларда касаллик енгил ўтади ва беморнинг соғайиб кетиши билан тугайди. Бироқ оғир оқибатли ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида дастлабки ўчоғи аниқланган COVID-19 коронавирус инфекциясини бугун дунёда 162 мингдан ортиқ одам юқтириб олган. Ундан 6446 киши вафот этган бўлса, 75,5 минг киши тузалиб кетди. Бундан ташқари, бошқа мамлакатларда инфекция юқтириб олганлар сони хитойликларга (80,8 минг) қараганда кўпроқ.

Хитойнинг материк қисмида 3199, Италияда 1809 бемор вафот этди. Эрон, Испания ва Францияда юздан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича тўғри, холис ва аниқ маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида "Телеграм" ижтимоий тармоғида ташкил қилинган Koronаvirus info (@koronavirusinfouz) расмий канали орқали билиб бориш мумкин.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!