Меню
Қашқадарё
ЎЗБЕКИСТОН УЗУМЛАРИ ТАЪМИГА МАШҲУР СИЁСАТЧИ ҲАМ ТАН БЕРГАНДИ
Юртимизга серқуёш ўлка, деган таъриф бекорга берилмаган. Боиси, бир йилда 365 кун бўлса, бизда шундан ўртача 280 куни қуёшли бўлади. Бу эса мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун ниҳоятда қулай. Айниқса, офтоб нуридан обдан тўйиниб пишган меваларнинг мазаси тил ёрай дейди.
Бу воқеани менга узоқ йиллар давомида турли идораларда раҳбарлик лавозимида ишлаган Тўрақул Йўлдошев сўзлаб берганди:
- 1986 йилда мен республиканинг Москвадаги доимий вакили бўлиб ишлаётган эдим. Бир куни тунда шаҳардаги "Октябрь" мева-сабзавот базаси директори телефон қилиб, тезда етиб боришимни сўради. Борсам юртимиздан юборилган бир вагон узум устида можаро давом этаётган экан. Узумлар ёрилиб, бироз кўримсиз ҳолатга келиб қолган, базадагилар эса уни қабул қилишни рад этаётганди. Кўп ўтмай ўша вақтда Москва шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлаётган Борис Ельцин (кейинчалик Россиянинг биринчи Президенти бўлган) ҳам етиб келди. Унга аввал Ўзбекистондан етказилган узумни кўрсатиб, унинг сифатсизлигидан нолишди. Сўнг Кавказ республикаларининг биридан юборилган узумни кўрсатишди. Буниси бизникининг олдида ўзининг ранги тиниқлиги, дона-доналиги билан яққол ажралиб турганди.
- Борис Николаевич, сифатнинг ўртасидаги фарқни қаранг, биз қандай қилиб эзилган узумни қабул қиламиз, - деди база директори.
Борис Николаевич ҳам бизнинг узумларга ижирғангандек қараб қўйиб, наригисига қўл чўзди. Чиройли бир бош узумни айлантириб кўриб, сўнг икки-уч донасини олиб еди.
- Борис Николаевич, бизнинг узумдан ҳам бир татиб кўринг, - дея унга ўзимизнинг узумдан ҳам бир бошини тутдим. Афтидан менинг раъйимни қайтармаслик учунгина икки-уч донани узиб олиб, оғзига солди. Кутилмаганда унинг юзи бирдан ёришиб кетди.
- Зўр-ку, - деди йиғилганларга қараб. - Мазаси жуда ширин экан, гап бўлиши мумкин эмас. Бунисидан кескин фарқ қилади.
Сўнг у менга мурожаат қилиб, нега шундай ширин узумлар ёрилиб қолганини сўради. Унга бу қуёш тафтидан обдан тўйиниб пишгани, табиий витаминларга бойлиги, қачонки узумнинг мазаси, яъни шираси баланд бўлсагина у пишгач ёрилиб кетиши, қолаверса, бу узумларни олиб келиш учун ўн олти кун вақт сарфлангани, агар янги узилганини олиб еса, мазаси тил ёришини эринмай тушунтирдим.
- Бўлди, бу узумларни биринчи ўринда қабул қилинг, - деди у база директорига. Кейин масъулларга темир йўлда маҳсулотни олиб келиш учун кўп вақт сарфланганини айтиб, Ўзбекистондан олиб келинадиган меваларни тезроқ етказиш бўйича топшириқ ҳам берганди.
Абдураҳмон ЮЛДОШЕВ