Меню

Қашқадарё

24.03.2023 7209

Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи округ комиссиялари тузилди

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи округ комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълумки, жорий йил 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилади. Мамлакатимиз ҳаётидаги бу муҳим сиёсий  тадбирга тайёргарлик кўриш жараёни Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчиликда белгиланган тартиб-тамойиллар асосида изчиллик билан мувофиқлаштириб борилмоқда.

Хусусан, шу йил 16 март куни “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 15- ва 18-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида 14 та референдум округлари, жумладан, 13-Қашқадарё референдум округи (Қашқадарё вилояти чегарасида) ташкил этилган эди.

23 март куни эса Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи округ комиссиялари, жумладан, 21 киши (комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг 18 нафар бошқа аъзолари)дан иборат таркибдаги 13-Қашқадарё референдум ўтказувчи округ комиссияси тузилди.

Қонунчилик талабига кўра, 13-Қашқадарё референдум ўтказувчи округ комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг мажлисида муҳокама қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилганди.

Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида маълум қилинишича, қонунга мувофиқ округ комиссиялари таркибига сайловлар ҳамда референдум ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар, шу жумладан ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлар ва бошқа касб вакиллари киритилган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!