Меню

Қашқадарё

27.09.2016 2590

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИДА

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 241-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси 2016 йилги Президент сайловида иштирок этиш учун сиёсий партияларнинг тақдим этилган аризалари ва бошқа ҳужжатларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон    «Адолат» социал-демократик партиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига рўйхатга олинганлик гувоҳномаларини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини берди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси   Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Комиссия аъзолари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

***

Шу куннинг ўзида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг боришига бағишланган брифинг ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов сайловга тайёргарлик ишлари қонунчилик талаблари ва Ўзбекистон  Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури асосида изчил олиб борилаётганини қайд этди.

Сайлов кампанияси қизғин паллага кириб бормоқда, сайловда иштирок этувчи партиялар аниқланди, уларга имзо варақалари бланкалари берилди. Сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан     сайловчилар имзосини иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида тўплашга ҳақли.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга 2015 йил 29 декабрда киритилган ўзгартишларга мувофиқ сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилар умумий сонининг 5 фоизидан  1 фоизигача камайтирилди. Бу 214 минг       350 нафар сайловчи имзосини ташкил этади.

Бу имзолар камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларни қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Анжуманда журналистлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тузилганлиги ҳақида хабардор қилинди. Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 56,6 фоизи аввалги сайловларда амалий тажриба тўплаган, жамиятимизнинг обрўли вакилларидир. Комиссия аъзоларининг 56 нафари, яъни 36,8 фоизи хотин-қизлардир, уларнинг 12 нафари эса сайлов комиссияларининг раҳбариятидан жой эгаллаган.

Бутун сайлов кампанияси ошкоралик ва очиқлик тамойиллари асосида олиб борилмоқда. Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги,  “Жаҳон”, “Uzreport” ахборот агентликлари, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўртасида икки томонлама битимлар имзоланди.

Республика матбуот маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларининг қарийб 400 нафар вакили   аккредитациядан ўтказилди.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби нуфузли халқаро     тузилмаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклифномалар юборилгани маълум қилинди.

 ЎзА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!