Меню
Қашқадарё
Ўзбекистон армияси - мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!
14 январь - Ватан ҳимоячилари куни
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда "Ўзбекистон армияси - мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!" шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тантанали тадбирлардан бири Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида Мудофаа вазирлигининг Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тизимидаги Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, ёшлар иштирокида ташкил этилди.
Халқ ва армия якдиллигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш, улар қўлга киритаётган ютуқларни эътироф этиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш каби мақсадларни ўзида мужассам этган байрам тадбирида сўз олганлар барчани яқинлашиб келаётган 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни билан қизғин табриклаб, ҳарбий хизмат нуфузи ва армиямиз қудрати мунтазам ошиб бораётгани, йигит-қизларимиз Ватан озодлиги, осойишталиги ва халқ фаровонлиги учун бор имконият, куч-ғайратини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёрлиги хотиржам ҳаётимиз кафолати бўлаётганини алоҳида таъкидладилар.
Маълумки, мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, ижтимоий ҳимояси таъминланган ҳамда ҳарбий хизмат ўташ шароитлари доимий яхшилаб борилмоқда, касб эгалари ва уларнинг фарзандлари учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар жорий этилган. Хусусан, Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тизимидаги Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган 45 нафар ҳарбий хизматчининг 46 нафар фарзандига олий ўқув юртларига кириши учун имтиёз тақдим этувчи тавсияномалар топширилгани, йигирмага яқин ҳарбий хизматчига имтиёзли асосда уй-жой берилгани бунинг кичик бир мисолидир.
Эътиборли жиҳати, ушбу ҳарбий қисмлар ҳарбийлари Мудофаа вазирлиги миқёсида "Мен ғолиб" шиори остида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган армия ўйинларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ўтган йили 25 нафар ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари турли номинация бўйича ғолибликни қўлга киритган. Байрам тадбирида улар эътироф этилиб, муносиб тақдирланди. Бинобарин, қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш, ҳарбий анъаналарни янада мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизга муносиб мард ва жасур, билимли ва жисмонан бақувват Ватан ҳимоячиларини тарбиялашда ушбу мусобақаларнинг ўрни беқиёсдир.
Байрам тадбирида таниқли санъаткорлар томонидан Ватанни, тинчликни, миллий армиямизни, мардликни, истиқлолни матҳ этувчи куй ва қўшиқлар билан бирга барчани рақсга чорлаган ашулалар ҳам ижро этилди.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун китоблар ярмаркаси ташкил этилди.
Ўз мухбиримиз