Меню

Қашқадарё

24.02.2018 1697

Ўзбек-тожик ҳамкорлиги: 20 ЙИЛЛИК МУЗНИ ЭРИТИШ ОСОНМИ?

Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 22 октябрда ўрнатилган. Ҳар икки мамлакат ўзаро самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш, иқтисодий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маданий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг шу йил 10-11 январь кунлари  Душунбега расмий ташрифи давомида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Эндиликда икки мамлакат фуқаролари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида визасиз бир ойга қадар юришлари мумкин бўлади. Икки давлат ўртасида темир йўл ва автобус қатновларини тиклаш ва чегарада ўтиш пунктларини очиш, Душанбе ва Самарқанд ҳамда Бухоро ўртасида мунтазам авиаалоқани йўлга қўйиш  борасидаги режалар, айниқса аҳамиятли.

Ўзбекистон 2017 йилнинг охиридан бошлаб Тожикистоннинг чегарада жойлашган Сўғд вилояти Ашт туманидаги далаларнинг қишки суғорилиши учун шимолий Фарғона каналидан сув ажрата бошлагани ҳам муҳим янгилик.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги товар алмашиш ҳажми тезкор суръатда ўсмоқда, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги ҳамкорлик миқёси кенгаймоқда. Мамлакатларимиз етакчи корхона ва ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатишга хизмат қиладиган кўргазма ва бизнес-форумлар ўтказилмоқда. 2017 йилнинг июнь ойидан Душанбе шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистоннинг сўнгги бир йилга яқин муддат ичида Тожикистон билан савдо алоқалари 5,7 маротаба ўсиб, 2015 йилдаги 12 миллион доллардан 69 миллион 200 минг долларга етган. Имзоланган битимлар орасида салмоқлиси - ушбу қўшни мамлакатга "Ravon" автомобилларининг етказиб берилишидир.

Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази раиси биринчи муовини Сайфулло Сафаров Шавкат Мирзиёевга "жуда тажрибали сиёсатчи", деб баҳо берди ва Мирзиёев президентлиги даврида Тожикистон билан муносабатлар яхшиланиб, икки давлат ўртасида иқтисодий, савдо, маданий ва ижтимоий ҳамкорликлар мисли кўрилмаган кўламда ривожлана бошлаганини алоҳида эътироф этди. Марказ амалдори, шунингдек, барча тожикистонликлар мазкур ташрифдан кўп нарса кутаётгани, икки қардош давлат ўртасидаги мавжуд муаммолар ҳал бўлишига умид боғлашаётганини таъкидлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара пунктларининг умумий сони 16 тани ташкил этади. Амалга ошаётган келишувлар натижаси ўлароқ, Анархон-Патар назорат-ўтказиш пункти 10 февраль куни ўз ишини қайта тиклади.

Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида саккиз йил аввал ёпилган "Самарқанд-Панжакент" халқаро назорат-ўтказиш пункти  иши ҳам тикланади.

Куни кеча Самарқанд ва Сўғд вилоятларини боғлаб турувчи "Саразм-Жартепа" назорат пунктидаги катта девор бузиб ташланди. Мазкур тўсиқ 2010 йилда қурилган бўлиб, баландлиги 3 ва узунлиги 10 метрга тенг эди. Энди бу ерда терминал, меҳмонхона ва автотураргоҳ барпо қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати Тожикистоннинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхонасини қуриш учун 1 гектар ер ажратади. Худди шунингдек, Душанбеда ҳам Ўзбекистон элчихонаси қад ростлайди. Шунингдек, Тожикистонда замонавий умумтаълим мактаби ва кўп тармоқли шифохона қуриш тўғрисида ҳам битим имзоланиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси икки мамлакат муносабатларида сезиларли силжишлар бўлаётганидан дарак беради.

Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон Тожикистон билан барча соҳаларда икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, муносабатларимизга мутлақо янгича руҳ беришга ва бу муносабатларни аниқ мазмун билан тўлдиришга тайёр. Ўзбек-тожик ҳамкорлиги бундан буён ҳам кенгайиб боришига ҳамда бу минтақадаги барқарорлик, хавфсизлик ва тараққиёт манфаатларига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Мусо МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!