Меню
Қашқадарё
Ўзбек тили аҳамияти – ИИВ академик лицейи ўқувчилари талқинида
Тил бор экан, миллат ҳам барҳаёт. Ўзлигимиз, ўзига хос қадриятларимиз, маънавий қиёфамизни акс эттирувчи ўзбек тили халқимизнинг бебаҳо бойлигидир.
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўзбек тили байрами кунини муносиб нишонлаш, давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш борасида кўплаб тадбирлар, танловлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2020 йил 7 сентябрдаги буйруғига асосан вазирликка қарашли таълим муассасалари курсант ва ўқувчилари ўртасида “Ўзлигимиз тимсоли – она тилим” мавзусида онлайн иншолар танлови эълон қилинди. Мазкур тадбирда ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқувчилари ҳам ўзгача масъулият ва қизиқиш билан муносиб иштирок этишди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, танлов дастлаб академик лицейнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилди. Ўқувчилар ўз иншоларида она тилимизнинг ўтмиши ва бугуни, унинг чексиз ва бой имкониятлари ҳамда миллат тақдиридаги аҳамиятини баён қилишди.
Танлов якунига кўра, Зарина Аралова ва Моҳинур Худойназарова 1-ўринни, Меҳринисо Ёқубова ва Самандар Садинов иккинчи, Нилуфар Мустафоева ҳамда Ноила Жўраева 3-ўринни қўлга киритишди. Энг яхши деб топилган иншолар танловнинг республика босқичига тақдим этилди.