Меню
Қашқадарё
Ўзбек миллиардери шахсий ҳаётига оид маълумотлар кенг оммага тарқалишини истамайди
Йирик тадбиркор Алишер Усмонов ва унинг турмуш ўртоғи Ирина Винер-Усмонова манфаатларини ҳимоя қилувчи юристлар Москвадаги 205-сонли халқаро суд участкасида учрашишди. Крилатское райони суд участкаси жуфтликнинг ажрашиш ҳақидаги ҳужжатларини кўриб чиқиш учун қабул қилган. Суд эшитуви бошланиши аввалида тадбиркор вакили мижозининг жараённи ёпиқ тарзда ўтказиш истагини маълум қилди, дея хабар тарқатган "СтарХит" манбаси.
Адвокат Сергей Попов сўзларига кўра, Алишер Усмонов ўзининг шахсий ҳаётига оид маълумотлар кенг оммага тарқалишини истамайди. Россиянинг энг бой одамлари рўйхати ўнлигига кирувчи тадбиркор вакили мижози судда ошкор қилинадиган маълумотлар унинг бизнесига акс таъсир қилишидан хавфсираётганини тушунтирган.
Манба адвокатнинг: "Шахсий ҳужжатлар ўрганиб чиқилади, шу жумладан, никоҳни бекор қилиш сабаблари, жуфтликнинг яшаш жойлари ҳақидаги ва бошқа маълумотлар айтилади", деган гапларини иқтибос сифатида келтирган.
Оммавий ахборот воситалари бизнесмен 30 йиллик ўзаро никоҳдан сўнг турмуш ўртоғи билан ажрашишни режалаштираётганидан май ойида хабар топди. Алишер Усмонов ўшандан буён никоҳни бекор қилиш юзасидан ариза топширгани ва бошланган жараён ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси мураббийи Ирина Винер-Усмонова эса қисқа баёнот билан чекланган. У матбуотга агар никоҳни бекор қилиш жараёнида эри билан барчасини келиша олса, иккинчи томондан ҳам ҳеч қандай изоҳ бўлмаслигини айтган.