Меню
Қашқадарё
ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ СЎНМАС ЮЛДУЗИ
Вилоят халқ таълими бошқармаси ва мазкур мактаб маъмурияти ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ёзувчи, шоир ва адабиётшунослар, Қарши давлат университети, Қарши педагогика коллежи ҳамда умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари иштирок этди.
Маълумки, Абдулла Орипов серқирра шеъриятнинг ҳар бир қаричини кезиб чиққан ижодкор. Шоир ўз асарларига миллийликни, шарқона руҳни сингдира олган. Шу боис бўлса керак, ўзининг чет тилларига таржима қилинган асарларидан кўнгли тўлмаган. Шоир таъбирича, таржима қилинган шеърларида, асарларида миллийлик руҳи йўқолиб қолгани, ўз шеърларини танимай ўгайланганлигини таъкидлайди. Ушбу тадбир давомида бу мулоҳазалар нечоғлик ҳақиқат эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Иштирокчиларнинг чиқишларида шоирнинг ижодий намуналари ўзига хос оҳангда тараннум этилдики, беихтиёр Абдулла Орипов кўз олдимизда гавдалангандек бўлди.
Тадбирда Қарши давлат университетининг кичик босмахонасида чоп этилган "Абдулла Орипов - ўзбек адабиётининг сўнмас юлдузи" номли тўплам тарқатилди. Тўпламдан жой олган 74 та мақолада шоир ижодий фаолияти, ҳаёт йўли ҳақидаги маълумотлар битилганки, бундан хурсанд бўлдик.
Айниқса, мазкур мактаб ўқувчиларининг Абдулла Орипов ижодига бағишланган турфа чиқишлари шоир ижоди барҳаётлигининг ёрқин мисоли сифатида намоён бўлди. Айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу гўша шоир издошлари учун маҳорат мактаби вазифасини бажармоқда. Ўйлайманки, бу муассаса ҳали шоирнинг кўплаб издошларини тарбиялаб беради.
Илмий-амалий анжуман савол-жавобларга бой ўтди.
Севин ОЧИЛОВ,
вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи