Меню
Қашқадарё
ЗАРРАСИ ҲАМ ХАРОБ ҚИЛАДИ
Гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилувчиларнинг сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, айниқса, улар орасида ёшларнинг кўп эканлиги ачинарлидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ер юзида гиёҳвандлик касалига мубтало бўлганлар сони 200 миллион нафардан ошиб кетган. Уларнинг тахминан 142 миллиони марихуана, 30,5 миллиони синтетик наркотиклар, 13,4 миллион нафардан зиёд шахс кокаин ва 8 миллиондан кўпроғи героин истеъмол қилади.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан ғайриқонуний муомала қилишга қарши мамлакатимизда ҳам изчил кураш олиб борилмоқда. Чунки бугунги кунда жаҳонда ишлаб чиқарилаётган героиннинг 75 фоизи қўшни Афғонистон ҳиссасига тўғри келмоқда. БМТ экспертларининг таъкидлашича, Афғонистон ҳудудида 100 дан ортиқ героин ишлаб чиқарувчи фабрика мавжуд. Халқаро гиёҳвандлик мафияси ўз маҳсулотларини Европага етказиш учун Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни қулай транзит йўли сифатида кўзламоқда ва бунга шароит яратиш мақсадида бу ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий вазиятга таъсир кўрсатишга уринмоқда.
Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбарияти томонидан мазкур хавфни бартараф этиш учун барча имконият ва воситалар ишга солинмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги қатор халқаро тадбирларнинг ташаббускори саналади.
Бу борада Биринчи Президентимиз Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида мазкур офатга қарши биргаликда курашиш масаласига эътибор қаратиш ва Марказий Осиёда ушбу ташкилотнинг наркобизнесга қарши курашувчи минтақавий комиссиясини ташкил этиш юзасидан билдирган таклифлари эътиборга моликдир.
Шунингдек, 1999-2000 йилларда Ислом Каримов ташаббуси билан терроризм, контрабанда, наркотиклар ва қурол-яроғлар билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши кураш соҳасида Ўрта Осиё республикалари, Эрон, Афғонистон, Покистон, Туркия ва бошқа давлатлар ўртасида ҳукуматлараро битимлар имзоланиб, ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Қайд этиш лозимки, республикамизда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-276-моддаларида бундай ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Кодекснинг 246-моддасида эса контрабанда йўли билан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.
Ушбу турдаги жиноятлар таҳлил қилинганда, жорий йилнинг 6 ойи давомида Қарши шаҳри ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат 12 та жиноят содир этилгани маълум бўлди. Ўтган йилнинг шу даврида бу рақам 23 тани ташкил қилган.
Мазкур ҳолат Қарши шаҳридаги 62 та маҳалла фуқаролар йиғини кесимида таҳлил қилинганда, Гунгон маҳалласида 3, Буюк Турон маҳалласида 2, Захокимарон, Ғафур Ғулом, Кат, Қавали, Ойдин, Чўлқувар ва Отчопар каби маҳаллаларда 1 тадан жиноят содир этилгани кузатилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида Жиноят кодексининг 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) билан боғлиқ 4 нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят иши, 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, ўтказиш) билан боғлиқ 6 нафар шахсга нисбатан 4 та жиноят иши, 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай сақлаш) бўйича 1 та жиноят иши кўриб чиқилди.
Жиноят кўчасига биринчи бор тасодифан кириб қолган, жамиятдан ажратмасдан қайта тарбиялаш имконияти мавжуд бўлган айрим шахсларга ҳамда қонун нормаларини қўллашда имтиёзлар берилган алоҳида тоифадаги шахслар (вояга етмаганлар, аёллар ва олтмиш ёшдан ошган эркаклар)га нисбатан инсонпарварлик, одиллик ва алоҳида ёндашув тамойиллари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш орқали уларни ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялаш, бошқа жиноятлар содир этилишининг олдини олиш каби кўзланган мақсадларга эришилмоқда.
Бироқ, барча ҳам берилган қонуний имкониятларнинг аҳамиятини тўғри тушуниб, ўзларига тегишли хулоса чиқараяпти, деб бўлмайди. Айримлар тузалиш йўлига кириш ўрнига яна қасддан янги жиноятлар содир этаётгани кишини чуқур ўйга толдиради.
Бунга К. исмли кишини мисол қилиш мумкин. У муқаддам суднинг ҳукмига кўра, қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситасини сотиб, Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган ўта оғир жиноят содир этганлиги учун 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. Тайинланган жазонинг бир қисмини жазони ижро этиш муассасаларида ўтаб чиққанига қарамасдан яна жиноятга қўл урди. Суд томонидан белгиланган синов муддати давомида яна героин гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сотиб, жиноят қилди.
Суднинг ҳукмига кўра, К. 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва тайинланган жазони ижро этиш муассасасида ўтайдиган бўлди. Айни пайтда у Жиноят кодекси 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилди.
Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, бу жиноятларни фош қилиш ва айбдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Фикримизча, бу жиноятларни фақат маъмурий тақиқ йўли билан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг кучи билан бартараф этиб бўлмайди. Бу саъй-ҳаракатлар аҳолининг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш билан уйғун ҳолда олиб борилсагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.
Шу мақсадда кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла, таълим муассасалари, жамғармалар, ёшлар ташкилотлари имкониятларидан кенг фойдаланиш зарур. Бунда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спортга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга катта эътибор қаратиш керак.
Шундан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан ушбу иллатнинг мудҳиш оқибатларини тушунтириш мақсадида прокуратура, ички ишлар бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда "Гиёҳвандлик - аср вабоси", "Қора дори", "Оқ ажал" каби турли тадбирлар ўтказиб келинаётганини ҳам айтиш ўринли.
Гиёҳвандлик тинчлигимиз, хавфсизлигимиз ва соғлиғимизга путур етказиши аниқ экан, унга қарши курашни бир сония бўлсин сусайтиришга ҳаққимиз йўқ.
Анвар ЭЛМУРОДОВ,
жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси