Меню
Қашқадарё
Ўзаро ҳамкорлик – самарадорлик гарови
Тошкент шаҳрида “Аҳолининг радикаллашувга қарши барқарорлигини оширишда давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги: муаммолар, ёндашувлар, самарали амалиётлар” мавзусига бағишланган халқаро конференция ўтказилди. Унда воҳамиз вакиллари – Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази мутахассислари ҳам фаол иштирок этишди.
Маълумки, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида Германия Федератив ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмагида Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH томонидан “Марказий Осиёда зўравон экстремизмнинг олдини олиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг компонентларидан бири – “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизми олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳасини мамлакатимиз ҳудудида Халқ университетларининг немис ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали (DVV International Uzbekistan) рўёбга чиқараяпти. Бу лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда ҳамкор ташкилотлар сифатида “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат маркази, республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий-ахборот маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлими, “Intilish” республика ахборот-таълим маркази, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази ҳам қатнашмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган халқаро конференцияда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси, GIZнинг Ўзбекистондаги ва DVV Internationalнинг Марказий Осиёдаги ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда тегишли жабҳада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари мутахассислари иштирок этишди.
Анжуманда лойиҳанинг асосий натижалари ва ютуқлари таҳлил қилинар экан, хусусан, унинг мамлакат миқёсида танилгани ва тадбирларида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан ёшлар қатнашгани, шунингдек, зўравон экстремизмнинг олдини олиш ва глобал фуқаролик мавзуларида профессионал даражада иш олиб боришга қодир олтита ҳамкор ташкилотдан иборат ННТлар тармоғи вужудга келгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида заиф гуруҳларнинг 500 нафарга яқин вакили касб-ҳунар ўрганиб, 5 минг нафардан ортиқ киши ижтимоий, юридик ва психологик масалалар бўйича маслаҳат олди. 16 та бизнес-ғоя молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланди, бу эса уларнинг муаллифларига даромад келтирадиган фаолиятни бошлаб, ўз турмуш фаровонлигини оширишга имкон берди. Айни пайтда зўравон экстремизмнинг олдини олиш бўйича ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида қўлланмалар ва тарқатма материаллар тўплами ҳам тайёрланди.
Конференцияда аҳолининг радикаллашувга қарши барқарорлигини оширишда давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш, лойиҳа ижрочилари ва кўнгиллиларнинг салоҳияти ва фаоллигини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали глобал фуқаролик мавзусини ёритиш ҳақида фикр юритилиб, ҳамкор ташкилотларнинг лоийҳа доирасидаги ишлари батафсил кўриб чиқилди. Жумладан, Қашқадарёда “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ташкил этилган бепул касб-ҳунар ўрганиш курсларида 262 нафар ишсиз фуқаро янги билим ва кўникмаларга эга бўлиб, шундан 160 нафар киши тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш курсларида ҳам иштирок этгани эътироф этилди. 2 нафар аёл кичик грантлар танловида ғолиб чиқиб, ўз бизнесини бошлаш учун зарур технология ва жиҳозларни қўлга киритди. Кўмакка муҳтож фуқароларга 2013 та ижтимоий-ҳуқуқий, юридик ва психологик маслаҳатлар берилди.
Анжуман қатнашчилари Ўзбекистондаги “Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти ва Қирғизистондаги “Азия Групп” жамоат фонди мутахассислари олиб борган воркшоп (амалий семинар-тренинг)да ҳам иштирок этиб, экстремистик ташкилотлар интернет ва ижтимоий тармоқларда қўллаётган тарғибот усуллари ва “фейк-ньюс” (ёлғон хабарлар)га қарши курашиш йўллари ва бу жараёнда фойдаланиш зарур бўлган замонавий ва самарали технологияларни муҳокама қилишди.