Меню
Қашқадарё
ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ДОИРАСИДА – ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАЛАРИ
Йиғилишни вилоят ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Қодиров кириш сўзи билан очиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, ижтимоий шерикликнинг самарадорлигини тубдан юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди.
Айни пайтда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий, тиббий ва экологик маданиятини юксалтириш ва бошқа йўналишларда вилоятда 670 дан ортиқ ННТ фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 6 та нодавлат нотижорат ташкилоти Жамоат фондининг грант маблағларини қўлга киритди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун мазкур ННТларга жами 147,5 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Шу билан бирга, давлат органлари билан ННТлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик тўғрисида 130 дан ортиқ қўшма қарор ва меморандум имзоланди.
Йиғилишда, шунингдек, грант танловларига тақдим этилаётган лойиҳаларни тўғри расмийлаштириш, уларни баҳолаш тизими мезонлари бўйича ҳам фикрлашилди. Шунингдек, жорий йилнинг 12 сентябридан 12 октябригача бўлган муддатда жамоат фонди томонидан “Жамиятда миллатлараро ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳитини сақлашга ва мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” ҳамда “Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда фуқаролар эркинликларини, қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда ижтимоий шерикликдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” мавзуларида давлат грантлари ажратиш учун қўшимча 2 та танлов эълон қилингани айтилиб, унда фаол иштирок этишга чақирилди.
Тадбир якунида Жамоат фонди томонидан жорий йилда эълон қилинган грант танловлари ғолибларига сертификатлар топширилди.
М.ТЎЛАГАНОВ