Меню

Қашқадарё

07.06.2019 1880

ЗАРГАРЛИК САНОАТИ ИСТИҚБОЛИ ҚАНДАЙ?

Агар саноатнинг мазкур тармоғини маҳаллий шароитда равнақ топтирсак, кўп нарса ютишимиз турган гап. Биринчидан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотга эга бўламиз. Қолаверса, ҳунармандчиликнинг бу турини ривожлантириш орқали кўплаб кишиларни фойдали меҳнат билан банд эта олиш мумкиндир.

Президентнинг жорий йил 18 майдаги "Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонидан ҳам айнан шу мақсад кўзланган. Ушбу ҳужжат талаблари ҳаётга тўла татбиқ этилиши билан юртимизда заргарлик соҳасида муҳим ўзгаришлар рўй бериб, тармоқнинг  сифатли ва рақобатбардош заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти кенгайтирилади. Бунинг учун эса тармоққа нафақат маҳаллий, балки чет эл инвестициялари ҳам фаол жалб этилади. Мазкур ҳунар билан шуғулланувчи ишлаб чиқарувчилар - маҳаллий заргарлар фаолияти давлат даражасида қўллаб-қувватланиб, ўзини шу касбга бағишланган инсонлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади.

Тажриба керакми?! Етарлича...

Шу ўринда савол туғилади: нега айнан ушбу тармоқ ривожига бу қадар эътибор қаратилаяпти? Буни эса қуйидагича изоҳлаш мумкин. Маълумки, заргарлик маҳсулотлари жаҳонда талаб юқори бўлган товарлар сирасига киради. Яъни истеъмол бозори жуда катта. Дунёда фақат бир аёл қолса ҳам, заргарга доим иш топилади, деб бекорга айтмайди халқимиз. Жаҳон заргарлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5-6 фоизга ўсаётгани ҳам шунга ишорадир. Сўнгги вақтда жаҳон миқёсида бу турдаги товар айланмаси йилига 250 миллиард АҚШ долларидан ҳам ошиб кетди. Демак, заргарлик маҳсулотларини зарур талаб ва андаза асосида ишлаб чиқара олсак, ташқи бозордан ўрин эгаллаш унчалик муаммо бўлмайди.

Асосийси, заргарлик халқимизга бегона эмас, аксинча, диёримизда бу ҳунар қадимдан ривожланиб келмоқда. Мамлакатимиздаги ва хориждаги кўплаб музейларда сақланаётган бебаҳо топилмалар Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимизда заргарлик санъат даражасига етганидан далолат беради. Бу буюмлар ҳалигача дунё аҳлини лол қолдириб келади.

Маълумотларга кўра, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида мазкур соҳа янги ривожланиш босқичига кўтарилган. Айнан шу пайтда Қашқадарёда заргарлик мактабига ҳам асос солинган. Қарши, Шаҳрисабз ва Китобда кўплаб уста заргарлар фаолият олиб борган, кичик-кичик маҳаллалар аҳли шу ҳунарга ихтисослашгани ҳақида тарих гувоҳлик беради. Ҳозирда ҳам бу анъана оз бўлса-да давом этаяпти.

Қолоқ соҳа қандай ўнгланади?

Биргина вилоятимиз мисолида олсак ҳам аён бўладики, ҳудудда яхшигина тажриба тўпланган, ўзига хос мактаб яратилган. Бироқ охирги вақтда заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш жабҳасида ўсиш кўзга ташланмаяпти. Янгилик йўқ ҳисоби. Маҳсулот тор доирадаги харидорларга мўлжалланган, холос.

Давлат раҳбари май ойи бошида ўтказилган селекторда ҳам тармоқнинг бугунги аҳволига муносиб баҳо берганди. Ўшанда Президент мамлакатимизда ушбу саноат эътибордан четда қолганини афсус билан қайд этганди. Натижа эса аён. Заргарлик корхоналари асбоб-ускуналарининг 80 фоизи эскирган, айримларида ишлаб чиқариш тўхтаганди.

Юртбоши таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда заргарлик асосан тақинчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашиб қолгани ҳам айни ҳақиқат. Аслида эса бу соҳанинг йўналишлари кўп. Тилладан ясалган соат, ручка ва турли эсдалик совғалари, кумушдан тайёрланган ошхона тўпламлари жаҳон бозорида жуда харидоргир.

Масалан, 4 килограмм кумуш ишлатиладиган битта ошхона тўплами ўртача 4 минг доллар туради.  Ўзбекистонда йилига юз тоннадан зиёд кумуш ишлаб чиқарилишини инобатга олсак, бундай маҳсулотлар экспортини бир неча миллион долларга етказиш мумкинлиги ойдинлашади.

Тармоқда яна бир муаммо мавжуд эдики, якка тартибдаги заргар-тадбиркорлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабабли воситачи дўконларга топширишга мажбур бўлаётганди. Қимматбаҳо металларни заргарларга сотишда ҳам кўплаб чекловлар бор эди. Жорий йил 1 мартдан бошлаб қимматбаҳо металларни ишлаб чиқарувчиларга биржа орқали тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилди.

Юқорида қайд этилган фармон  билан ҳам бу борадаги кўплаб тўсиқлар олиб ташланди, соҳа вакилларига бисёр енгилликлар тақдим этилди. Хусусан, қимматбаҳо металлар ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан  машғул субъектлар 2022 йилнинг 1 июлига қадар оборотдан қўшилган қиймат ва акциз солиғи тўламайдиган бўлди. Шунингдек, тегишли рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар 3 йилга божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди.

Илгари заргарлар ўз маҳсулотига давлат асиллик даражаси белгисини қўйишга мажбур эди. 2019 йил 1 июлдан бошлаб эса тегишли лицензияга эга субъектларга ўзи ишлаб чиқарган, заргарлик ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларнинг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгиси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди. Бунда ишлаб чиқарувчининг рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини буюмга босиши шарт қилиб қўйилди.

Бу билан соҳа равнақига ғов бўлаётган кўпгина муаммолар барҳам топди. Заргарларнинг бемалол, ҳеч бир қийинчиликсиз фаолият юритишига кенг замин ҳозирланди. Албатта, бу юртимизда айни йўналишда ишлаб чиқариш ҳажми кўпайишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Қашқадарёда ҳам тармоқ ривожлантирилади

Президент фармони талабларидан келиб чиқиб, вилоятимизда ҳам заргарлик саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор ишларни амалга ошириш зарур. Бунинг учун имконият ҳам кенг.

Биринчи галда, ҳудуднинг юқори туристик салоҳияти тармоқ ривожини таъминлаб беради, дея оламиз. Чунки охирги йилларда воҳамизга хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар оқими сезиларли даражада ортди. Ўзига хос, маҳаллий анъаналар бўйича тайёрланган, бежирим заргарлик буюмлари ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмайди. Қолаверса, жисмоний шахсларга қиймати 5 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилгани бунга кенг йўл очади.

Фармонда ҳам қатор истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришда шу жиҳат алоҳида эътиборга олинган. Шу мақсадда республиканинг туристик марказларида заргарлик ишлаб чиқаришларини ташкил этиш ва кенгайтириш чораси кўрилади. Вилоятимиздан эса Шаҳрисабз танлаб олинган. Кўҳна Кеш марказида заргар ҳунармандларнинг устахоналари ва дўконларини жойлаштириш бўйича иш олиб борилади. Ушбу ташаббус бир йилдан сўнг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши керак.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳар бир ҳудудда камида иккита замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Уларда тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараёнлар қамраб олиниши даркор.

Аҳамиятлиси, вилоятда бу жабҳада аллақачон зарур чора-тадбирларни бажаришга киришилган. Бугунги кунда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги тарихий обидалар қошида шундай марказларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ўрганилмоқда. Бундан ташқари, воҳамизда заргарлик комплекслари барпо этиш бўйича ҳам бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. "Dunar Gold" оилавий корхонаси вакиллари ҳамда якка тартибдаги тадбиркор Янгибой Хушвақтов шундай ташаббусни илгари суриб чиқишди. Улар барпо этмоқчи бўлаётган қувватларнинг ҳар бири қимматбаҳо металлардан йилига қарийб 600 миллион сўмлик заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконига эга бўлади.

Юқоридагилардан хулоса қилсак, мамлакатимизда заргарлик саноати юқори истиқболга эга. Бу жабҳада ҳали тўла ишга солинмаган имкониятлар кўп. Ҳаммаси бундан қандай фойдаланишга боғлиқ. Самара албатта яхши бўлади. Харидоргир ва рақобатбардош заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш салмоғи ўсиши ҳам импортни камайтиришга, ҳам ташқи бозорларга чиқишга имконият яратади.

Б.МАХМАДАЛИЕВ, 

вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи

М.ШУҲРАТОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!