Меню

Қашқадарё

29.07.2022 5374

ЗАМОНАВИЙ ҚУЛЛИКНИ ФАҚАТ БИРГАЛИКДА ЕНГИШ МУМКИН

 

30 июль - Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни

“Онам вафот этганидан сўнг отам иккинчи марта уйланди, - дея ҳикоя қилади Баҳора (исми ўзгартирилган). - Орадан кўп вақт ўтмай отам мени ўгай онам билан Тошкентда қолдириб, ўзи ишлаш учун чет элга кетди. Ўгай онам жанжал чиқариш учун ҳар куни менинг юриш-туришимдан айб қидириб топар, бақир-чақир қилар, тинч яшашимга қўймасди... Унинг дўқ-пўписаларига чидолмасдан Қашқадарёга отамнинг қариндошлариникига кетишга аҳд қилдим. Ёнимда пулим йўқ эди, бир амаллаб йўловчи машиналарда Самарқандгача етиб келдим. Ўлгудек чарчаб, жуда очиққан аҳволда йўл бўйида ҳорғин ўтирар эканман, ёнимга нотаниш аёл келиб, ўзини Феруза, деб таништирди.

Феруза опа бу ерга қандай келиб қолганимни, нега ёлғиз ўзим эканимни, қариндошларим қаерда яшашини сўрай бошлади. Мен бошимдан ўтган ҳамма нарсани унга сўзлаб бердим. Аёл қоронғу тушаётганини, бугун уникида қолишимни, эрталаб Қашқадарёга, яқинларимнинг ёнига етиб олишимга ёрдам беришини айтди. Мен рози бўлдим. Иккаламиз тун бўйи суҳбатлашиб чиқдик. Феруза опа менга жуда меҳрибон аёл бўлиб туюлди. Гапнинг орасида эса Москвага ишлаш учун кетишни таклиф қилди.

– “Кунига 100 доллар ишлашинг мумкин, кейин ўзингга алоҳида уй сотиб олиб, ўгай онангга қарам бўлмайсан”, деди Феруза опа. Москвада нима иш қиламан, деган саволимга уй хизматчиси ёки энага бўласан, дея жавоб берди. Бу таклифга иккиланмасдан рози бўлдим, сабаби, отам ҳам Москвада ишларди... 

Нотаниш эркак ҳамроҳлигида мени машинада Тошкент аэропортига олиб боришиб, самолётга чиқишимни, у ёқда мени кутиб олишларини тайинлашди. Самолёт қўнаётган вақтда “Дубайда ҳаво ҳарорати 38 даража”, деган эълонни эшитиб,  мен Москвага эмас, Дубайга келганимни англадим. Аэропортда қўлларида менинг суратим бўлган икки эркак кутиб олди.

Улар мени қум барханлари орасидан узоқ олиб юриб, Дилором исмли аёлнинг ёнига олиб боришди. Бу аёл менга Ферузанинг таниши эканини, бундан буён исмим Зариналигини айтди. Аммо у ерда қандай йўл билан пул топишим кераклигини билгач, даҳшатдан “шокка” тушиб, тушкунлик гирдобида қолдим...

Кунларнинг бирида менга бу фоҳишахонадан қочиб кетишга имкон туғилади. Чексиз саҳрода бир неча кун юриб, озиқ-овқат ва сувсиз ҳолдан тойганимдан сўнг катта йўл бўйига чиқдим. Мени полиция ходимлари тўхтатиб, ҳужжатларимни кўрсатишни сўрашди...”

- Полиция ходимлари Баҳоранинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканини билиб, Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консуллиги ҳуқуқий департаментига элтиб қўйишди, - дейди республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова. - Ўзбекистоннинг Бош консуллиги эса тезкор чоралар кўриб, Баҳорани вақтинча бошпана билан таъминлади. Консулликнинг сўрови билан “БААда хотин-қизлар ва болаларга ёрдам кўрсатиш инқироз маркази” хайрия фонди томонидан Баҳорага авиачипта олиб берилади ва у ватанига қайтади.

Ўзбекистонга қайтган, Баҳорага республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими томонидан комплекс ёрдам кўрсатилди. Биринчи навбатда, у билан марказ психологи узоқ вақт давомида иш олиб борди. Шу билан бирга, Баҳорага ижтимоий ходим ҳам бириктирилиб, ижтимоий кўмак хизматлари тақдим этилди. Шунингдек, марказ томонидан мавсумий кийим-бош билан таъминланиб, тиббий кўрикдан ўтказилди. Баҳора марказ бошпанасида яшашни рад этди. Ҳозир у узоқ қариндошлари билан яшаб, мавсумий ишлар билан банд.

- Бир қарашда, бу воқеа фильм сценарийси учун тўқиб чиқарилгандек. Ҳақиқатан ҳам, кўпгина одамларда дарҳол бир қатор саволлар туғилади. Қанақасига шу даражада содда бўлиш мумкин? У қаерга учаётганини қандай қилиб билмаслиги мумкин? Гап шундаки, Баҳора умуман мактабга бормаган, ҳатто ўқиш ва ёзишни ҳам билмайди. Онасининг ўлимидан сўнг, маълум вақт набирасини ўқитиш учун моддий имконияти бўлмаган бувисининг қўлида тарбияланган. Сўнгра фақат уни эксплуатация қилиш пайида бўлган ўгай онаси билан яшаган, - дейди Шаҳноза Раупова. – Афсусланарлиси, бундай қисматлар кам эмас. Яхшиямки, Баҳора ёрдам олишга муваффақ бўлган, у замонавий қулликдан қутилиб, уйига қайтган,  бу ҳар доим ҳам бўлавермайди. Шундан келиб чиқиб, мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик муҳимлигини таъкидламоқчиман. Айнан шу ҳолатда бизнинг ҳамкорлигимиз самарали бўлди ва бу керакли натижани берди. Асосан шу туфайли ҳамюртимизни қутқаришга муваффақ бўлдик.  Умид қиламизки, тез орада айбланувчи қонун доирасида тўлиқ жазоланади, чунки жиноят фактига кўра аллақачон жиноят иши қўзғатилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Ўзбекистон Республикасида 20 йилдан ортиқ вақт давомида одам савдосига ва бошқа турдаги зўравонликларга қарши курашиш, заиф ҳолатдаги мухожирларга ёрдам бериш, ёшлар кўнгиллилигини ривожлантириш соҳасида фаол иш олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотидир. Марказ ўз фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий ва хорижий жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Марказнинг вилоят бўлими томонидан одам савдоси қурбонлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда маиший зўравонликдан жабр кўрган фуқароларимиз мурожаатларини ўрганиш ва муаммоли вазиятларда амалий кўмак бериш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Долзарб алоқа тармоғи ва ҳуқуқшунослар маслаҳатлари ташкил этилиши орқали одам савдоси муаммолари, мажбурий меҳнат ва зўравонликнинг турли кўринишларига оид мурожаатларнинг тезкор хал этилиши ҳамда  ҳуқуқий, ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш учун имкониятлар яратилмоқда. Шу сабабли марказга фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Масалан, 2021 йил давомида бўлимга фуқаролардан 1459 та мурожаат йўлланган бўлса, мазкур кўрсаткич 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 800 тага яқинлашган ва бу мазкур ташкилот фуқароларнинг ишончли кўмакчисига айланиб бораётганлигини кўрсатади.

Энг қувонарлиси, 2021 йилда 30 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида эса 59 нафар қийин вазиятга тушиб қолган ва айрим ҳолларда одам савдосидан жабр кўрган мухожирларни Ватанимизга қайтариб олиб келишда амалий кўмак кўрсатилган.

Айни кунларда республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази томонидан бир қатор шерик ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Одам савдосига қарши ҳамкорликда 30 кун” марафон-акцияси 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунигача давом этади.

- Акциянинг мақсади одам савдоси муаммосига жамият эътиборини жалб этиб, бу ёвузликни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан енгиш мумкин, деган ғояни илгари суришдан иборатдир, - дейди Шаҳноза Раупова. - Унинг тадбирлари марказимиз фаолият олиб бораётган ҳудудларнинг ҳар бирида бўлиб ўтаяпти. Марафон доирасида ҳуқуқшунослар маслаҳат пунктлари, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳамкорлар билан давра суҳбатлари, онлайн-форумлар ташкил этилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда фаол ёшлар ва кўнгиллилар томонидан одам савдоси ва зўравонликнинг барча турларига қарши курашиш мавзусида тайёрланган видеолавҳалар тарқатилиб, онлайн-викториналар ўтказилди.

Бу каби тадбирлар ҳаммамизни сергак тортишга, одам савдосига қарши курашни бир сонияга ҳам сусайтирмаслик, аксинча тарғибот ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Бу жараёнга аҳолининг барча қатламларини жалб этиб, хотин-қизлар ва ёшларнинг маънавияти, онг-тафаккурида тўғри қарашларни мустаҳкамлаш, болалар ва ўсмирларга жиноятчиларга алданиб колмасликни содда, тушунарли ва ишончли тарзда тушунтиришга жиддий эътибор бериш лозимлигини намойиш қилади. Зеро, одам савдоси каби кенг кўламли муаммони фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан енгишимиз мумкин.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!