Меню
Қашқадарё
ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯ, ТАЛАБГИР МАҲСУЛОТ
Кичик бизнес
Ички бозорга қурилиш моллари ишлаб чиқарувчилар томонидан янги-янги маҳсулотлар тақдим этилмоқдаки, бу улар ўртасида ўзаро рақобат муҳитини юзага келтирган. Натижада қурилиш маҳсулотлари бозори кун сайин ривожланиб, харидорлар учун каттагина танлов имконияти пайдо бўлмоқда.
Қарши туманидаги "Шавкатов Рифат" масъулияти чекланган жамияти ҳам соҳада муваффақиятли фаолият юритаётган субъектлардан бири саналади. 2018 йилда иш бошлаган корхона нисбатан янги турдаги маҳсулот - пеноблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
- Аввал бозорни обдан ўргандик, - дейди жамият иш бошқарувчиси Шерзод Умиров. - Кўрдикки, бугунги кунда пишиқ ғишт ишлаб чиқариш жуда кўп маблағ ва ишчи кучи талаб қилади. Натижада маҳсулотнинг таннархи ошиб кетади. Шу боис ҳозирги кунда ривожланган давлатларда пишиқ ғиштнинг ўрнига пеноблокдан кенг фойдаланилмоқда. Бу оддий ғиштларга қараганда бир неча баробар мустаҳкам бўлиши билан бир қаторда, анча енгил ва арзон. Хуллас, пеноблокнинг қурилиш бозорида ўз ўрнини топишига амин бўлгач, шу соҳада иш бошлашга қарор қилдик. 200 миллион сўм миқдоридаги банк кредитига ўз сармоямизни ҳам қўшиб, фаолият учун зарур ускуналарни харид қилдик. Германиялик ишбилармонлар томонидан етказиб берилган ушбу замонавий технология ёрдамида айни пайтда талабга қараб кунига 10 кубометрдан 15 кубометргача пеноблок ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулот пешма-пеш ички бозорга етказиб берилаяпти. 6 нафар кишини ишга олганмиз.
Шерзод Умировнинг таъкидлашича, ишлаб чиқарилаётган пеноблоклар асосини цемент ва қум ташкил этади. Унга яна бир нечта қўшимчаларни қўшиш орқали маҳсулотнинг енгиллиги ва мустаҳкамлиги таъминланмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.