Меню
Қашқадарё
Замонавий технология, харидоргир маҳсулот, 500 минг долларилик экспорт
Бизнесда тўғри йўналиш танлай билиш муваффақият учун муҳим омиллардан биридир. Бунда жой, хомашё, технология, маҳсулот тури ва харидори ҳақида аввалдан яхшигина бош қотириш ҳам керак. Бундан тўрт йил аввалроқ вилоят марказида фаолият бошлаган "Safe collection" масъулияти чекланган жамиятининг бугун экспортчи корхонага айлангани замирида ҳам ана шу омиллар роль ўйнагани сир эмас.
Қарши шаҳридаги кичик саноат зонасида жойлашган субъект турли либослар, махсус кийим-кечаклар, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
- Аввалига 1 миллиард 200 миллион сўм сармоя асосида 10 нафар ишчи билан, имкон даражасида фаолият бошлагандик, - дейди жамият мулкдори Ойбек Шукуров. - Ўтган йили бизнесимизга яна 2 миллиард сўм инвестиция киритдик. 70 дан ортиқ заманавий тикув дастгоҳлари олдик. Иш ўринлари сони 50 тага етди. Шунга яраша маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортди. Жорий йилда россиялик ҳамкорлар билан 500 минг АҚШ долларилик товар етказиб бериш бўйича шартномамиз бор.
Эришилган натижалар яхши, лекин у билан чегараланиб қолиш ярамайди. Буни тўғри англаган жамият таъсисчилари янги режалар ҳақида ҳам ўйлаб қўйишган. Бинобарин, бизнес қанча кенг қамров касб этса, имкониятлар ҳам шунга мутаносиб ортиб бораверади.
- Чармдан тайёрланган маҳсулотлар бозорда ҳар доим харидоргир бўлади, - дейди Ойбек Шукуров. - Бизда эса шу хомашё асосида сумка, қўлқоп каби буюмлар тикиш имконияти аллақачон мавжуд. Тез орада шу томонлама ҳам ишимизни кенгайтириб, ишчилар сонини 100 нафардан ошириш ҳақида аниқ режаларимиз бор.
Кўриниб турибди, субъект иши аста-секин ривожланиб бораяпти. Бундан жамият мулкдорлари билан бирга унда меҳнат қилиб, рўзғор қилаётган ишчилар ҳам, давлат ҳам манфаатдор - тадбиркор фойда кўради, аҳоли ишли бўлади, ғазнага солиқ тушади...
Ўз мухбиримиз