Меню

Қашқадарё

23.11.2017 2256

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯ, КЕНГ ҚАМРОВЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ

Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан муҳимдир. Ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан мазкур тармоқда фаолият юритаётган хусусий сектор вакилларига мўлжалланган енгиллик ва қулайликлар салмоғи янада ортди. Мисол учун, бу йўналишда иш бошламоқчи бўлган, жой масаласида қийналаётган тадбиркорлар бўш турган давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида олишлари мумкин. Илгари хусусий тиббиёт муассасаларига фақат чекланган миқдордаги хизмат турларини кўрсатишга рухсат этилган бўлса, эндиликда йўналишлар қамрови сезиларли даражада кенгайтирилди. Тадбиркорлик субъектлари муайян имтиёзлардан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Албатта, бу каби юқори эътибор соҳа равнақига кенг шароит ҳозирлаяпти. Аввало мамлакатимизда юқори технологияга асосланган тиббий хизматни йўлга қўйиш истагида бўлган ишбилармонлар кўпаймоқда. Улар ушбу фаолиятни асосан чекка-чекка ҳудудларда ташкил этиш ҳаракатида бўлишмоқда. Яқинда Касби туманида ишга тушган замонавий даволаш ва ташхислаш марказини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. “Касби мадад шифо” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган ушбу муассаса 20 турдаги тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган.

- Фаолиятимиз ривожига йўл очган мазкур ҳужжатнинг биз учун қимматли томони шуки, хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди, - дейди тадбиркорлик субъекти раҳбари Насрулло Худойбердиев. – Бу - самарали ишлаб, катта маблағни тежаб қолишимиз мумкин, дегани. Бизга берилган солиқ имтиёзларидан унумли фойдаланмоқчимиз. Иқтисод қилинган пулларни моддий-техник базамизни янада мустаҳкамлашга сарфлаймиз. Келгусида зарур тиббиёт асбоб-ускуналарини харид қиламиз. Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳамизни муваффақиятли рўёбга чиқариш учун 2 миллиард 300 миллион сўм сармоя йўналтирдик. 136 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилишга эришдик. Ушбу маблағ ҳисобидан марказимизни зарур талаблар асосида жиҳозладик. Чет элдан сўнгги русумдаги даволаш ва ташхислаш аппаратлари олиб келиб ўрнатилди.

Тадбиркорнинг айтишича, аллақачон бир қанча бўлимлар фаолияти бошлаб юборилган. Шунингдек, мажмуадан 34 ўринли стационар даволаш хоналари ҳам жой олган. Айни пайтда марказда 40 нафарга яқин киши меҳнат қилаяпти. Ҳозирда бу ерда унча мураккаб бўлмаган жарроҳлик операцияларини амалга ошириш имкони мавжуд. Муассасада травматология, хирургия, неврология, стоматология ҳамда кардиология каби талаб юқори бўлган йўналишлар ташкил қилинган. Дорихона ҳам шу ернинг ўзида аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Марказ атрофи ободонлаштирилиб, келувчилар учун қулайликлар яратилган. Ишбилармон қўшимча равишда муассасага Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Германия сингари мамлакатларда ишлаб чиқарилган тиббиёт аппаратларини олиб келиш ниятида.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!